СОХТА САБОҚ СИРЛАРИ

Мамлакатимизда инсон эрки ва унинг ҳуқуқлари олий қадрият даражасига кўтарилган. 7 ёшга тўлган ҳар бир ўғил-қиз давлат мактабларида дунёвий таълим олишга ҳақли. Улуғвор ва муқаддас, дунё демократик тамойилларига асосланган Конституциямизнинг 31-моддасида эса диний билимлар ҳеч кимга мажбуран сингдирилмайди, ҳар ким ҳоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки эътиқод қилмасик ҳуқуқига эга эканлиги кафолатлаб қўйилган..

Бироқ, шаҳримизнинг “Қиргули” МФЙ, Мотирудий кўчаси 25 уйда яшовчи, 1980 йилда туғилган Рахмонова Муяссархон Абдусатаровна, Узун ҳовуз МФЙ, Мустақиллик кўчаси 225 хонадонда яшовчи 1960 йилда туғилган Узақова Сапия Рахимовна, Туягум МФЙ, Қадрият кўчасида яшовчи, 1961 йилда тугилган Рустамова Хожархон Номанжонова диний билим беришга махсус рухсатномаси ҳамда етарли диний билими бўлмаса ҳам, қонунга хилоф равишда вояга етмаган қизларга диний сабоқ бериб, амалдаги давлат қонунларини бузишган.

Фарғона Давлат Университетининг “Адабиётшунослик” гуруҳи томонидан берилган “Суд-адабиётшунослик экспертизаси”нинг хулосаларига кўра, ҳар уч холатда ҳам Ўзбекистон Республикаси давлат тузумини амалдаги қонунчиликка хилоф равишда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олиш ёки тайинлаб қўйилган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёҳуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини бузишга очиқдан-очиқ даъват қилувчи чақириқ ва фикрлар мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилган. Бундан ташқари, мазкур материалларда миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида, миллий шан-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки дахрийлигига қараб, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган, шунингдек уларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш, ёҳуд уларга афзалликлар бериш каби маълумотлар мавжуд эмаслиги, бирор бир диний оқим, ташкилот ёки жамоат бирлашмасига мансуб эмаслиги, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилмаганлиги, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват қиладиган, ёҳуд аҳоли орасида ваҳима кўтаришга қаратилмаганлиги, фаолияти тақиқланган жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар тузиш, уларнинг фаолиятида қатнашиш, ёки қатнашишга ундаш ҳақидаги даъватлар йўқлиги сабабли мазкур материаллар тақиқланган материаллар сирасига кирмаслиги аниқланган.

Ҳуқуқбузар судда қилмишларига иқрор ва пушаймон бўлиб, қўшни қизларга диний сабоқ бераётганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинганлигини, аслида ўзининг махсус диний маълумоти ва диний сабоқ бериш учун рухсатномаси ҳам йўқлигини, ҳозирда содир этган ҳаракатлари ноқонуний эканлигини тушуниб етганликлари, бу ҳолат бошқа қайтарилмаслигини баён этиб, суд маъмуриятидан ўзига енгиллик беришларини сўради.

Суд, дастлабки суриштирув органи томонидан ҳуқуқбузарлар М.Рахманова, С.Узақова, Х.Рустамоваларнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 241-моддаси билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблайди, чунки улар махсус диний маълумоти ва диний сабоқ бериш учун рухсатномаси бўлмасада, диний сабоқ берганлар.

Суд, М.Рахманова, С.Узақова ҳамда Х.Рустамоваларга жазо тайинлашда, қилмишига иқрор ва пушаймонлигини, аёллигини, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган тавсифномани, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаганлигини, оилавий шароитини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, уларга нисбатан МЖтКнинг 241-моддаси санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жарима жазосини тайинлади.

Ҳуқуқбузарларга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 241-моддаси билан ушбу Кодекснинг 33-моддасини қўллаб, энг кам иш ҳақининг 1 (бир) баравари миқдорида, яъни 172.240 (бир юз етмиш икки минг икки юз қирқ) сўм жарима жазоси тайинланди.

Аслида билим олишнинг ёмон жиҳатлари йўқ. Бироқ ҳар ким ҳам ўз яшаш уйида ўзи ҳоҳлаганича ёшларга пала-партиш диний сабоқ беришга ҳақли эмас. Диний билим диний таълим муассасалари, мадрасаларда ўқитилади. Зеро, ҳар бир давлатнинг ўз ички ва ташқи тартиб қоидалари, қонунлари мавжуд . Унга бўйсунмай амал қилмаганлар эса пушаймонлик ўтида қоврилади… Давлат ҳуқуқ тартибот идоралари сохта сабоқ бераётган «отинойи»-
ларнинг яширин сирларини фош этиб, уларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига қонуний чек қўйди.

А.ШЕРАЛИЕВ,

шаҳар Маъмурий судининг раиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube