ИСТИҚБОЛ ЭГАЛАРИГА КЕНГ ЙЎЛ

Ёшлар ҳар қандай жамиятнинг келажагини белгилаб берувчи жуда катта ижтимоий ва иқтисодий кучдир. Қайси юртда ёшлар келажагига алоҳида эътибор қаратилса, ўша ерда улкан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, маънавий-маърифий юксалиш амалга ошади. Ёшлари тарбияланган, билимдон, ишбилармон, ўз мустақил фикрига эга, ташаббускор юртнинг келажаги ҳамиша гуллаб-яшнайди.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 27 июнь куни қабул қилган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони айнан ана шу ЭЗГУ мақсадни ўзида ифода этган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Мазкур Фармонда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга, шунингдек, шу асосда ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилган. Юртбошимиз Фармонда жойларда бунга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар ҳанузгача сақланиб қолганлигига танқидий фикр билдирар экан жумладан шундай дейди:

“…ёшлар тадбиркорлигини комплекс ривожлантириш ва ёшларни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга фаол жалб қилиш бўйича жойларда мақсадли дастурлар амалга оширилмаяпти ҳамда зарур инфратузилма яратилмаган, бу эса янги иш ўринлари яратишнинг энг муҳим шарти ҳисобланади.

Жойларда давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари ёшларнинг тадбиркорлик саводхонлигини оширишга, уларга бизнес ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини сингдиришга ҳали ҳам бефарқ ва бепарво муносабатда бўлмоқда”.

Дарҳақиқат, Фармонда тилга олиб ўтилган камчиликлар, яъни ёшларга оид Давлат сиёсатини тўлақонли амалга ошириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка жалб этиш, улкан яратувчи ижтимоий куч бўлган ёшларга зарур шарт-шароитларни яратиб бериш кабиларга эътиборсизлик юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, улкан ютуқларни қўлга киритишга тўсқинлик қилмоқда. Натижада кўп- лаб ёшларимизнинг ҳаётда ўз жойини топиши жуда мураккаб жараёнга айланиб бормоқда. Шу боис ҳам мазкур Фармон ва Давлат дастури бу борада қў- йилган улкан қадам бўлди. Чунки унда ишга жойлаша олмаётган ёшларнинг қайта тайёрланиши ва малака оширишини ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, уларга бизнес юритиш кўникмаларини сингдиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу мақсадларни амалга ошириш учун “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказларини тузиш, савдо-маиший ва кичик ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш учун меҳнат кучи ҳаддан зиёд бўлган туманларда “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш кўзда тутилган.

Марғилон Педагогика коллежини ҳар йили юзлаб ёшлар тамомлаб ҳаётга йўлланма оладилар. Ана шу ёшларнинг аксарияти “меҳнат кучи ҳаддан зиёд бўлган” ҳудудларда истиқомат қиладилар. Сир эмаски, уларнинг асосий қисми ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олишмайди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш учун эса коллежда олган билимлари етарли эмас, чунки мазкур таълим даргоҳида асосан ўрта махсус маълумотга эга педагог мутахассислар тайёрланади. Шунинг учун ҳар йили Педагогика коллежининг кўплаб битирувчилари олдида мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмаслик муаммоси кўндаланг бўлиб туради.

Жорий ўқув йилида ҳам ёшларимиздан 937 нафари коллежимизни битириб чиқишди. Жумладан, “Бошланғич таълим ва спорт тарбиявий иши” йўналиши бўйича 240 нафар, “Мактабгача таълим” йўналиши бўйича 324 нафар, “Мураббий–инструктор” йўналиши бўйича 172 нафар, “Амалий санъат” йўналиши бўйича 10 нафар битирувчига педагогика коллежи дипломлари топширилди. Шулардан 816 нафарини қизлар ташкил этади. Битирувчиларнинг 926 нафари билан мутахассисликлари бўйича дипломолди амалиётини ўташ учун яшаш жойига яқин бўлган ташкилот ва корхоналар иштирокида тўрт томонлама шартномалар тузилган. Албатта, бу тадбирлар ёшларимизни ишсиз қолдирмаслик учун амалга оширилган бўлса-да, ҳали барча битирувчилар ўз мутахассисликлари бўйича тўлиқ ишга жойлашганлигини билдирмайди. Шунинг учун коллеж маъмурияти ва педагогик ходимлари томонидан Президентимизнинг мазкур Фармони жуда катта қизиқиш ва кўтаринкилик билан кутиб олинди ва бу борада муайян ишларни амалга ошириш бошлаб юборилди. Жумладан, шу кунгача ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 95 нафар битирувчининг ота-оналари таклиф этилиб, улар билан фарзандларининг келажаги, ёшларимизга яратиб берилаётган шарт-шароитлар, тадбиркорлик йўналишлари ва бунга доир имкониятлар ҳақида суҳбатлар ўтказилди. Суҳбатлар натижасида бугунги кунга қадар 30 нафар битирувчининг зарур ҳужжатлари расмийлаштирилиб, ОАТБ Қишлоқ қурилиш банки Марғилон шаҳар бўлимига йўналтирилди.

Коллежда битирувчи ёшларни Президентимиз Фармони ҳамда “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури талабларидан келиб чиққан ҳолда тадбиркорлик фаолиятига йўналтиришга доир ишларни амалга ошириш учун зарур тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда битирувчиларга мазкур Фармон ва Давлат дастурининг туб моҳиятини тушунтириш, улар асосида ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда бинолар, офис техникаси ва сарфлаш материалларини ижарага бериш, уларни интернет билан таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга бошқача кўмак бериш, жумладан, бизнес режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, мастер-класслар ва семинарлар ташкил этиш учун “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари ташкил этилиши назарда тутилаётганлиги уқтириш ишларини амалга ошириш учун зарур чоралар кўрилмоқда. Шу мақсадда бугунги кунда педагогика коллежи маъмурияти ва педагог ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, бажариладиган ишлар кўлами белгилаб олинди ва юқорида айтиб ўтганимиздек дастлабки натижаларга эришилди. Бу ишчи гуруҳ олдига қўйилган энг асосий вазифалар барча битирувчиларни коллежга таклиф этиш, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, тегиш- ли корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари ва мутахассислари иштирокида Президентимиз Фармони ҳамда “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури юзасидан суҳбатлар уюштириш, тадбиркорлик турлари ва улар билан шуғулланишнинг йўл-йўриқлари, ёш тадбиркорларга бериладиган имтиёзлар, кредитлар ҳамда уларни расмийлаштириш тартиб-қоидалари юзасидан ҳар тарафлама кенг қамровли тушунтириш ишларини ўтказиш режалаштирилган. Ўйлаймизки, бу тадбирлар ўзининг ижобий самарасини беради ва юзлаб ёшларимизнинг ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун катта имкониятлар эшигини очади.

Нигорахон ТЕШАБАЕВА,

Педагогика коллежи директори,

Ойбек МАТМУСАЕВ,

маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube