БУНЧАЛАР ЖОЗИБАДОР ЖАРАНГЛАР НОМИНГ

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллининг 27 йилилигига

БУНЧАЛАР ЖОЗИБАДОР ЖАРАНГЛАР НОМИНГ

Мустақиллик, тилло тожим, олтин неъматим! Сен қарамликдан қалби инграётган ҳалқим юрагига нур бўлиб индинг, зулмат тумани қоплаган йўлларимизни қуёшдек ёритдинг. Яқин ўтмишда қора қозони ночоргина қайнаётган, қора бўлка нонга турнақатор навбатда турган ҳалқ 27 йил ичида музаффарона йўл босиб ўтди.

Йиллар гулдурос солиб ўта бошлади, минг шукр озорли армонлар ушалиб, ночорлик қудратга,
ишончсизлик ҳайратга айланди. Бугун қалбларимиз харитаси Ўзбекистон билан бошланиб Ўзбекистон билан тугалланур. Аслида ҳаётнинг асл ҳақиқати ҳам ҳар субҳи содиқ ҳароратли она заминимизга ташна лабларимизни босмоқ, мовий, ферузаранг самосига боқиб, қанотларида тинчлик қўшиқларини олиб қайтаётган турналар рақсларини завқла томоша қилмоқ эмасми?!

Минг шукр, Ўзбекистон аталмиш буюк мамлакатим, 33 миллионлик тили, урф-одатлари турфа, бироқ маслаги бир жондош ҳалқим бор. Бугун уларнинг кўнгил осмонида ватаннинг рангдор суврати жилоланиб турур, қалби Ватан деб урур, танида ҳам ватан қуввати, жонида ҳам ватан ҳайрати, қувончида ҳам ватан, ғуссасида ҳам ватан ишқи мужассам! Оламда ҳамма ҳалқлар учун севимли, жон қадар азиз бир ибодат бор, бу эрк ибодатидир. Эркин сўз айтмоқ, эркин яшамоқ саодатидир.Ўзбегим ҳурриятнии боласидек ардоқлаб яшар.

Истиқлол даврида онажон Фарғонам беҳад гўзал чирой очди-ки, ташбеҳига жами жаҳон тилларининг сўзлар карвони етмас. Азим Тошкент манаман деган мамлакатларнинг манаман деган шаҳарлари билан беллаша оладиган маҳобат ва ҳамашаматда ягона шаҳар сифатида довруғ қозонди. Самарқанд чинакам замин сайқалига айланди, ҳар тун само маликалари–осмон юлдузларининг ақиқ лабларидан бўса олгувчи минора-ю мақбаралар, пар булутлар бағрига бош қўйиб ором олар. Бухорои шариф ва Хоразмнинг асрий обидалари қайта тикланиб ўзига хос бетакрор галарея ҳосил қилди. Жиззахнинг жозибадор жамоли кўнглингизни мафтун айлаб, хаёлингизни ўғирласа, Сирдарёнинг сеҳрли қўшиғи дилингиздан тилингизга кўчиб ажиб хиргойига айланур. Сурхондарёнинг сирли, қўхна тоғлари чўққиларга чорласа, Қашқадарёнинг гўзаллик сайёрасига айланган, яшил чечаклару, алвон майсалар билан қопланган воҳалари севинч ва ифтихор бахш этар. Наманганнинг камалакдек рангдор гуллари пойингизга поёндоздек тўшалур, Андижоннинг серфайз, зебо кўчалари бағрига тортиб, нафақат кўзларингизни куйдиргай, балки ақлингиздан ҳам бегона этгай. Навоийнинг нодир неъмати-тилло маъдан машъаладек йўлингизни ёритса, пойи қадамингиздан шодланган улуғ шоир руҳи чунонам нафис назм саройига етаклар. Кўнглингиз тубидан Ватаннинг меҳр қўшиғи фавворадек отилиб чиқаверар…

Бунчалар чиройли жаранглар номинг,

Бунчалар юракка яқинсан Ватан…

Оддийгина оёқларимиз остида ўрмалаб юрувчи чумолида ҳам Ватан бўларкан. Чумолининг уйини сув босса ёхуд бирор фалокат юз бериб уйчасидан ажраб қолса, уни ташлаб кетмай бирга нобуд бўлавераркан. Садоқат туйғусининг ҳатто чумолида ҳам борлиги қалбларимизни айрим Ватан қадрини шу митти жонзот чумоличалик ҳис эта олмайдиган манқуртсифат одамлар қаердан пайдо бўлаяпти, деган оғриқли саволга тутаверади….

ФАРҒОНАНИНГ

ФИРУЗА ОСМОНИ

Фарғонам, Фарғонажоним! Гуллаган гуллар ўлкаси. Яшил либосга бурканган чаманистон. Унинг фируза осмони-ю, зар замини ақлингиз олар даражада гўзал, ҳайратомуз мафтункор. Сеҳрли самосида кундузи қуёш чарақласа, кечалари юлдузлар ғужғон ўйнайди. Гулзорларида рангдор капалаклар гулғунчалар дудоқларига ёпишиб бўса олар, райҳонлар хушбўй иси борлиқни чулғар , созанда қушлар нағмаси тинмас, ҳузурбахш боғларда ғарқ пишган олтинранг, алвонранг, ёқутранг шафтолизорлар, олмазорлар, ўрикзорлар, ғайноли-ю гилослар, кўм-кўк новдалари орасидан мўралаётган оқ дурдек узумзорлар сизни беихтиёр гўзаллик, тароват, нафосат, латофат дунёси сари етаклайди. Қалбингизни ажиб ёқимли, ширин туйғулар чулғайди. Анҳорларнинг гоҳ жилваланиб, гоҳ нозланиб, гоҳ солланиб-солланиб оқаётган зилол сувлари сокин шивирлаб, тинчлик,истиқлол қўшиғини куйлаётгандек мавжланади.

Юртимизнинг беҳад гўзал чиройи, оташ ҳарорати юракларга Ватан ишқини солиб, мисли ошиқдек куйдирар. Унинг оддий, бироқ қиммати қиёссиз тупроғига лаб босиб, ўлмас муҳаббат тафтини туясиз.

27 йил! Шу ўтган тарихан қисқа йиллар ичида улуғвор мақсадлар сари ўз танлаган йўлидан юксалиш, тараққиёт ва равнақ сари дадил одимлаётган озод ўзбекистон бугун дунё ҳамжамиятини ҳайратларга солаётгани рост. Онажон Фарғонамизда қад кўтарган маҳобатли, ғарбона ва шарқона уйғунликда бунёд этилган муҳташам Санъат саройи, номи кўркам қиёфасига монанд “Истиқлол” стадиони, кичкинтойлар қалбига қувонч улашаётган замонавий сузиш хавзаси, шаҳар ҳуснига ҳусн қўшиб кунда кунора саф тортаётган савдо расталари, аҳоли турар жойлари Ватанимиз қудратидан, шуҳратидан сўйлар.

Истиқлол мўъжизаси, ҳур диёр кишиларининг яратувчанлиги, фидойилиги намунаси Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўлининг ишга туширилиши ҳалқ фаровонлигини оширишнинг қудратли омилидир. Бундан 10-15 йил муқаддам асрий тоғ тизмалари орасидаги қорли давондан ҳатто темирйўл қатновини тасаввур қилиш ҳам мушкул эди. Бугун тоғ бағри орасидан 19 километр узунликдаги темир йўл тунелининг фойдаланишга топширилиши чинакам ҳалқ жасорати ва матонатининг бир кўринишидир.

Буюк янгиланиш, улуғ эл бунёдкорлиги сўлим Фарғонанинг шаҳар ва туманларида ҳам шиддатли кечаётир. Ҳар бир туман ва шаҳар марказларида салобат тўкиб турган иқтидорли болалар мусиқа мактаблари, замонавий ва миллий архитектура ютуқлари уйғунлигида қад ростлаган бетакрор ва мафтункор “Бахт уй”лари, кўп қаватли, ҳар томонлама қулай ва шинам аҳоли турар жойлари, ойнаванд, сарбаланд савдо расталари юксалиш ва тараққиёт омилкорлик билан кечаётганлигидан далолатдир.

Аҳён-аҳёнда кўнглимизга қарамлик кишанлари титроқ солиб, ўтган аянчли кунлар ёди юрагимизни эзиб, бугунги шавкатли кунлар шукуҳидан кўзларимиз ёниб, вужудимиз фахру ифтихорга тўлиб, янгиланиш ва ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланаверамиз.

Кеча жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистон давлатининг ўрни ва аҳамияти назарларга тушмаган бўлса, бугун юртимиз дунёда етакчи давлат сифатида эътироф этаётганлиги кўнгилларга нурдек инаверади.

Қалбларига суюк ватан ишқини солиб ,унинг зафарларидан руҳланиб, шавкатидан ғурурланиб, зебо жамолидан шодланиб, зар тупроғини кўзларига тўтиёдек суртиб яшаётган онажон ҳалқим, остонамизда ороланиб турган мустақиллик байрами муборак. Ҳур диёримизда улкан бунёдкорлик, яратувчанлик. Азму шижоат билан меҳнат қилаётган, ёшларига жасорат, ҳалқига омонлик,  дунё ҳалқларига тинчлик, ҳамкорлик ришталарини армуғон этаётган онажон Фарғонам, жонимга жондош элдошларим! Асрларга бўйлаётган, ҳалқига омонлик, дунёга тинчлик қўшиғини, ҳамкорлик, дўстлик ришталарини армуғон этаётган жонажон Ўзбекистон,Фарғонажоним истиқлол байраминг муборак.Илоҳим истиқлолимиз абадий барҳаёт, шукуҳли, серфайз кунларимиз бардавом бўлсин…

Бир тошқин туйғулар қалбимни безар,

Ҳали Ўзбекистон ҳаммадан ўзар.

Онам кўзларида суратинг яшар,

Сени дунёларга бермам она юрт!

Кундан-кунга яшнаб, чирой очаётган улкан шаҳарлар қаторида менинг ҳамиша навқирон Марғилонимнинг ҳам борлиги дилларга ажиб сурур ва ифтихор бағишлайди…

МАРВАРИД

МАРҒИЛОНИМ

МАЛОҲАТИ

Марғилоним! Дунё қадар қўҳна ва зумрад баҳор каби ҳамиша навқирон она диёрим! Ўзинг мўъжазгина бўлсанг-да, сенинг бағрингда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари тоғлардан-да сарбаланд. Истиқлол эпкини майин эсаётган шаҳрим кўчалари бугун беҳад файзли, беҳад тароватли. Унинг зебо келинчакдек тобора чирой очаётган жамоли қалбларга ажиб сурур ва ифтихор бахш этади. Кумушранг фавворалар остида чўмилаётган райҳонлар гулбаргларига шабнамдек қўнган томчилар қуёшнинг заррин нурларида шуълаланиб жило сочади. Марварид томчилар остида қолган райҳонлар ифори тутади борлиқни…

Марғилоним ҳақида сўз кетганда асл сўзини ишлатмаслик мумкин эмас. Чунончи асл ҳунармандлар, асл санъат усталари, асл сўз дарғалари шу муқаддас заминдан етишиб чиққанлар. Ўз касбининг чинакам фидойилари ва устазодалари юртидир бу юрт. Асл ислом фикҳшуноси Бурхониддин Ал Марғилонийдан тортиб, асл хушовоз хонанда Маъмуржон Узоқов, асл моҳир раққоса Тамарахоним, асл маҳоратли сўз устаси Юсуфжон Қизик Шакаржонов каби касб комиллари нафақат мамлакатимиз балки жаҳон маънавияти ва маданиятининг энг порлоқ юлдузларига айланиб, дунёга довруғ солгани ҳаққи рост.

Марғилонимга икки тарафдан кўркам, кўрсангиз кўзингизни қувнатувчи зангор либосли арчазорлар билан безанган боғ орқали қадам ранжида қиласиз. Марғилон–Фарғона йўлида қад ростлаган сўлим Бурҳониддин Марғилоний номидаги дам олиш маж- муаси, Марғилон Олтиариқ йўналишида турфа гулзорлари ва манзарали дарахтлари ила сизни ҳайратга солувчи Ёшлар хиёбони шаҳримизни янада кўрк бағишламоқда. Марғилон-Тошлоқ ва Марғилон-Ёзёвон йўналишлари бошланадиган кенг ва равон йўллар бўйлаб эса турли услубдаги, ўта замонавий, ҳашаматли ва ойнаванд савдо маж- муалари ва бошқа турли иншоатлар саф тортган. Шаҳар марказида аҳолига намунали савдо хизмати кўрсатаётган муҳташам “Макро” мажмуаси, одамларга зиё-маърифат улашаётган Увайсий кинотеатри ва бошқа қатор ташкилот ва муассасалар кун сайин равнақ топаётган юртим жамолини намоён этмоқда.

Кундан-кунга чиройи очилиб, ўзига хос гўзал кўринишда бунёд этилаётган ҳалқнинг севимли шоири Эркин Воҳидов номидаги дилбар боғ эса Марғилонни чинакам водий марваридига айлантирди.

Бўйлари ям-яшил майсалар билан қопланган, шалоладек шарқираб оқаётган Марғилонсой мажнунтолнинг минг кокилларини ювиб, шилдир-шилдир хиргойи бош- лар. Бу чаман бўстонда нафақат зилол сувлар балки қушлар, турфа гуллар ҳам тинчлик, осо-
йишталик қўшиғини куйлар. Кишилар кайфиятидаги кўтаринкилик, истиқлол интиқлиги заминни безар. Қуёш ҳам шодон кулиб боқар ҳар субҳи содиқ…

Шаҳрим кўчалари сокин ва серфайз. Одамлар қалбидан тошар шижоат,
мустақиллик маёғин кўтариб баланд, буюк келажакдан диллар сарафроз!

Сендан

фарзандингга боғ қолсин, эй дўст…

Бетакрор, афсонавий, сўлим ва мафтункор истироҳат боғининг олтинсимон пештоқли, маҳобатли, гулдор ва нақшинкор дарвозасидан кириб боришингиз билан қўлидаги китобу қалами ила хаёлот уммонига шўнғиган, сўз бўстони ичра кезиб, шеъриятнинг дурдона сатрларини битаётгандек ўйга чўмган шоир Эркин Воҳидовнинг мангуликка дахлдор ҳайкалига кўзингиз тушади. Қадамларингиз ўз-ўзидан тезлашиб, шеърият даҳоси ҳузурига ошиқасиз, унинг пойида оҳиста таъзимла бош эгасиз. Шоирнинг ошуфта қалби ҳам мафтункор гулбаҳорнинг сеҳрли васфидан шодликка тўлгандек таассурот қолдиради кишида. Жўшқин туйғулар асирига айланасиз. Беихтиёр ҳассос шоирнинг

Ватандош боғингга бир ниҳол қада,

Бу ниҳол номини яхшилик ата…

Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст,

Боғинг Ватан дея ном олсин, эй дўст… дея кишиларни эзгуликка, гўзалликка ва яратувчанликка ундагувчи олтин сатрлари тилингизга келади…

Боғ атрофини қоплаган кўм-кўк, зангор-яшил майсазорлар беҳад тароватли. Шивирлай-шивирлай сеҳрли қўшиқ куйлаётган оқ қайин, каштан, дуб, лола дарахтлари баҳорий гўзалликка бурканиб, яшил кўйлагини кийиб, алвон, ёқут, пуштиранг исирғалар тақиб, ажиб ҳайратларга солади борлиқни.

Боғ гўзаллигига латофат, ҳуснига эса ҳусн қўшиб турган шарсимон шаклдаги музқаймоқ майдончаси, шоир Эркин Воҳидов номидаги муҳташам музей, вилоят ёзувчилар уюшмаси биноси, ёш ижодкорлар мактаби, мусиқий зал, ҳамда ёш ижодкорлар учун 50 ўринли турар жой (ётоқхона), икки минг кишилик амфитеатр, “Нуроний”лар уйи, унинг ёғочли нақшинкор кўринишдаги миллий айвони, боғ маъмурияти бинолари ёнма-ён саф тортган. Ҳар бир бинонинг ички ва ташқи кўриниши дунёдаги энг кўркам шаҳарлар иншоотларини ҳам ортда қолдирадиган даражада чиройли.

Файзли, ҳузурбахш, кўркам ва хушманзара боғимизнинг жамолига боқиб тўймайди киши. Келгусида бу чаман боғ водийдаги энг гавжум ва севимли масканга айланишига шак-шубҳа йўқ. Ахир у кундан-кунга чирой очиб, сеҳрли, ажиб тароватга тўлиб бормоқда. Ҳали не-не иқтидорли, юраги адабиётга ошно йигит ва қизлар камолга етади бу ерда. Назм наволари тутади унинг мовий самосини.

 Мастурахон САИДМУРОДОВА.

 

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube