Ёш шахматчининг ишончли ғалабаси

Жорий йилнинг 1-12 июл кунлари Грузиянинг Батуми шаҳрида бўлиб ўтган “Batumi municipalitu cup-2018” нуфузли халқаро очиқ шахмат турнирида ўзбек қизи қандай имкониятларга эга эканлигини яна бир бора намоён этди. Ўз тарихида тўртинчи бор ўтказилган Батуми фестивалида 10та давлатдан 37 нафар шаҳматчи-спортчилар ўзаро беллашдилар.

Улар орасида шаҳримиздаги 10-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Робияхон Сардорова ҳам бор. Муросасиз кечган баҳслардан сўнг у C Open мусобақасида 6,5 очко билан умумий қатнашчилар орасида 5, аёл шаҳматчилар ўртасида эса фахрли 1-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

Тўққиз ёшидан буён спортнинг бу йўналишига меҳр қўйган Робияхон ҳозирги кунда шаҳардаги 2-БЎСМда малакали тренирлар Адҳамжон Эминов, Алишер Рустамовлардан шаҳмат сирларини пухта ўзлаштириб келмоқда.

— Ўтказилган мазкур мусобоқада илдам дона сураётган қўшни давлатлардан келган чинакам иқтидор эгаларини кўриб, рости аввалига ғалаба қозонишга бўлган шубҳа билан қарадим, — дейди турнир ғолиби Робияхон Сардорова.  — Бироқ муваффақиятга бўлган юксак ишончим ва ҳаракатларим зое кетмади. Ғолиблик шоҳсупасига кўтарилаётганимда ортимда мени кафтида кўтариб турган жонажон юртим, ота-онам, ва меҳрибон она халқимнинг қайноқ тафтини ҳис этдим. Ватаним байроғини кўкларга кўтаришдан чексиз бахтиёр эдим. Эришган бу ютуғимда устозларимнинг ўрни беқиёс. Ўз ўрнида уларга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман.

Ҳали ёш бўлишига қарамай нуфузли халқаро турнирларда юқори ўринларни қўлга киритиб келаётган Робияхоннинг яқин келажакда осмонлардек чексиз, улкан орзулари рўёбга чиқишига тилакдошмиз. Ғалаба муборак!

 

Муроджон  ДАДАБОЕВ,

шаҳар ҳокимлиги Жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube