ИЖОД АҲЛИГА ЭҲТИРОМ ВА ЭЪЗОЗ

27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни”

Марғилон шаҳридаги “Ижодкорлар боғи”да кенг нишонланди

Дунёнинг энг илғор архитектура ва ландшафти асосида шаҳримизда қад ростлаган мафтункор боғимиз бугун вилоят ижодкор журналистларини ўз бағрига чорлади. Ёқут ёзнинг тонгги шаббодаси уфуриб турган, қуёш олтин заркокилларини замин узра ёйиб юборган бир паллада журналистлар боғнинг тароватли ва турфа гулларга бурканган остонасида ҳозир бўлдилар.

Қалам аҳли боғ кираверишида ўйчан нигоҳлари ила худди сизга боқиб тургандек таассурот қолдирувчи шоир Эркин Воҳидовнинг ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдилар. Шоирнинг ҳайкали гулдасталарга тўлиб, чор-атрофи анвойи гуллар ифори ила зийнатланди.

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Муҳаммаджон Обидов йиғилганларни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан қутлаб, давлатимиз томонидан ижод аҳлига берилаётган юксак эътибор ҳақида тўлқинланиб гапирди.

Шоирнинг мемориал музейига ташриф ҳам ижодкорларга бир олам руҳий-маънавий қувват ва қувонч бахш этди. Эркин Воҳидов номидаги иқтидорли ёшлар мактаб интернатининг муҳташам залида бўлиб ўтган тантанали йиғилишни вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Сайёра Алимова очиб, оммавий ахборот воситалари ходимларини анъанавий касб байрамлари билан самимий муборакбод этди ҳамда соҳада самарали фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ ижодкорларни Вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирлади. Шундан сўнг, “Йилнинг энг фаол журналис- ти” ижодий танловининг ғолиб ва совриндорлари эълон қилиниб, даврий матбуотнинг бир гуруҳ ўткир қаламли, жонкуяр ва фидойи журналистлари ғолиблик кўкрак нишони, рамзий статуетка ва қиммат баҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

— Мен бугун вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят прокуратурасининг Фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан мукофотландим. Тўғриси, шодлигимни сўз билан ифодалай олмайман. Матбуот ходими бўлишдек шарафли касбни бироз бўлса-да уддалаётганимдан, ёзганларим элга манзур бўлаётганидан мамнунман. Барча касбдошларимга ижодий муваффақият ва мустаҳкам соғлик тилайман, — дейди “Фарғона ҳақиқати” газетаси мухбири Мадаминжон Солижонов.

Қалби байрам шукуҳи билан тўлиб-тошган журналистлар кўркам ва файзли “Ош маркази” миллий ресторанида бир пиёла чой устида дийдорлашдилар. Ширин дийдор ва ижодий гурунглар соҳир қўшиқлару дилбар рақсларга уланиб, байрам тантанаси то тушгача давом этди.

Тадбир сўнгида соҳа ходимлари ижод аҳлига берилган эътибор ва рағбатдан миннатдор эканликларини изҳор этдилар. Кўнгилларини байрамий шодлик ва шалоладек ўйноқи жўшқинлик қамраб олган журналистлар яна қайноқ ижод майдонига йўл олдилар…

Ўз мухбиримиз.

А.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube