ҚАДИМИЙ УДУМ ВА АНЪАНАЛАРГА САДОҚАТ

ҚАДИМИЙ УДУМ ВА АНЪАНАЛАРГА САДОҚАТ

«Ёдгорлик» МЧЖ аъзоларининг кундалик шиори

Шаҳримиз номи шойи газламалар, шоҳи – атлас билан чамбарчас боғланганлиги бежиз эмас. зеро, жуда қадимдан шаҳримизда тайёрланган матолар, айниқса хонатлас ўзининг сержилолиги, ҳарир ва бўёқларнинг ёрқинлиги билан мағриб-у, машриқни лол қолдирган. Ўз даврида дунё бойликларининг ифодаси бўлган бу ипак матолар эса шаҳримизга дунё савдогарлари, қизиқувчан сайёҳлар-меҳмонларни маёқдек чорлаган. Ўтган асрнинг бошларига келиб шаҳримизда ўз услуби, бетакрор усулларига эга атласчилик мактаби тўлиқ шаклланган. Марказий Осиё, Яқин Шарқ мамлакатимизнинг турли ҳудудидан келган тўқувчилар бу ерда атлас тўқиш сирлари, уста косиб ҳунармандлар маҳоратини ўрганиб, малакаларини оширишган.

Шу тариқа атлас атамаси шаҳар номига чамбарчас боғланиб, умуммиллий аҳамият касб этиб, бизнинг кунларимизгача етиб келган. Бунда атлас тўқиш анъаналарини авлоддан-авлодга ўтказиб, янги, бетакрор шойи мато ва атлас нусхаларини яратиб келган минглаб косиб усталар, тўқувчи сулолалар хизмати беқиёс. Бугун ана шу анъаналарни бойитиб, қадимий атлас ва ипак матолар нусхаларини қайта тиклаб, халқимизга тортиқ қилаётган “Ёдгорлик” масъулияти чекланган жамияти том маънода қадимий ва навқирон миллий ҳунармандчилигимиз маскани, замонавий атласчилик мактаби вазифасини ўтаб келмоқда. Шу боис атлас ва миллий ҳунармандчилик билан боғлиқ бирорта тадбирни, шу жумладан истиқлолимиз шарофати билан шаҳримизда анъанавий ўтказиб келинаётган атлас байрамини ҳам жамоамиз маҳсулотларисиз тасаввур қилиш қийин.

Ташкил этилганига яқин қирқ йил бўлаётган “Ёдгорлик” МЧЖ мустақиллик йилларида айниқса тез ривожланди. Жамода меҳнат қилган ва қилаётган усталар, ишчи-хизматчилар саъй-ҳаракатларии билан қадимий ва унутилаёзган беқасам, атлас, адрас, парипошша, банорас, якрўя сингари ипак матолар ишлаб чиқариш қайта тикланди. Ҳозир жамиятда бу матолардан миллий чўпон, адрас нусхали ипак гилам, аёллар учун шарф ва рўмоллар сингари тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Айнан мустақиллик йилларида жамиятга Риштон туманинг Оқер қишлоғи хом ашё етказиб берувчи масканга айланди. Бу эса жамият аъзоларига пилла етиштириш, унга дастлабки ишлов беришдан тортиб, то тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни тўлиқ қамраб олиш имконини берди. Энг муҳими бу жараёнларнинг барчаси қўл меҳнати билан, энг қадимий, самарали, экологик соф усуллар асосида маҳсулот ишлаб чиқариш тўлиқ таъминланди. Қадимий атлас ва ипак газламалар тайёрлаш жараёнлари эса нафақат хорижий, балки маҳаллий сайёҳларни ҳам ўзига жалб қилмоқда. Зеро, жамият бугун шаҳримизнинг жозибали, талаб юқори бўлган туристик марказларидан бирига айланган. Буни ҳар йили жамиятга 10-12 минг нафар хорижий сайёҳлар ташриф буюраётгани ҳам яққол тасдиқлаб турибди. Бу юксак натижаларга жамоа аъзоларининг ўз кучи, маблағи, саъй-ҳаракатлари билан эришилгани алоҳида қайд этиш лозим.

— Жамоамиз аъзолари атласчилик анъаналарини изчил давом эттириб келишмоқда, — дейди жамият раиси Аъзамжон Абдуллаев. – Шу боис анъанавий тўртинчи “Атлас” байрами фестивалига алоҳида тайёргарлик кўрганимиз йўқ. Зеро, биз кундалик, доимий ишимизни чин дилдан, астойдил адо этишга ҳаракат қилаяпмиз, холос. Тўғри, байрам муносабати билан қатор ғоя ва лойиҳаларимиз ҳам йўқ эмас. бироқ бизнинг асосий вазифамиз меҳмонларни муносиб кутиб олиш ва уларга намунали хизмат кўрсатишдан иборат.

Ҳа дарҳақиқат қадимий атласчилик услублари маскани “Ёдгорлик” МЧЖ жамоаси анъанавий атлас байрамини қатор жозибали ғоялар, пухта ҳозирлик билан кутиб олмоқда. Хусусан байрамга бағишлаб Малика Камолиддинова, Салим Юсупов, Абдуҳалил Зокиров, Ғуломназир Ҳолматов сингари жамоа аъзолари “Шалола”, “Малика”, “Лола” сингари янги атлас ва адрас нусхалари яратдилар. Шунингдек, бу йил биринчи маротаба жамоа аъзолари 3-ҳосил пиллани чувиб, бўяб, янги матолар яратиш жараёнларини тўлиқ намойиш қилиш ниятидалар. Учинчи ҳосил пилла маҳсулотлари экспозицияси ҳам байрам кунлари ташкил этилиши белгиланган. Узоқ йиллар давомида жамиятда меҳнат қилиб келаётган Мамадалиевлар ва Юсуповлар тўқувчилар сулоласининг бугунги вакиллари фестивал иштирокчилари учун амалий машғулотлар ташкил этилади. Жамоа аъзолари анъанага айланиб қолган “Девзира” лойиҳаси асосида дастурхон ёзилиб, паловхон тўра тортадилар. Яна бир муҳим янгилик фестивал очилишига жамиятнинг музей биноси қурилиши битказилиб, бу ерда жамоа тарихи, атласчилик анъаналари билан боғлиқ экспонатлар намойиш этилади.

Бир сўз билан айтганда жамият аъзолари “Атлас” фестивалини муносиб меҳнат натижалари, ажойиб янгиликлари билан кутиб олиб, меҳмонларга намунали хизмат кўрсатишларига асло шубҳа йўқ.

 

Муродилло МИРЗАЖОНОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube