ФОЖЕАНИНГ ИЛДИЗИ ҚАЕРДА?

Бу фоний дунёда Ҳазрати инсонга Яратгандан ато этилган икки бебаҳо неъмат бор – ақл ва кўнгил. Ақл одамзотни ҳайвоний ҳирс ва ҳаракатлардан тийиб, уни оқиллик сари етакласа, кўнгил ғазаб отига минган вужудни ўзининг бироз юмшоқлиги, босиқлиги билан охири вой бўлган ноҳуш ҳодисалардан асрайди.

Орамизда шундай инсонлар борки, ҳатто чумолига ҳам озор бермоқликни гуноҳ деб билади. Тўғрида, пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса кейин бировга. Бироқ “билаги кучга тўлган” ҳамшаҳримиз М.Мўминов қасддан содир этган оғир жиноятда ожизага қарата нақд 6 марта пичоқ урган. Муборак ҳадиси шарифда бир мўмин кишининг бош- қа бир мўминга ҳатто тил орқали ноўрин сўз ила азоб етказиши ҳам катта гуноҳ ҳисобланади, дейилган. Ғазаб отига минган, телба туйғуларга эрк берган М.Мўминов эса етти ёт бегона эмас умид билан бир ёстиққа бош қўйган, эндигина 26 ёшни қаршилаган рафиқасига “суяги йўқ тил” у ёқда турсин қаҳр қаловида ўткирланган пичоқ орқали “зарб бериб” унинг гулдек умрига зомин бўлди.

Ўзингиз ўйланг, кутилмаганда бармоғимизга ботган тиканнинг заҳридан бутун жисмимиз қанчалик азоб чекади. Тикан эмас, нақд ўткир тиғли пичоқ зарбига дош беролмай бу фоний дунёни тарк этган навжувон аёлнинг ёш умрига ким ачинади?

Куни кеча шаҳримиздаги “Роҳат” МФЙда “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” шиори остида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам айнан мана шу оғриқли масала муҳокама этилди. Ўз ўрнида ҳақли савол туғилади: Жиноят содир этиб бўлинди-ку? Маҳалла, оиланинг кўзи қаёқда эди? Тўғри ҳар бир фуқаронинг ортидан изма-из юриб, ҳар сонияда унинг ҳатти-ҳаракатларини кузатиб бориш жамоатчиликнинг иши эмас. Бироқ, аҳоли ўртасида бу борада тушунтириш-тарғибот ишларини мунтазам олиб бориш, қолаверса хонадонма-хонадон юриб, фуқароларни ножўя ҳатти-ҳаракатлар содир этишнинг оғир оқибатлари билан яқиндан таништириш аҳли-маҳалланинг иши.

Ўтказилган тадбирда ҳам айнан мана шу оғриқли саволларга жавоб ахтарилди. Унда сўз олган шаҳар прокурори ёрдамчиси Ш.Қундузов, “Роҳат” маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори Қ.Нурматов, шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари
Ё.Мадраҳимов, “Робияхожиона” жомеъ масжиди имом хатиби М.Самиевлар содир этилган жиноят юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар. Маълум бўлишича, бундан икки ой муқаддам марҳума Н.Мадаминова қайнонасининг “турткиси” билан турмуш ўртоғидан “шаръий” жавоб олиб ота уйига аразлаб кетган. Таассуфки, келинлар билан ҳеч муросаси чиқишмайдиган “ўжар” қайнона ўғлига аввал ҳам икки нафар келинига “жавобини” бердиришга улгурган. Қайнонанинг бундай «қилмиши» ҳақида бўлажак келинни огоҳлантиришади. Лекин отасиз ўсган қиз қайин отани ота дейман дея рози бўлади. Оилада комил фарзанд ўстириб, уни элга қўшиш, ҳаётнинг ҳар қандай тўсиқлари, яхши, ёмон кунларига сабр қилиб яшаш, метин ирода билан курашишни дилбандига ўргатиш ота-онага ҳам қарз ҳам фарз ҳисобланади. Ҳаётга ўта енгиллик билан назар ташлайдиган бундай бефарқ қайноналарнинг эса фарзанди тугул ўзининг ҳам хулқи тарбияга муҳтож.

М.Мўминовнинг собиқ рафиқасига нисбатан умуман “шаръий” ҳаққи қолмаган бўлсада, бироқ кўнгли ҳам қолмаган эди. Шу сабабли уни тез-тез кўришга бориб турарди. Бир куни нима бўлдию хотинини
бошқа бир эркак ёнида кўрган М.Мўминов “меники бўлмаган бировга ҳам насиб қилмайди” деган жазавада жаҳл отига миниб, Н.Мадаминовага қасддан нақд олти марта пичоқ санчди. Оқибатда оғир тан жароҳати олган аёл хушига келмай вафот этади.

Ота уйида юзи ерга қараб, минг истиҳола билан ҳаётнинг аччиқ кунларини бошидан кечираётган марҳума Н.Мадаминованинг қисматига битилган бундай аччиқ якун кимнинг ҳам хаёлига келибди дейсиз. Ўртада жондан азиз дилбандини 26 ёшга киргизиб уни ўзганинг қўлига ишониб топширган бечора ота-оналарнинг кўзи ёши дарёларга туташди. Қўлимиздан нима ҳам келарди, умри шу ергача экан, деган овунишлар билан ўзимизни четга олишимиз эса биз жамоатчилик вакилларининг бефарқлигидан далолат бўлиб қолмайдими? Шундай экан, огоҳ бўлайлик! Девор-дармиён қўшнимиз, маҳалладошимиз, умуман юртдошларимизнинг ҳаётига барчамиз бирдек
масъуллигимизни асло унутмайлик!

Муҳтарам Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев раислигида шу йилнинг 27 июль куни жиноятчиликни барвақт олдини олиш борасидаги ишларни бугунги ҳолати, бу борада Ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида «Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва аҳоли билан тўғридан-тўғри ишлайдиган бошқа ташкилотлар, ҳокимликлар, ички ишлар бўлимларида ёшлар бўйича ўринбосар лавозими жорий этилди. Лекин жиноят содир бўлганда уларнинг фаоллиги кўзга ташланмаяпти. Жойлардаги масъуллар жиноят
бўйича муҳокамаларни ўзлари ташкиллаштириши ва сабабларини аниқлаши, оммавий ахборот воситаларида бевосита чиқиб маълумот бериши даркор. Шундагина ҳар бир жиноятнинг илдизигача етиб бориш мумкин бўлади. Акс ҳолда, ҳамма жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш ўрнига унинг оқибатлари билан овора бўлиб қолаверади» дея алоҳида таъкидлашган эди. Мана шу гаплар фаолиятимизнинг асосий йўналиши бўлиб қолиши лозим.

Турғунбой НИШОНОВ,

шаҳар “Нуроний” жамғармаси раиси, Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши раисининг ўринбосари.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube