БИР  МАРТАЛИК УМУМДАВЛАТ  АКЦИЯСИ

Фармон ва ижро: хабарингиз борми?

БИР  МАРТАЛИК УМУМДАВЛАТ  АКЦИЯСИ

аҳолига бюрократик тўсиқларсиз, ортиқча

сансалорликсиз мулк ҳуқуқини тиклаш имконини беради…

Маълумки, жорий йил 1 январдан эътиборан тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг шаҳар (туман) Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказига айлантирилган эди.

Ўтган қисқа даврда бизнинг шаҳар давлат хизматлари марказимиз жисмоний ва юридик шахсларга “Ягона дарча” тамойили асосида малакали ахборот ҳамда маслаҳат ёрдамлари кўрсатиш, давлат хизматлари сервисининг юқори сифати, тезкорлиги, шаффофлиги, қулай ва самарали фойдаланиш имкониятини таъминлаш, тўрачилик, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик, ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатишда идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қонун ҳужжатлари, маъмурий регламентлар талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш сингари зиммамизга юкланган вазифаларни адо этиш учун бор имконият ва куч-ғайратни сафарбар этмоқда. Таъкид этиш жоизки, тизимдаги бу ўзгариш давлатимиз раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоясининг амалий ифодаси бўлди. Энг муҳими, бу йўналишда изчил ўзгаришлар, дадил амалий янгиланишлари жараёни давом этмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Рес- публикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги Фармони бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. Тан олиш керакки, узоқ вақт давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмай қурилган турар-жойлар билан боғлиқ мулкий, ҳуқуқий, молиявий муаммолар тўпланиб қолган ва улар турли ноқулайликлар келтириб чиқараётган эди.

Албатта рухсатномасиз қурилган бўлсада бундай турар-жойга мулкий эгалик ҳуқуқини тиклаш аҳолининг ортиқча сарсонлиги, энг ёмони ҳақли эътирози ва норизолигига сабаб бўлаётганди. Шу жиҳатдан олганда юқоридаги фармон ўз вақтида қабул қилингани, ўта долзарб муаммолар ечимини бюрократик тўсиқларсиз, ортиқча сансалорликларсиз ҳал этиш имкониятини яратгани ва ниҳоят фуқароларнинг ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Зеро, ўтган қисқа фурсатда мазкур халқчил фармон ижроси юзасидан аниқ амалий ишлар бажарилди. Биринчи нав- батда фармон ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди ва бу қарорга асосан кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш республика, вилоятлар, шаҳар (туман) комиссиялари ташкил этилиб, уларнинг таркиблари тасдиқланди.

Ҳозирда бу комиссиялар томонидан зиммаларига юклатилган вазифани адо этиш учун изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисидаги Низом қабул қилинди. Бу Низом жисмоний шахсларнинг қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартибини белгилайди. Ушбу низом талаблари кўп қаватли уйларга ва уларга туташиб кетган ер участкаларига ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга, нотурар жойларга нисбатан тадбиқ этилмайди.

Низомга мувофиқ фуқаро ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун иморат жойлашган ҳудуддаги Давлат хизматлари маркази орқали шаҳар (туман) ҳокимининг номига белгиланган шаклда ариза билан мурожаат қилиши зарур. Мурожаат этувчи аризасига фуқаролик паспорти нусҳаси, оила аъзолари ҳақида ҳамда ер участкасига эгалик қилган муддатлари, иморат қурилган вақт тўғрисида МФЙ маълумотномасини илова қилади. Мурожаат этувчидан бошқа маълумотлар ёки ҳужжатларни талаб этиш таъқиқланади.

Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича республика, вилоятлар, туман (шаҳар) комиссияларининг фаолияти юқоридаги қарорга қатъий риоя этган ҳолда ташкил этилади. Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссияларининг ишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш уч поғонали (республика – вилоят – туман (шаҳар) тамойили асосида амалга оширилади.

Шаҳар комиссияси бир марталик акция доирасида кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш учун тақдим этилган мурожаатларни кўриб чиқиб, унинг натижалари бўйича тегишли хулоса беради. Бунда мурожаатларни кўриб чиқишда комиссия аъзолари тегишли кўчмас мулк объектини жойига чиққан ҳолда ўрганади. Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этишга тўсқинлик қилаётган ҳолатлар ва бошқа камчиликларни бартараф этиш бўйича мурожаат этувчига зарур тавсиялар бериб, йўл-йўриқ кўрсатади.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари фармони асосида ўтказилаётган ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси энг аввало фуқаролар манфаатини кўзлайди. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг турар-жойига нисбатан мулкий ҳуқуқини ҳеч қандай бюрократик тўсиқларсиз, ортиқча сансалорликларсиз тезда қонуний тиклаб олишига хизмат қилади. Фақат шуни унутмаслик керакки, бу акция бир марталик бўлиб, 2019 йилнинг 1 майига қадар давом этади. Демак, бу имкониятдан фойдаланиш учун шошилиш лозим. Шундай экан, бир марталик акция доирасида ўзбошимчалик билан қурган кўчмас мулкига нисбатан мулкий ҳуқуқини тиклаш ҳар бир фуқаронинг ўзига боғлиқ.

 

Аҳаджон ҚОДИРОВ,

шаҳар Давлат хизматлар маркази директори.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube