ҲОКИМ ВА ЁШЛАР

учрашуви чинакам амалий мулоқот, ўзаро ишонч, ўзаро ҳурмат машваратига айланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, умуман ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган «Ёшлар – келажагимиз» Давлат дастури тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш юзасидан шаҳримиздаги “Маданият уйи” мажлислар залида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Мадаминович ҒАНИЕВнинг  ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Унда шаҳар ҳокимлик вакиллари, шаҳар Ички ишлар, Молия бўлими,
Республика Маънавият- маърифат маркази шаҳар кенгаши бўлими ходимлари, умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва ёшлар етакчилари ҳамда шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан ташриф буюрган аҳоли вакиллари иштирок этди.

Учрашувда шаҳримиз, шунингдек қўшни Ёзёвон ҳамда Қўштепа туманидан ташриф буюрган ўзининг овози, эртанги ёруғ келажак сари аниқ мақсади бор бўлган кўзида нур, юрагида ғайрат-шижоат жўш урган бир қатор фаол ёшлар вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевга ўзларини қийнаётган муаммолар, қизиқтираётган саволлар билан мурожаат этдилар.

Мурожаатлар мазмунида асосан бугунги кунда мамлакатимизда энг асосий масалалардан бири бўлган ёшлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежларини тамомлаб ўз бизнес лойиҳалари ва ташаббусларини юзага чиқариш истагида юрган тадбиркор, ҳунарманд ёшларнинг таклиф ва тавсиялари илгари сурилди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён қилиш, уларнинг фуқаролик жавобгарлигини ва олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида юртимизда улкан ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга, шунинг- дек, шу асосда ёшлар бандлигини таъминлашга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар ҳам йўқ эмас.

Очиқ мулоқотда айнан мана шу масалаларга атрофлича тўхталиб ўтилди. Хусусан, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан берилиши кўрсатиб ўтилган имтиёзли кредит олиш, ўз хусусий тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагида юрган ҳамда йўлга қўйган нотурар жойларда фаолият кўрсатаётган ёш тадбиркорларга ер-жой ажратиш масалалари муҳокама этилди.

— Шаҳардаги “Туягум” маҳалла фуқаролар йиғинида кичик тадбиркорлик ишимни йўлга қўйиб, бугунги кунда 10 нафар ишчи ўрни яратдим, -дея сўз бошлади учрашувда ёш ҳунарманд-тадбиркор Гулзодахон Баҳодирхонова. –Асосан болалар ва катталар кийим-кечакларини ишлаб чиқарамиз. Айни кунларда нотурар жойда ўз фаолиятимизни олиб бормоқдамиз. Ҳунармандчилигимизни янада ривожлантиришимиз учун бизларга бино масаласида ёрдам берсангиз.

Очиқ мулоқотда Гулзодахон сингари муаммоли масала билан мурожаат қилган яна кўплаб ёш-ҳунармандларга ёрдам бериш масаласи мутасадди ташкилот ходимларига юклатилди.

Орамизда “Ўн нафар ишсиз аҳоли вакилларини доимий иш билан таъминлаганни мен бошимда кўтараман”, деб жон куйдириб гапирган муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг даъватларига “лаббай” деб жавоб бераётган ёш якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам кам эмас. Очиқ мулоқотда вилоят ҳокими Шуҳрат Мадаминович бугунги кунда 10 нафар эмас, нақд 4000 га яқин ишсиз аҳолини доимий иш билан таъминлаган Қўштепа туманида қизғин иш олиб бораётган “Исмоилжон гиламлари” хусусий корхонаси фаолиятини алоҳида эътироф этиб ўтди. Қувонарлиси, яқин кунларда корхонада яна 1000 нафар қўшимча ишчи ўрни яратилади.

Ишбилармон, уддабурон тадбиркорларнинг бу эзгу саъй-ҳаракатлари замирида ёшларнинг бўш вақтларини самарали ўтказиш, уларни аниқ бир касбу-корнинг эгаси бў- лишларини таъминлашдек улуғвор мақсадлар мужассам.

Зеро, Муҳтарам Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда “Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш мамлакатни барқарор ва илдам ривожлантиришнинг энг муҳим шартидир”.

 

Абдубанноб МАНСУРОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube