ОИЛА ЧИНАКАМ БАХТ БЕКАТИ БЎЛСИН

Никоҳ тўйи. Шу куни икки ёш оила аталмиш муқаддас салтанатга қадам қўяди. Уларнинг ширин орзулари рўёбга чиқади. Йигит ва қиз келин-куёв мақомига эришиб, қўшқанотли оққушлар сингари ҳаёт парвозига шайланади.

Надоматларким, ҳамиша ҳам умидлар ижобат бўлавермайди. Баъзи ҳолларда не-не орзу умидлар билан бунёд этилган оила қўрғони парчаланиб, ажрим деган бало эрни хотиндан, гулдек фаразандни отаси ёки онаси меҳридан мосуво этади. Бузилган оилалар исканжасида ота-ёки меҳридан бебаҳра қолган, ўксик дил билан улғаяётган фарзандлар ва уларнинг изтиробга тўла кунлари қолади.

Зеро, оила бозор эмас, келин ёки куёв ёқмаса, дарҳол алмаштириб бошқасини олиб келгани. Шу боис оила қуришда шошма-шошарлик панд беради. Шошилинч барпо этилган оила пойдевори бирмунча номустаҳкам ва ишончсиз бўлиб, арзимаган майда-чуйда сабаблар туфайли дарз кетиш эҳтимоли кучли бўлади.

Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида шаҳар ФХДЁсида 97 та никоҳ бекор қилинганлиги қайд этилган. Бу рақамни ўтган йили никоҳи ажрим қилинган 132 та оила билан солиштирсак ажралиш бироз камайгандек кўринади. Ўртадаги тафовут, 35та! Бироқ, минг афсуски, шаҳримиздаги «Тоғлиқ», «Пичоқчи», «Тут таги», «Ватан», «Роҳат» ва «Туягум» МФЙлар мутасаддиларининг суст фаолият кўрсатганликлари боис ярашиш йўлини тутмасдан аксинча ажрашиб кетаётган оилалар сони кўпайди. Бундан ташқари, таҳлил ва текширув натижалари шуни кўрсатмоқдаки, 54 та МФЙларда истиқомат қилаётган 128 та оила шаръий никоҳ асосида турмуш кечирмоқда. Ноқонуний никоҳ эса аёл ҳақ–ҳуқуқларини поймол этиб, унинг имкониятларини чеклаб қўймоқда.

Шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, Маҳалла жамоат фонди ҳамда Ички ишлар бўлими ҳамкорлигида олиб борилаётган профилактик тадбирларда ноқонуний никоҳ ўқиб, қонунсиз оилаларнинг вужудга келишига имкон туғдираётган А. Муҳаммадиев, Н.Аминов каби имомларнинг ҳатти ҳаракатларига қонуний чек қўйилди.

Масъул мутасаддиларнинг ўз вазифаларига совуққонлиги ҳамда ўз вақтида зарурий чораларни кўрмаганликлари сабабли ажрашган аёллар болалари билан бошпанасиз қолиб, азият чекмоқдалар. Оила қариндошлар ўртасидаги меҳр-оқибат ришталари билан чамбарчас боғланади. Агар шу ришталар мустаҳкам бўлмаса оталар ва оналар, акалар ва сингиллар, оталар билан ўғиллар ўртасида келишмовчилик келиб чиқаверади. Ш. Адилованинг ота-онаси фарзандлари катта бўлгач арзимаган сабаб билан ажрашиб кетишади. Онасиз улғайган қиз ўз акаси билан муроса қила олмайди. Ака-сингил ўртасидаги азалий низо эса чуқурлашиб, Ш.А. ўз акасига қасд қилиб ўзини тўртинчи қаватдан ташлаб юборади. Бироқ, қизнинг соғлига путур етмайди. Йил ўтиб у Самарқанд вилоятига турмушга чиқиб кетади. Ш.А. бир нафар фарзандли бўлгач, турмуши бузилиб яна Марғилонга қайтиб келади. Бироқ уйига қайтиб киргани акасидан қўрқиб, ёзёвонлик бир кишига иккинчи хотин бўлиб турмушга чиқиб кетади. Иккинчи турмуши ҳам бузилиб кетгач, уй-жойсиз қолиб, ҳозирда ҳар кимникидан яшаб юрибди…

С.Холмуродова 18 ёшда. Унинг ота-онаси жуда кичиклигидаёқ ажрашиб, Россия давлатига ишлаш учун кетишган. Қирғизистон Республикасида яъни онасининг онасиникида катта бўлган қиз йиллар ўтиб шаҳримиздаги ота уйига қайтиб келган. Ҳозир у қиз ҳам доимий турар жойга муҳтож.

Шунингдек Д. Саидова, О. Жўрабоеваларнинг ҳам оиласи бузилиб, уч нафар фар- зандлари билан уй-жойсиз кўчада қолганлар.

Инсонга ҳаётда тўғри яшаш, ўзаро меҳр –оқибат кўрсатиш учун ақл-идрок берилган. Кимнингдир жонига қасд қилиш гуноҳларнинг энг оғири ҳисобланади. “Роҳат” МФЙсида яшаган М. Мўминов аввал ҳам 2 марта турмуш қурган. Оилавий келишмовчиликлар туфайли қонуний ажрашиб, 3 марта Н.М. уйланган. Бироқ, қайнона яъни куёвнинг онаси уларга тинчлик бермаган. Икки ёш алоҳида яшамоқчи бўлиб, кўп қаватли уйларга чиқиб кетишган, бироқ ижара пулини тўлай олмагач, яна ажралишиб, келин ўз уйида яшай бошлаган. 23 июль куни кундуз соат 14.30 ларда у хотини ишлаётган Пайнет дўконига келиб, бесабаб уни пичоқлаб ўлдирган…

Бундай нохуш воқеалар ёш оилалар тақдирига асло бефарқ бўлмасликни, МФЙлардаги яраштириш комиссиялари фаолиятини янада жонлантиришни, ишимизда кескин бурилиш ясашни тақозо этади.

Яна бир карра маҳалла фаоллари, отинойилар, ота- оналарга мурожаат этмоқчиман. Сизнинг катта ҳаётий тажрибангиз, ибратли умр йўлингиз бор. Ёш оилаларнинг дарз кетиши оқибатида тирик етимлик тамғаси босилаётган норасида гўдакларнинг уволидан қўрқинг. Агар келин бироз нўноқроқ бўлса сабр қилинг йил ўтиб у сизнинг чаққон ва эпчил кўмакчингизга айланади. Ахир донишманд халқимиз «Чумчуқни-да уйи бузилмасин» дейишади-ку. Унутманг ёмонлик жаҳолатга, эзгулик саодатга элтади. Саодат йўлини танланг азизлар! Бежиз оилага жамият кўрки ва таянчи дея юксак баҳо бермайдилар. Оилангиз қўрғони пўлатдек мустаҳкам бўлсин.

 

Дилноза ЭРГАШЕВА,

шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube