КЎҲНА  ВА  БЕТАКРОР САНЪАТ  НАМОЙИШИ

Марғилон деганда беихтиёр киши кўз ўнгида камалак рангларида товланувчи атласу адрасларга бой кўҳна ва бетакрор шаҳар намоён бўлади. Навқирон шаҳарнинг нафис чиройини бутун дунёга машҳур этган хонатласнинг гўзал нусхи кўпларнинг кўнглини ром этгани рост. Бу йил тўртинчи маротаба ўтказилиши режалаштирилаётган анъанавий “Атлас байрами” ҳам айнан қадимий шаҳарнинг миллий ҳунармандчилиги, миллий архитектураси ва миллий маданиятини намойиш қилиш, ёш, иқтидорли дизайнерлар малакасини янада ошириш ва уларни янгича ва замонавий услубда ишлашга ўқиб ўргатиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Айни кунларда эса шаҳримизда байрам муносабати билан тараддуд қизғин. Шаҳар Ҳунар- мандлар уюшмаси раиси, байрам ташкилотчиларидан бири Расулжон Мирзааҳмедов билан фестивал ва унинг ўтказишдан кўзланаётган аниқ мақсад ва вазифлар хусусида суҳбатлашдик.

Мана шу ўтган қисқа фурсат ичида бутун дунё нигоҳини ўзига жалб этган анъанавий “Алас байрами”га шаҳримиз ҳунармандларининг тайёргарликлари қандай?

— ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси томонидан тасдиқланган режага асосан 11-16 сентябр кунлари ўтказилиши режалаштирилаётган “Атлас байрами” фестивали миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш, ҳунармандлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, туризмни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир. Шу сабабли уни кўнгилдагидек ўтказга  астойдил ҳаракат қилаяпмиз.

Жорий йилда фестивал дастури сезиларли равишда кенгайтирилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан ташриф буюрадиган ҳунармандлар ўз маҳоратларини намойиш этадилар. Ёш ҳунармандлар учун таниқли усталар иштирокида анъанавий каштадўзлик, табиий бўяш, либослар дизайни бўйича маҳорат сабоқлари ташкил этилади. Либослар кўргазмасида иштирок этувчи дизайнерларнинг барча матолари эса 100 фоиз шаҳар Ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази томонидан тақдим этилади. Фестивалнинг амалий ўқув машғулотлари шаҳримиздаги ҳунармандчилик марказидан бошланади.

Ўқув семинар тренинги яъни маҳорат сабоқлари ўтказиладиган шинам залда халқимизнинг асл қадриятларини ўзида мужассам этувчи, моҳир тўқувчиларнинг қўли билан яратилган қадимий миллий либослар — аёлларнинг паранжиси-ю чимматидан тортиб, эркакларнинг чопони-ю дўпписигача, ўта дид ва маҳорат билан тўқилган гўзал, бежирим гул нақшли сўзаналар, кашталар, гиламлар беқиёсжозиба, чирой касб этган. Шаҳримиз ва вилоятлардан келган ёш дизайнерларга Мўғулистон, Буюк Британиялик тажрибали тренинглар томонидан 3 кун давомида маҳорат дарслари ташкил этилади.

Ўтган йиллардаги намойишдан бу йилги байрамнинг қандай эътирофли жиҳатлари бор?

— Бу йил биринчи маротаба фестивалнинг 4-5 кунлари кунлари Эркин Воҳидов номидаги “Ижодкорлар боғида” — Буюк ипак йўлидаги Шарқ ва Ғарб маданиятлари алмашинуви: – Ханжчоу – Марғилон – Валенсия” мавзуидаги халқаро илмий анжуман бўлиб ўтади. Мазкур анжуманда ёш дизайнерлар маҳоратли мутахассислардан ноёб ҳунар сирларини ўрганиш билан бир қаторда улардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишлари мумкин. Яна бир қувонарли жиҳати шундаки, жорий йилда Марғилон Миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш марказининг атлас-адрасни тайёрлашдаги илғор тажрибаси Юнесконинг умумжаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. Ушбу номоддий маданий мерос бутун дунё бўйича атиги 5-6 та давлатдагина бор холос, Марказий Осиёда эса ягона ҳисобланади. Фестивалнинг якуний галаконцерт куни рўйхатга муносиб кўрилган ҳунармандчилик марказларига махсус сертификат топширилади. Шунингдек бу йилги байрамда 40га яқин қўшни давлатлардан меҳмонлар ташриф буюриши кутилмоқда.

— Байрам муносабати билан шаҳримиз аҳолиси учун қандай кўнгилочар тадбирлар ўтказилади?

Шаҳримиздаги сўлим “Ижодкорлар боғида” амалий санъат буюмлари ярмаркаси, халқ сайли, миллий либослар намойиши, аския ва катта ашула ижрочиларининг концерт дастури, дорбозлик ва қўғирчоқбозлик томошалари ҳам  ўтказиллиши режалаштирилган. Шуни алоҳида қайд этиб жоизки, фестиваль билан боғлиқ ҳаражатлар И.АКаримов фонди, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи марказий Кенгаши, “Ҳунарманд” уюшмаси, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институти, DVV International Германия ваколатхонаси, Usell ва бошқа ҳомий ташкилотлар томонидан қопланиши кўзда тутилган.

Мазмунли суҳбатингсиз учун ташаккур.

Суҳбатдош: Абдубанноб МАНСУРОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube