ЭРКИНЛИК — ҚОНУН УСТУВОРЛИГИДА

Жиноят ҳақиқати ва адолат!

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигига эришганига 27 йил тўлмоқда. Тарихан қисқа, моҳиятан асрларга татугулик истиқлол йилларида юртимизда дунёвий демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш борасида оламшумул ўзгаришлар амалга оширилиб, мислсиз натижалар қайд этилди. Хусусан, мамлакатимизда барча динлар, шу жумладан, биз учун энг олий қадрият бўлган ислом динининг равнақи, фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний аҳкомларини адо этишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Айниқса, сўнгги йилларда диний қадриятларга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилиб, қатор ижобий амалий чора-тадбирлар кўрилаётганини фақат юртдошларимиз эмас, жаҳон ҳамжамияти ҳам баралла эътироф этмоқда.

Масалан, сўнгги икки йилда юртимизда хаж ва умра зиёратларига бориш тартиби кескин соддалаштирилди, квоталар эса кўпайтирилди. Илк марта Қурони Каримни қироат билан ўқиш, ёддан айтиш, ҳадисшунослик йўналишларида мусобақалар ташкил этилди. Муқаддам диний экстремистик ташкилотлар аъзоси сифатида рўйхатга олинган, шу тоифадаги жиноят содир этган ва жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган
шахслар авф этилди. Диний-маърифий китоблар савдоси, тарғиботини эмин-эркин амалга ошириш имкониятлари яратилди. Энг қувончлиси, республикамизнинг барча ҳудудларида турли йўналишдаги диний билим юртлари, ўқув марказлари ташкил этилди.

Бир сўз билан айтганда, бу демократик янгиланишлар жараёни фуқароларимизга диний қадриятларни тўлиқ, хадик ва шубҳаларсиз амалга оширишга кенг эркинлик берди. Бироқ, минг афсуски, шаҳримизда диний маърифат, қадриятлар борасида тақдим этилган бу эркинликни, нотўғри талқин қилаётган “давлат томонидан рухсат берилди, энди хоҳлаган ишимни қилишим мумкин” деб юрган фуқаролар ҳамон учраб турибди.

Буни жорий йилнинг олти ойида шаҳарда юз берган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари таҳлили ҳам яққол тасдиқланмоқда. Зеро, шаҳарда жиноятчиликни олдини олиш, бартараф этиш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноятчилик яқин уч баробар камайди. Аммо шунга қарамай хотиржамликка асос йўқ. Чунки, шаҳар ҳудудида айрим жиноят турлари ҳали ҳамон юқорилигича қолмоқда. Айниқса, ноқонуний диний сабоқ бериш, шаърий никоҳ ўқиш каби қонун бузиш холлари кўпайиб кетаётгани
ташвишлидир.

Жумладан, ўтган олти ойда ички ишлар ходимлари томонидан Дилбархон Бўрибоева, Сапияхон Узақова, Маърифатхон Неъматуллаева, Хожархон Рустамова, Фазлиддин Азимов, Шермуҳаммад Обиджонов, Муҳаммаджон Пўлатов, Махмуджон Ориповларни 15 нафар фуқаро вояга етмаган 3-17 нафар болаларга ноқонуний диний сабоқ бераётгани аниқланди. Қонун бузиш ҳолатларини содир этган бу фуқароларнинг бирортасини ҳам диний сабоқ беришга ҳуқуқий асослари йўқ. Шу боис, ҳам улар хужра усулида, амалдаги тартибни бузган холда дарс ўтишган. Тўғри, ҳар бир қонун бузиш ҳолати бўйича зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб жазонинг муқаррарлигини таъминлаш чораси кўрилди. Бироқ, айрим қонун бузувчи шахсларга буни тушунтириш осон бўлмади.

Маълумки, инсон қанча ақлли, маърифатли бўлса, унда шунча кўп ҳалоллик, мулойимликни кўрасиз. Аксинча, қаерда жохиллик, муттасиблик мавжуд экан, у ерда қизиққонлик ва жазава устунлик қилади. Бу ҳолат, шаҳарда жиноятчиликни олдини олиш масаласига бағишланган йиғилишда яна бир бор исботини топди. Йиғилишда қонун бузиш ҳолатига йўл қўйган юқоридаги фуқаролар огоҳлантирилганда, уларнинг аксарияти, тўғри тушуниб хатоларини тан олиб, бундай қонун ва ҳуқуқбузарликларга қайта йўл қўймасликларини билдиришди.

Аммо, улардан бири айнан жоҳиллигини намойиш қилиб, жазавага тушиб, мажлис аҳлига ҳам, қонунга ҳам ҳурматсизлигини намойиш қилди. Бироқ, қизиққонлик ёки жазава ҳеч кимни жавобгарликдан соқит қилмайди. Қонун ҳаммага баробар, шундай экан унга итоатда бўлиш, ҳурмат қилиш барчанинг бурчи. Тилга олинган қонун бузувчи ҳам энди буни асло унутмаса керак. Зеро, унга нисбатан ҳам қонуний жазо муқаррарлиги таъминланди.

Яна бир ҳолат ноқонуний шаърий никоҳ ўқиш масаласига ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Зеро, оилалар бузилиши, норасида болалар сарсонлиги ва ниҳоят
кўплаб мулкий можароларга сабаб бўлаётган қонунсиз шаърий никоҳ ўқиш холатлари шаҳримизда хамон учраб турибди. Ўтган олти ойда шаҳримизда бундай қонун бузиш ҳолати 7 нафар фуқаро томонидан содир этилгани қайд этилди. Энг ачинарлиси, бу ҳуқуқбузарлар орасида масжид имом-хатиблари, вакиллари ҳам бор.

Энди қонун бузиш ҳолатларини маҳаллалар кесимида олиб кўрсак, вазият чиндан ҳам оғир экани яққол кўзга ташланади. “Жиноят бўлмади” деган гап, балки, қулоққа яхши эшитилар. Аммо ўтган олти ойда фақат 5 та МФЙ жиноятлар содир этилмади, холос. Демак, қолган 49 та МФЙ ҳудудида жиноятлар қайд этилган. Бу яна қанча чалкаш тақдирлар, кўз-ёшу йўқотишлар деганидир. Бу эса барча маҳалла фуқаролар йиғинилари раҳбарлари, фаолларидан янада фаолликни талаб қилади.

Қиссадан ҳисса шуки, эркинлик бошбодоқлик, ким нима истаса шуни қилиши мумкин дегани эмас. Аксинча, эркинлик бу қонун устуворлигидир. Зеро, қаерда қонун устувор бўлса, жиноятчиликка қарши одамларда муросасиз кайфият шаклланса, ўша ерда нохуш иллатлар камаяди, осойишталик қарор топиб, эзгу ишлар кенг қулоч ёзади. Аҳоли хотиржам ҳаёт кечиради, уларнинг давлатга ишончи ортади. Мамлакатимизда Президентимиз томонидан жиноятчиликни барвақт олдини олиш, халқимизда бундай нохуш ҳолатга нисбатан муросасиз кайфиятни шакллантиришга қаратилган кенг кўламли амалий ишлар олиб бориляпти. Шундай экан, биз одатий қараш ва тутумлардан воз кечиб, шаҳримизда, маҳалламизда содир бўлган ҳар бир жиноятга ўзимиз ва фар-
зандларимиз тақдирига бевосита салбий таъсир кўрсатувчи иллат сифатида қарашни ўрганишимиз зарур. Зеро, шундагина жиноятчиликни туб илдизига болта уруш имкониятига эга бўламиз.

Шавкатжон ДАДАЖОНОВ,

шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи, милиция майори.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube