АҲОЛИ БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ

ЎзЛиДеП шаҳар кенгаши, партия депутатлик гуруҳи ва “Маҳалла” жамғармаси шаҳар кенгашининг сайёр қабуллари муаммоларни жойида ўрганиб, хал этишга хизмат қилмоқда.

Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш ва уларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсадига айланди. Бу жараёнда сиёсий партия ва оммавий ҳаракатлар, депутатлик гуруҳлари ҳам тобора фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал Демократик Партияси шаҳар кенгашининг фаолиятида аҳоли билан мулоқот унинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш, фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мавжуд камчиликларни бартараф этишда ҳар томонлама мададкор бўлиш устувор аҳамият касб этмоқда. Партия шаҳар кенгаши шаҳар “Маҳалла” жамғармаси билан ҳамкорликда “Тошлоқ тепа” МФЙда ташкил этган сайёр қабул буни яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Очиқ, юзма-юз мулоқот шаклида ташкил этилган сайёр қабулда ЎзЛиДеП вилоят ва шаҳар кенгашлари депутатлари, аппарат ходимлари, шаҳар мутассади ташкилотлари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этишди. Сайёр қабулни партиянинг шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари О.Ахматшоев қисқача кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг, ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими мудираси М.Махаметова, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Д.Эргашева, шаҳар Кенгаши депутати А.Жўрабоевлар сўзга чиқиб, ўтказилаётган тадбир мазмун-моҳияти, мақсади тўғрисида атрофлича тушунтириш беришди. Тадбир иштирокчиларини шахсий ва маҳалладаги ижтимоий муаммолар ҳақида дадил мурожаат қилишга чорладилар.

Ўз навбатида тадбир иштирокчилари давлатимиз раҳбари ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан жойларда одамларни эртага эмас бугун бахтли, фаровон яшашлари учун кўрсатилаётган ғамхўрликлар учун миннатдорчилик изҳор қилдилар, ўзларини ўйлантираётган муаммолар, қийнаётган камчиликларни ўртага ташладилар. Жумладан, фуқаролардан Иродахон Асқарова, маҳаллага 3-4 ойлаб суюлтирилган газ балонлари етказиб берилмаётгани, Акрам Хонбоев маҳалла ҳудудидаги электр трансформатор тез-тез ёниб кетаётгани, Раҳмонали Тош- темиров ҳудудидаги ариқлар сувсизликдан қуриб, ифлосланиб ётгани, бошқалар ичимлик суви таъминоти аянчли аҳволда эканлиги, ёшларни иш билан таъминлаш зарурати ҳақида куйиниш гапирдилар.

Энг муҳими фуқароларнинг юқоридаги масалалар бўйича мурожаатлари муттассади ташкилотлар — “Водийгазтаъминот” УК идораси мутахассиси Музаффар Акбаров, шаҳар электр тармоқлари мутахассиси Рустамбек Мамажонов, шаҳар Ободонлаштириш бош- қармаси мутахассиси Ф.Султоновлар иштирокида кўриб чиқилиб, жойида ҳал этилди. Бундан ташқари шаҳар кенгаши депутатлари М.Мирахмедов, А.Жўрабоевлар фуқаролар томонидан кўтарилган муаммолар ечимини топишга, зарур бўлса хомийлик ёрдами ташкил этишга кўмаклашиш- ларини билдиришди. Маҳалла ҳудудидаги “Асл ипак гиламлар” МЧЖ раҳбари Шавкат Нигматуллаев ёш, ишсиз қизларни жамиятга доимий ишга таклиф қилди.

Қисқа қилиб айтганда, сайёр қабул жараёнида муаммолар жойида ўрганилиб, аксарияти хал этилди. Муҳими юзма-юз мулоқот ҳар икки томон учун манфаатли ўтди. Зеро, бу мулоқот таянч марказида фақатгина одамлар билан учрашиш, уларни эшитишгина эмас, балки одамларни рози қилиш улар ишончига эришиш мақсади мужассам эди.

М.ҲАБИБ.

Таҳририятдан: Ушбу мулоқот жараёнига “Чароғон” МФЙ ҳам таклиф этилган эди. Минг афсуски, маҳалла фуқаролари манфаатига хизмат қилувчи бу тадбирдан чароғонликлар четда қолишди. Афтидан МФЙ раҳбарлари ўз фуқароларини мазкур тадбирдан хабардор ҳам қилмаган кўринади. Ваҳоланки, “Чароғон”да қўшни маҳаллага нисбатан муаммо ва камчиликлар кўп бўлса кўпки, асло оз эмас. Бунинг устига таклиф қилинганига қарамай маҳалла фуқаролар йиғинининг на раҳбари, на бирон бир вакили бу тадбирда иштирок этишни ўзига лозим кўрмади.

Биргина шу фактнинг ўзи “Чароғон” МФЙ раҳбарлари ўз ҳудудларидаги аҳоли муаммоларига уларни ўйлантираётган, қийнаётган камчиликларга панжа орасидан қараб келаётганликларини кўрсатиб турибди. Зеро,
кейинги вақтларда маҳалла аҳлининг фуқаролар йиғини раҳбарлик фаолиятидан норозилиги бежиз кучайиб бормаяпти. Бугун энди бундай ишлаб бўлмайди. Мақсад одамларнинг муносиб ҳаётини таъминлаш экан, бу масъулиятга сафарбар этилганлар жамоат ишига виждонан ёндошиши керак. Маҳалладаги муаммолар, камчиликлар ечимига бағишланган тадбирга маҳалла фуқароларлар йиғини раҳбарларининг муносабатини бошқача баҳолаш, изоҳлашнинг ҳожати ҳам йўқ!

Шундай экан, шаҳар ҳокимлиги, «Маҳалла» жамғармаси шаҳар кенгаши мутассадиларидан “Чароғон” МФЙ раҳбарларининг ислоҳотларнинг устувор йўналиши вазифаларига бундай бефарқ муносабати юзасидан жавоб кутиб қоламиз.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube