О, спорт, сен – тинчлик тараққиётисан!

вилоятимизда ва шаҳримизда халқаро миллий жанг санъати спорт турлари фестивали уюшқоқлик билан ўтди

Спорт аллақачон ҳаёт фалсафаси, тана, ирода ва заковат бирлиги, гўзаллигини таъминловчи, уни янада юксалтирувчи омил эканлиги бутун дунёда исботланган. Замонавий спорт асосчиларидан бири Пьер-де Кубертеннинг “Спорт қасидаси”да куйланганидек, спорт бугун маданий ва маънавий қадриятлар манбаига ҳам айланган. Жорий йил 27-29 июль кунлари Бутунжаҳон миллий спорт ассамблеяси томонидан юртимизда, хусусан шаҳримизда ўтказилган миллий жанг санъати спорт турлари халқаро фестивали бунинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

 

Мазкур халқаро анжуманга дунёнинг кўплаб давлатларидан ўз миллий спорт турларини тарғиб этиш, унинг нафосатию – жозибасини намойиш қилиш мақсадида ташриф буюрган делегация вакилларининг шиори: “О, спорт, сен — тинчликсан, сен – биродарликсан, сен – тараққиётсан!” эканлиги ҳам буни тасдиғи бўлди. Шу боис ҳам, барча жойлардаги каби шаҳримизда ҳам бу ҳалқаро маданий ва миллий қадриятлар анжуманига пухта ҳозирлик кўрилди. Аввало шаҳар ҳокимлигида барча дахлдор муассасалар, спортчилар иштирокида фестивалга муносиб тайёргарлик кўриш ва ўтказиш юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказлиб, аниқ чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

Мазкур режа асосида темир йўл вокзалида анжуман иштирокчилари карнай сурнайлар садолари остида тантанали суратда нон-туз билан кутиб олинди. Барча иштирокчи давлатлар рамзлари билан безатилган вокзал майдончасида меҳмонларга миллий либосдаги болалар, ёш спортчилар гулдасталар ва фестивалда мамлакатимиз спортчилари намойиш қиладиган ўзбек қўл жанги миллий спорт туримиз тасвирлари туширилган эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шаҳардаги 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида фестивал иштирокчилари байрамона кутиб олинди. «Ижодкорлар боғи»да ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Фестивал очилишидан олдин ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, халқаро анжуманга бағишланган спорт мусобақалари ташкил этилди. Спорт мактаби мусобақалар залида фестивалнинг очилиш маросимидан сўнг иштирокчи давлатлар миллий спорт турлари бўйича саралаш босқичи намойишини ўтказдилар. Шу тариқа шаҳримизда маданий ва миллий қадриятлар манбаи Бутунжаҳон миллий спорт ассамблеяси ва фестивали иш бошлади. Миллий қадриятлар анжуманига кўплаб ишқибозлар ташриф буюрди. Улар ҳар бир иштирокчи давлат миллий спорт тури намо-
йишини зўр қизиқиш ҳайрат ва ҳаяжон билан кузатиб, қизғин олқишлар билан қарши олдилар.
Фестивал жараёнида Жанубий Корея, Россия, АҚШ, Ҳиндистон, Нидерландия, Исроил, Белоруссия, Молдова, Гана, Жанубий Африка сингари 32 давлат вакиллари ўз миллий жанг санъатларини намойиш қилдилар. Фестивал жараёнида иштирокчи ва ишқибозлар учун кўнгил очар дастурлар, бадиий- ҳаваскорлик дасталари чиқишлари ташкил этилди.

— Мен юртингизга иккинчи бор ташриф буюришим, — дейди Жанубий Корея делегация раҳбари Чё Хёнг. – Аммо, фарғоналик- лар бағрикенглиги, самимияти ва меҳмондўстлиги билан ҳайратимни янада оширишди. Одатда мунтазам бизнинг юртимизда ўтказиладиган ушбу анжуманни бу йил Ўзбекистонга – вилоятингизга ишониб топширгандик. Улар ишончимизни аъло даражада оқлашди. Фестивалга жуда пухта тайёргарлик кўрилганини барча иштирокчи давлатлар делегацияси аъзолари қайд этишди. Улар фарғоналиклардан, сўзсиз, Сизнинг ҳамшаҳарларингиздан ҳам бехад хушнуд ва миннатдорлар. Бунинг учун ўзбек халқига, барча ташкилотчиларга катта раҳмат.

Кореялик мутахассисининг фикрини спорт ва кико ишқибозларига яхши таниш, гонконглик машҳур кинорежиссёр Ванг Хо ҳам тасдиқлади!

— Ўзбекистон барча соҳалар қатори спорт салоҳияти билан ҳам бутун дунё аҳлини лол қолдирмоқда. Юртингизда яратилаётган спорт инфратузилмаси, кўркам, замонавий спорт иншоотлари, айниқса ўзбек спортчиларининг халқаро майдондаги мисл-сиз натижалари барча мутахассисларнинг диққатини ўзига жалб қилмоқда. Фарғонадаги миллий жанг санъати турлари халқаро фестивали бунинг яна бир тасдиғи бўлди. Хусусан, шахсан мен бу фестивалда олам-олам ижобий таассуротлар билан қайтяпман. Айниқса, ўзбек жанг санъати ўзининг шарқона фалсафаси, ахлоқ нормалари билан ҳайратимни янада оширди, менга ижобий илҳом бағишлади. Насиб қилса, келгусида Бутунжаҳон миллий спорт турлари ассамблеяси билан ҳамкорликни кучайтириб, фестивалда намойиш қилинган миллий спорт турлари, жумладан ўзбек жанг санъати ҳақида ҳам янги-янги бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиб, уларни бутун дунёга таништиришга ҳаракат қиламан.

Миллий спорт турлари фестивали фақат меҳмонлар эмас, мезбонларга ҳам беҳад манзур бўлди. Хусусан, спорт фахрийси, ҳамшаҳримиз Исмоилжон Исақов бу анжуман ҳақида қўйидаги фикрларни изҳор қилди:

— Бундай йирик ва нуфузли халқаро спорт фес- тивалининг вилоятимизда ташкил этилгани бежиз эмас, албатта. Зеро, юртимиз, хусусан шаҳримиз миллий жанг санъатимиз вакиллари айниқса, ёш спортчиларимиз халқаро турнирларда бунга муносиб эканлигимизни мунтазам исботлаб келмоқдалар. Муҳими, бу анжуман яна юзлаб, минглаб болаларда спортга меҳр, иштиёқ уйғотди. Буни
фестивал намойишларини кузатиб борган юзлаб болалар кўзларидан уқиб олиш қийин эмас. Шундай экан бундай нуфузли спорт анжуманини ташкилотчиларига беҳад миннатдорлик билдириб, шаҳримизда яна ана шундай таъсирчан, жозибали баҳслар, турнирлар, мусобақалар уюштиришларида куч-ғайрат, омад тилаб қоламан.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, халқаро миллий спорт турлари анжумани шаҳримизда зўр уюшқоқлик билан байрамона рухда ташкил этилди. Барча фестивал намойишларидан сўнг, халқаро анжуманнинг расмий ёпилиш маросими ўтказилди. Анжуман ғолиблари, сов- риндорлари тақдирланди. Фестивал ниҳоясида эса қатнашчи спортчилар иштирокида кўнгил очар дастурлар намойиш этилди.

Муродилло МИРЗАЖОНОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube