ҚАЛБИМ  ҚАДРДОНИ, ЖОНИМ  МАЛҲАМИ

Фахрия

ҚУЁШ КЎЧАР БАҒРИМГА

Ассалом, эй бағри қуёшдан-да ҳароратли, қадр-қиммати азим, пурвиқор тоғлардан-да сарбаланд, тугали йўқ осмонлардан-да юксак, 27 ёшни қаршилаётган Ота Маконим! Кўксига ифтихор байроғини қадаб, қаршингга ошиқаётган фарзандинг – бахтиёр она шукронасини қабул эт.

Ватан! Номингни тилга олсам юрагимга қуёш кўчади, тилимдан қўшиқ учади. Икки қўлим бургутникидан-да кучлироқ қанотларга айланиб самоларни қучади. Оҳ онамдек мўътабар Ватаним сен бизга нафақат жон балки, адоқсиз куч-қудрат ҳам ато этасан!

Не тонгки, сенинг янги узилган қайноқ нондек бағрингда ҳатто қуёш ҳам ҳалимлик билан юмшоқ нур сочади. Унинг заррин нурлари аввал ипакдек майин, маликалардан-да малоҳатли юзларингни силайди, сўнгра яшил дов-дарахтлар ила беркинмачоқ ўйнаб, тўлиб-тошиб, қўшиқ куйлаб оқаётган зилол сувларингда сувратланиб олтиндек ялтирайди.

Ота маконим! Не бахтки, бу кун ҳам бағрингда туриб, бағрингни соғинаяпман.

Мўъжазгина тупроғингни кафтимга олсам, жамолингдан кўзим қамашади. Рўйи заминингда борлиқ кулаяпти. Икки юзи лолақизғалдоғдек қип-қизариб, алвон тусга кирган олмалар, шафтолию, ўрик, гилос, оличазорлар меваларини кўтара олмай бошларини мажнунтолдек эгиб олган. Хушбўй ифори димоғингизни ёргувчи шакарпалак қовун — тарвузлар тоти новвотни-да ортда қолдиргуси. Боғларимизда тўкин-сочинлик, жаннат таровати, ОБОДЛИК НАШИДАСИ..

Муаззам далаларингда шаббода қанотида рақс тушиб, олтин денгиздек чайқалаётган ҳар бошоғи тўлиқ, донлари нўхатдек бўлиқ буғдойзор ястаниб ётибди.

Чаман, оппоқ пахтазорлар оқкўл устига макон қурган парвозга шай минглаб оққушлардек ажиб чирой оғушида. Ҳосили қучоғига сиғмаётган буғдойзор, пахтазорлар кўнглимизда умид, эртанги кунга ишонч чироғини ловуллатиб, элимизни ободлик ва фаровонлик манзилларига чорлайди.

Эй қадри улуғвор, қиймати қиёссиз Ота Маконим! Қадринг улуғворлиги, жозибаси шунда-ки, сенинг оташ бағринг дунёни ҳайратларга солган, шарқ оламининг буюк дахолари Ал Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Хожиб,Аҳмад Югнакий, Абу Наср Фаробий, Маҳмуд Замахшарий, Бурхониддин Марғиноний, Алишер Навоий, З. М. Бобур, Увайсий, Нодирабегим каби буюк зотларга бешик бўлган. Зотан яна минг йиллардан буён аждодларимиз, бобокалонларимизнинг табаррук хоки сенинг тупроғинг ичинда мужжасам. Кўксингга бош қўйсам, уларнинг сеҳрли меҳрини туяман. Бу кун уларнинг илоҳий севинч кўз ёшлари ОЗОДлик ва ОБОДликка юз тутган юртим узра ёмғир бўлиб ёғилаётир, чечак бўлиб очилаётир.

Донишманд ота-боболаримиздан, зукко, оқила момоларимиздан мерос бўлиб қолган улкан бой маънавий хазина йўлимизни йўлчи юлдуздек ёритиб, камолот сари ундайди. Уларни кўз қорачиғидек асраб, авлодларга қолдирмоқ бахти онгу шууримизни эгаллайди. Замона беназир устозодаларининг муборак кўллари билан яратилган, осмон билан сирлашаётган қадим миноралар асрлар садосидан сабоқ бераётир.

Ҳар бир шаҳару қишлоқларда олиб борилаётган ободончилик, бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари, пастқам, кўримсиз бинолар ўрнида қад кўтараётган муҳташам иншоатлар қалбимизни ифтихорга тўлдиради.

Яқинда хорижлик бир сайёҳ аёлнинг бозор расталарини тўлдириб турган, марғилонлик моҳир нонвойлар ёпган қаймоқли ширмой нонни бир тишлаб, бошини сарак-сарак қилиб: “жудда чирайли, жудда ширин, онам, онамга олиб кетаман!”, — дея кўзларига тўтиёдек суртиб, сумкасига авайлаб солиб қўяётганини кўриб, кўзларимга ёш келди.

ИСТИҚЛОЛ – ҚИЁССИЗСАН, БЕҚИЁССАН, БЕБАҲОСАН

Ота маконим, минг шукр бугун бағринг бутун, бошинг адл, озодлик ва ҳурлик нашидасидан хушбахтсан. Истиқлол пойингга меҳрдан, эркдан поёндоз тўшамоқда. Қалбларимиз тўла ғурур ва ифтихор ила интиқ кутаётганимиз таваллуд айёминг, навқирон 27 ёшинг муборак бўлсин! Истиқлолим. Сен билаклари кучга тўлган, тоғни бир зарб билан талқон қила оладиган, дарёлар ўзанини буришга қодир, афсонавий куч-
қудратга эга, пахлавон, енгилмас, норғул йигитга ўхшайсан. Зеро сен миллионлаб алп йигитлар томирларида жўшиб турган қайноқ қони, гуппиллаб ураётган ўтли юрагисан. Сен аждодларимиз орзу қилган, элим қалбида порлаб турган мангулик маёғисан.

Ватан, Озодлик,Эрк, Истиқлол. Сенга замон шоирлари қиёс, қиймат изладилар. Бироқ топаолмадилар. Сенинг қаршингда беҳисоб сўз лашкарлари-ю, тиғи қиличдан-да кескир қаламлар хам ожиздир. Билки, сен қиёссизсан, беқиёссан, бебаҳосан. Сенинг қадрингни тутқунликда, хорликда яшаган эл билур. Сен халқимизга энг ҳаётбахш қудрат – Озодлик туҳфа этдинг, ўз эрки билан яшаш ҳуқуқини бердинг. 27 йилки, заҳматкаш, эрксевар халқим озодлик, ҳурлик нашидасини сурмоқда. Қалби, вужуди Мустақил диёрга муҳаббат, бунёдкорлик, яратувчанлик ишқи билан ёнмоқда. Кундан-кунга яшнаб, тўлин ойдек чирой очиб бораётган шаҳар ва қишлоқлар жахон ахлини ҳайратга солаётир. Халқим ҳар жабҳада юксалиб, зафар қучмоқда.

Зеро, Истиқлол Ватан қучоғида камол топгай, комиллик касб этиб боргай. Истиқлол Ватанга, Ватан эса Истиқлолга паноҳдир. Бу эгиз қудрат, қўшқанотларни бир-бирларидан ажратиб бўлмас.

Ватан … Ота макон … Она Юрт…Аждодлар ошиёни, Авлодлар камол топадиган муқаддас тупроқ…

Ватан… Сиртидан қаралса, оддийгина, тоғу тошлар, азим дарёлар, қора тупроқ, дов-дарахтлар каби моддиятлардан иборат бир борлиқ.Одамлар учун бошпана. Бироқ, аслида-чи!

Барчага аён оддий бир ҳақиқат. Инсон зоти дунёга йиғлаб келади. Ёруғ оламни кўрганидан ҳайратданми, ҳасратданми зўр бериб, чинқираб-чинқираб йиғлайди. Она вужудидан ажралган гўдакнинг бир томчи киндик қони уни кўтариб турган заминга тўкилади ва тупроққа қоришади. Гўдак қони сингиган қоришиқ тупроқ унинг Ватанига айланади. Зеро шу аснода шу муқаддас, азиз тупроқ тафти инсон юрагидан тоабад жой олади.

АЛЛОМАЛАР ОЛТИН БЕШИГИ

Шу боис унинг бағридан бир кун узоқроқда бўлсак, Зуҳрога ошиққан Тоҳирдек, онасига талпинган бола-ю, эркка интилган тутқундек Ватанга ошиқамиз. Дунёнинг энг гўзал, таърифига калому сўз ожиз улкан шаҳарлар ҳам буткул мафтункорлиги билан бизни тутиб тура олмайди. Шу эмасми Ватан тупроғи билан қоришик жонимизнинг безовталиги!

Аслида Ҳазрат Бобурмирзони буюкликка бошлаган туйғулар унга имкон бермаган, беадад юрт соғинчи эмасмиди! Унинг дард, айрилик, армон тўла ғазалларини ўқир эканман, шоир юрагига оловдек туташган беимкон соғинч менинг юрагимга ўтади. Ўз-ўзидан кўзларимдан ёш қуюлаверади. Шоҳона либосда, маҳзун қиёфада чорасиз ўтирган Бобурнинг сурати кўз олдимда гавдаланаверади.

Беихтиёр уни Андижон боғларида от чоптириб юрган масрур ҳолатда тасаввур қилиб таскин топаман.

Халқимизнинг ардоқли, суюк шоири Муҳаммад Юсуф она Ватанга бағишланган бир шеърида: “…уч кунда соғинсам нима қилайин”, -дея нидо қилади. Ўзга юртларда жисму жони ором топмай юртга қайтади. Зотан, шоирнинг соғинч тўла, кўнгилга яқин, ўлмас мисралари бежиз халқимиз қалби тўридан жой олган эмас. Зотан, ҳар бир юраги уриб турган кишининг қалбида Ватан туйғуси, Ватанга муҳаббати муаззам дарахтдек гуллаб ётибди. Шу боис элдошларим бу шеърни кўзларига суртиб ўқийди, такрор-такрор ўқийди, кўзларидан ёш сизиб ўқийди, кўшиқ қилиб хиргойи қилади. Бу шеър ҳамиша ҳар бир ўзбекистонликнинг қалбига туташган муҳаббат жаранги бўлиб садо бераверади.

Маълумки, она, аёл зоти учун фарзандидан азизроқ нарса йўқ. Шу боис бўлса керак, она дилбанди учун ширин жонидан кечишга доимо тайёр.Жасоратли Тўмарис ёлғизгина ўғлини – авлодининг давомчисини ўз жонидан ортиқ кўрсада, фарзанд доғидек энг азобли қийноққа дучор бўлсада чидайди, зил-замбил юкни кўтаради. Ватан туйғуси оналик меҳру муҳаббатидан устунлик қилади. Қасос ўтида ёнган она душман лашкарларини ўз қонига ботиради, уларни янчиб ташлайди.

Оддий чўпон Широқ қалбидаги Ватанга муҳаббати туфайли саҳрода жонини тикади. Минглаб ёв аскарларига бир ўзи бас келади. У жисмоний оғриқни заррача ҳис килмай, ҳеч иккиланмасдан қулоғи ва бурнини кесади. Қулоғи ва бурни кесилган, юзларидан қон оқаётган кишини, кўз олдингизга келтиринг – а, қандай аянчли. Бироқ у нафақат юз-кўзи, балки бутун вужудини хатарга
қўйиб, она юртини, муқаддас туп- роғини ёвларнинг манфур оёқлари остида топталишидан асраб қолади. Юртини ёвга беришдан ўлимни афзал билади. Мўъжизакор илоҳий қудрат соҳиби шайх Нажмиддин Кубронинг тириги тугул, ўлиги ҳам душманга қаршилик кўрсатади. Бир ҳамла билан ёв туғини қўлга киритган шайх Кубронинг қўлидан ўнлаб мўғул аскарлари ёпирилиб ҳам байроқларини ололмайдилар. Аламига чидай олмаган босқинчилар унинг метиндек бармоқларини бирма-бир кесиб, туғларини ажратиб оладилар.

Шеркелбат Жалолиддин Мангубердининг жасурлиги Чингизхон юрагига қўрқув солади. У узоқ йиллар давомида оромидан кечиб, паҳлавон Жалолиддин Мангубердини таъқиб қилиб яшашга мажбур бўлади. Жалолиддин жанг майдонида бўрондек пайдо бўлар, ёв аскарларини тутдек тўкиб ташлар, уларни даҳшатга соларди.

Аждодларимиз буюк Амир Темур, Муқанна, Широқ, Маҳмуд Таробий, Инолчиқ Баҳодир, Дукчи Эшон каби юрт учун жонини берган ватанпарварларнинг ўлмас жасорати, қахрамонлигининг ўзи бир китоб, авлодлар учун ибрат мактаби. Шунинг учун асрлар ўтса-да уларнинг табаррук номи ўчмайди, халқ орасида асло унутилмайди.

Мозийга назар ташласак, Ватанимиз ўтган минг йиллар давомида босқинчилар асорати остида қолганлигини, халқнинг бойликлари вайрон қилиниб таланганлигининг гувоҳи бўламиз. Аммо ота мерос, она мерос юртимизни энг ашаддий босқинчи ҳам туяга ортиб олиб кета олмади. Чунки бу муқаддас гўша бизнинг аждодларимиз макони, киндик қонимиз тўкилган қоришиқ тупроқ. У меники, сизники, барчамизники. Уни бировларга беришга, ёвлар оёғи остида топталишига йўл қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

ВАТАН – ЮРАКДАГИ ЖАВОҲИР

Мусаффо осмон остида осуда ҳаёт кечираётганимизга, бешикларда гўдакларимиз ҳотиржам ором олаётганлигига, тандирдан узилган иссиқ нонлар дастурхонимизни безаб турганига, шу жаннатмакон юртда туғилиб, тўйиб-тўйиб нафас олаётганлигимизга шукрона келтирайлик.

Ватан меҳри, Ўзлик каби муқаддас туйғуларни ҳис эта олмасликдан, беватанлигу ватанфурушликдан Яратганнинг ўзи асрасин! Одамизот учун энг ёмон жазо, энг ёмон кўргулик, энг ёмон қисмат беватанлигу, Ватанфурушликдир. Сен борсанки, кўрар кўзларим равшан, айтар сўзларим бийрон, қадду-қоматим шамшод, одимларим шиддатли. Чунки ортимда азим тоғлардан-да мустаҳкам таянганим, ишонганим, суянганим сен борсан Ватан. Сендан айро тушар кунни сўрамасман Худодан.

Жилвакорим, юрагимнинг кошонаси,

Қадр –орим ифтихорим Ватанжон,

Ўзбегимнинг ярақлаган пешонаси,

Сендан айро тушар бўлсам, чиқар жон!

Зеро, Ватан юракдаги жавоҳирдир. У барча қалбларда тоабад жилоланиб турсин! Жон қадар азиз Ватанни Озод кўрмак улуғ бахт. Унинг қадрига етмоқ эса донишмандликдир.

Истиқлолим! Аждодларимнинг, элдошларимнинг асрий орзуси ушалган муқаддас кун! Бунгача эҳ-ҳе нималар кечмади, бу қадим тупроқнинг азим шаҳарлар-ю латиф мавосида. Кўҳна Туронзамин асрлар давомида босқинчилар истилосидан беҳисоб жабр кўрди, хўрланди, бегуноҳ одамлар қони дарё-дарё бўлиб оқди. Босқинчилар зулмидан эллар йиғлади, гўдаклар чинқиради, оналар фарёд чекди, дарёлар тўлғонди, кўм-кўк водийлар чексиз саҳрога айланди, тупроқ титради, эл-улуснинг аччиқ-аччиқ кўз ёшлари тинмади. Ва ниҳоят, Юрт ва Дунё майдонида қарамлик ва озодлик курашининг якуний манзараси намоён бўлди. 1991 йилнинг 1 сентябрь тонгида Ватан тарихи олдида буюк бир ҳикмат, буюк бир ҳақиқат, буюк бир адолат тантана қилди. Бутун Ўзбекистон бўйлаб кун бўйи мустақилликнинг улуғвор садолари тинмади. Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллиги тўғрисидаги хабар ҳаётимизни нурлантириб юборди.

Марҳум Президентимиз И.А.Каримовнинг кўнгилларга жуда-жуда яқин, қисқа, қудратли сўзларидан юраклар ҳапқиради, кўзларда севинч ёшлари қалқди,гўдаклар жилмайди. Зеро, Истиқлол Ватаннинг буюк ва ёрқин келажак сари одимлаётган мазмундор йўли, изланиш- лари, енгажак машаққатлари ва бунёдкорлигидир. Саҳрони бўстонга айлантирувчи қўли гул, меҳнаткаш, танти, эрксевар ўзбек халқи ҳамиша бу йўлда йўлчи юлдуз бўлиб қолаверади .

Тарихан қисқа, мазмунан жуда бой мустақиллик йилларида улуғ бобомерос мамлакатимизда оламшумул ишлар амалга оширилди. Ғанимларнинг боши қуйи эгилди. Ватанимиз кундан-кунга гўзаллашиб, жамол очиб бораётир. Юртимизда миллий тикланиш, давлат барқарорлиги, улкан иқтисодий ва маънавий юксалиш ўз натижасини бераётир. Мамлакатда буюк жараён Истиқлол бунёдкорлиги шиддатли кечаётир.

Толе бизга шундай саодатли кунлар ила, Ислом КАРИМОВ ҳамда Шавкат МИРЗИЁЕВдек собитқадам, фикрдор Йўлбошчилар ато этдики, уларнинг танлаган ойдин йўли мамлакатимиз шавкатини тобора ошираётир.

… Жаҳон айвонида очликдан нобуд бўлаётган гўдаклар, ярим юзини ўқ ялаб ўтган, шоҳлари синган олмалар, осмонга потраб вахшат билан ўзини ураётган қушлар, заминнинг бағрини ўйиб вулқондек отилаётган портлагичлар, кўзларида кўрқув қотган одамлар… Бу нохуш манзаралар бизни ҳамиша огоҳ ва хушёр бўлиб яшашга ундайди. Надоматларким, зулмат маҳв этган у маконларда олмалар пишмайди, қушлар сайрамайди. Болалар кулмайди… Улар йиғлайдилар. Эрта хазон бўладилар. Тўфондек осмон юзини қоплаган қора- кўкиш тутун қуёш нурини тўсиб, эли кун ва тунни идрок эта олмайдилар…

НУРАФШОН ЙЎЛ, САОДАТЛИ МАНЗИЛ

Биз ўтмиши ҳам, келажаги ҳам буюк халқмиз. Ўтмишимизнинг буюклиги бутун дунёга машҳур. Келажагимизнинг буюклиги эса Президентимизнинг фикри ёди, ҳамиша эътиборида бўлган баркамол авлод қўлида. Мустақиллик масъулиятини ўз жисми жонида ардоқлаган элдошларим халқ билан бирга, одил юртбошимиз бошлаган қутлуғ ва нурафшон йўлда унга ҳамрохдирлар. Бу йўл Ватанимиз ҳудудларида қудратли иқтисодиёт, юксак маънавият ва кучли инсонпарвар сиёсат барпо этиш йўлидир. Истиқлол бунёдкорлиги жаҳон тарақкий этган давлатлари сафида Ватанимизнинг асл қаддини намойиш этаётир.

Истиқлолим, сен буюксан, сен азизсан, сен муқаддассан, сен абадийсан.

Сен бизнинг ардоғимиз, кўзимиз қорасисан. Сен жон қадар ширинсан Истиқлол! Муборак 27 ёшинг қутлуғ бўлсин. Сенга боқийлик тилайман. Асрлардан асрларга камол топиб боравер.

Қўлингни бер, ташна кўксимга босай,

Истиқлолим интиқ жонимга мадор.

Меҳринг туйиб, шодон кўзимни очай,

Ахир сен онамсан, меҳрибон бедор.

Зеро, бу кун муқаддас Ватан тақдири, Мен, Сиз, Бизнинг қўлимизда. Бу порлоқ, муборак ва ойдин йўлда собитқадам бўлайлик!

Ҳур бағрингда булбуллар сайроқ,

Қалб бағрингга талпинар муштоқ,

Мангу дилбар баҳорларга боқ,

Гуллайвер, мустақил Чаманим!

Қадрингни қалбимда қучоқлаб, қимматингни қиёсин топмай, ифтихордан оламга сиғмай, талпиняпман бағрингга муштоқ, озод юртим юраги уйғоқ, Сен буюксан манзили порлоқ!

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube