АНЪАНАВИЙ “АТЛАС” ФЕСТИВАЛИГА МАРҲАБО!

Юнеско ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясининг тадбирлар режасига мувофиқ “Атлас байрами” анъанавий тўртинчи фестивали 11-15 сентябь кунлари шаҳримизда бўлиб ўтади.

Одатдагидек, Фестивал анъанавий маҳорат дарслари билан бошланади. Тренинг машғулотларининг дастлабки асосий мавзулари анъанавий матолардан фойдаланган ҳолда либослар дизайнини яратиш ва анъанавий ҳунармандчиликни ривожлантириш, атлас ва адрасларга безак бериш, ипак матоларга нақш ва гуллар босиш, шунингдек ўтган асрларда юртимизда машҳур бўлган газламалар тарихини ўрганишга бағишланадиган бўлса, якуний машғулотлар давомида эса “Ипак йўли интерфаол харитаси” лойиҳаси доирасида халқаро мутахассислар учрашуви ташкил этилиб, замонавий илғор технологиялардан унумли ва самарали фойдаланиш, миллий маҳсулотларни кенг тарғиб этиш, интернет ёрдамида жаҳон бозорига чиқиш, ноодатий буюмлар яратиш орқали тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига қаратилади.

Шунингдек, амалий машғулотларда жаҳоннинг таниқли мутахассислари турфа кўринишдаги либослар дизайнини яратиш, анъанавий тўқимачилик ва тадбиркорлик бўйича амалий тренинглар ўтказиб, ўз фикр, мулоҳаза ва таклифларини семинар қатнашчилари билан ўртоқлашадилар.

Жорий йилда фестиваль дастури янада кенгайтирилади. Унда мамлакатнинг барча вилоятларидан иштирок этадиган ҳунармандлар ўз маҳоратларини намойиш этиш имкониятига эга бўладилар. Ёш ҳунармандлар учун таниқли усталар иштирокида анъанавий халқ ҳунармандчилиги, либослар дизайни бўйича маҳорат сабоқлари ҳам ташкил этилади.

Фестивалнинг – «Атлас байрами»нинг бадиий, сайл қисми одатдагидан ўзгача, халқ сайли билан шукуҳли бошланади. Шу куни шаҳримизнинг моҳир уста косиблари, ҳунармандлари, тўқувчилари ўзларининг ўта бежирим пойабзаллари, турфа хил буюмлари ҳамда ранго-ранг атласу-шойилари, латиф ва нафис сўзана-ю гўзал ва рангдор гиламлари билан Эркин Ваҳидов номидаги ижодкорлар боғи йўлакларини тўлдирадилар. Байрамда фольклор ансамбллари, халқ ижрочиларининг дастурлари, дорбозлар ва қўғирчоқ театрлари томошалари ҳам намойиш этилади.

Ўз мухбиримиз.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube