Жиноятчиликни жиловлаш, туб моҳиятини излаш 

“Жиноят  ҳақиқати  ва  адолат” 

Жиноятчиликни жиловлаш, туб моҳиятини излаш 

кундалик фаолиятимизнинг асосий шиорига айланмоғи керак

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларни бугунги ҳолати, бу борада Ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши жуда кўп нарсаларни халқимизга очиқ-ошкора, аниқ-равон йўналишда тушунтириб берди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Мажлисда битта масала кўндаланг қилиб қўйилди. Қонун устуворлигини таъминламасдан, жиноятчиликнинг олдини олмасдан халқ ишончини қозониш мумкинми? Албатта йўқ. Чунки Юртбошимиз қайта-қайта такрорлаганларидек халқ ишончини оқлаш, уни рози қилиш давлат сиёсатининг энг олий мезони бўлиб қолмоқда. Бу масалага алоҳида эътибор қаратилиши, барча даражадаги раҳбарлардан қатъий масъулият ва жавобгарлик талаб қилиниши мажлисда бот-бот, қайта-қайта такрорланди.

Масалани бундай кўндаланг қўйилишига ўринли, аниқ сабаблар ҳам бор эди. Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан ҳали ҳам кўп жойларда жиноятчиликнинг туб илдизига етиб борилмаяпти, унинг асл сабаблари ўрганилмаяпти. Маҳаллалар, меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларидаги ўнлаб, юзлаб муҳокамалар номига ташкил қилиниб, расмиятчиликдан нарига ўтилмаётганлиги жуда ўринли таъкидланди. Ахир кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан қасддан одам ўлдириш, оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларининг сони ортса ортаяпдики, асло камайгани йўқ.

Юртбошимиз жон куйдириб таъкидлаганидек: “Ҳамма бирдек енг шимариб, муаммолардан тўлиқ хабардор бўлиб, уларни ҳал этишга кўмаклашган, жиноятчиликнинг барвақт олдини олган ва унинг туб моҳиятини тушунтирганда эди, бугунги аҳвол ва рақамлар умуман бошқача бўларди. Афсуски, жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ҳанузгача эскича ишлаш тизимидан воз кеча олмаяпмиз”.

Бу бугуннинг бор гапи, айни ҳақиқат. Чунки ҳанузгача биз эскича ишлаш амалиётидан тўлиқ воз кеча олмаётганлигимизни йиғилишдаги суҳбатлар, жонли мулоқотлар айнан кўрсатиб берди. Юртбошимиз яна бир муҳим йўналишни ўртага ташлашди. Жиноятчиликни жиловлаш бўйича ташкил қилинаётган янги тизим “Жиноят ҳақиқати ва адолат” деб номланишини эълон қилдилар.

Бу борада оммавий ахборот воситалари фаолияти ҳам жуда ўринли танқид қилинди. Улар жиноий мавзулардаги мақолалар, таҳлилий мавзуларда ҳамон ички цензурадан чиқиб кета олмаётганликлари, бу масалани кўтарсам юқоридагилар нима дейди деб қараб ўтиришади, деганларида айнан ҳақ эдилар.

Чиндан ҳам оммавий ахборот воситалари собиқ иттифоқ даврида бутунлай, ҳозирги кунларда ҳам қисман юқори органлар “назоратида” эди. Маъмурий соҳадаги, жиноий ишлар таҳлил қилинган, баён этилган мақолалар чиқиши билан турли даражадаги идораларда “Бу солиштирма рақамларни қаердан олдингиз, бу мавзуда мақола ёзиш тўғрисида ким билан маслаҳатлашдингиз” деган қўнғироқлар бўлиб турарди. Албатта, бундай қийин қистовлар ижодкорни шаштини бироз қайтаради, ўткир қаламини ўтмас қилиб қўяди. Энди эса мана шундай кўзга кўринмас муаммолар юқоридаги
видеоселектор йиғилишидан сўнг умуман барҳам топди деб баралла айта оламиз. Албатта, оммавий нашрларда янгидан пайдо бўладиган “Жиноят ҳақиқати ва адолат” деб номланадиган рукнлар газетхонларнинг энг севимли, интиқлик билан кутадиган мавзуларидан бирига айланиб қолади.

Шу ўринда яқинда бутун марғилонликларни ларзага солган бир жиноий воқеага тўхталиб ўтмоқчимиз. Маълумки, халқимизда, қолаверса шариятимизда одамнинг жонига қасд қилиш энг оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади. Бу кечмишни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Марғилон шаҳрининг “Роҳат” МФЙда истиқомат қилган М.Мўминов ана шундай қон билан ювиб бўлмас жиноятга қўл урди. Ўз турмуш ўртоғини арзимаган воқеа учун пичоқлаб ташлади. Ҳатто Суриядаги ваҳший одамкушлар қилмаган жиноятни содир этди. Айтишларича, М.Мўминов маҳаллада жамоат ишларига аралашмайдиган, босиқ, камгап одам бўлган. Лекин одамнинг оласи ичида дейишади. Турмуш ўртоғи Н.Мадаминовани кўчада бошқа бир эркак билан бирга келаётганини кўриб, олти жойига пичоқ билан қайта тиклаш имконияти бўлмаган тан жароҳати етказди. Натижада эндигина 26 ёшни қаршилаган, эртанги кунга орзу-умидлар билан қараётган навжувон аёлнинг умри барбод бўлди.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Агар шу воқеа видеоселектордан аввал бўлганида газеталарда бу ҳақда мақол, бера олармидик. Албатта, мавзуни кўтариш учун яна тегишли жойлардан рухсатлар сўраларди, мақоланинг матни кимларгадир ўқитиларди. Эндичи, ана шундай бюрократик тўсиқларга барҳам берилиб, воқеанинг иккинчи куниёқ тафсилотлар “Марғилон ҳақиқати” саҳифаларига олиб чиқилди. Албатта бу Юртбошимизнинг жиноят ҳақиқати ва адолати деган гапларига муносиб жавоб бўлди.

Дарҳақиқат, азалдан оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг энг азалий қадриятлари ўрин топган, Кумушбибидек оқила фарзандни, келинни вояга етказган Марғилонда ҳам нега бундай жиноятлар содир этилаяпти? Бу оғриқли савол чуқур ўйга толдиради. Ўз жонига қасд қилишга бўлган ҳаракатлар ҳам аҳён-аҳёнда бўлса ҳам шаҳримизда содир бўлиб турибди. Балки Хотин-қизлар қўмиталари, “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказлари
фаолиятларини бошқадан йўлга қўйиш лозимлиги айтиб ўтилганида нақадар жон борлигини англаб етамиз. Бу борада аҳолига психиатрия хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш лозимлиги ҳақидаги
фикрлар билдирилди. Чиндан ҳам бу тизим фаолиятига шарқ халқлари менталитетида бошқача назар билан қараларди. Лекин амалий тажрибалар зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш, ҳаётга мослаштириш жуда муҳимлигини кўрсатиб турибди. Йиғилишда таъкидланганидек, аёллар жиноятчилиги билан боғлиқ ҳар бир ҳодисага “Фавқулотда ҳолат сифатида” қарасакгина бу муаммонинг илдизига болта урган бўламиз.

Яна бир оғриқли нуқта ёшлар ўртасидаги жиноятчилик билан боғлиқ. Ҳақли равишда Юртбошимиз бу йўналишдаги жиноятчиликлар ҳам камаймаётганлигини ўринли мисолларда қайд этиб ўтишди. Юртимизда содир бўлаётган ҳар учта жиноятнинг биттасида ёшларнинг қўли борлиги ачинарли, албатта. Айниқса, ўғрилик, фирибгарлик, талончилик, босқинчилик жиноятларига ёшларнин кўплаб аралашиб қолаётганлини ҳеч қандай важ карсон билан оқлаб бўлмайди. Ёшларнинг ягона ғоя, ягона мақсад йўлида жипслашмаётганлиги, таълим-тарбия ва бандликни таъминлашдаги қатор тизимли муаммолар бу қилмишларга асосий сабаб бўлаяпти. Албатта бу борада қабул қилинган “Ёшлар — келажагимиз” давлат дастурини амалга ошириш мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир кишининг кундалик фаолиятига айланмоғи лозим.

Давлатимиз раҳбари бу борадаги ишларга ҳар куни, ҳар дақиқада мурожаат қилиш лозимлигини, тадбирлар қоғозда қолиб кетмаслигини, ҳар бир ҳаракат аниқ натижага қаратилишини қайта-қайта такрорладилар. Бу борада Президентимиз фармойиши билан ташкил этилган жамоатчилик кенгашлари зиммасига ҳам катта масъулият, вазифа юкланди.

Албатта, фуқароларнинг, юртимиз аҳолисининг тинч ва осойишта ҳаётини кафолатлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини ва хавфсизлигини таъминлаш масаласи давлат сиёсатида муҳим ўрин тутиши билан бирга кундалик турмушимизнинг доимий, куну тун фаолият мезонига айлансагина, жиноятчиликка қарши кураш чинаккам халқчил тизимга айланади. Зеро, жиноятчиликнинг катта-кичиги, яхши ёмони бўлмайди. У қачон таг-томири билан завол топса, жамиятнинг инсониятнинг чин ғалабаси сифатида эътироф этилади.

 Набижон СОБИРОВ,

Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube