ЧЕКСИЗ ҒАМХЎРЛИК ВА ИШОНЧ НАМУНАСИ

Мамлакатимиз ёшларининг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва ҳар бирининг қалб тўрида 2017 йилнинг 30 июнь санаси тарихий муҳим саналардан бири сифатида муҳрланиб қолган бўлса ажаб эмас.

Сабаби, шу куни юртимиз ёшларининг янги ташкилоти Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди.

Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи таъсис қурултойида нутқ сўзлаб, озод ва обод диёримизда мустақиллик йилларида ёшларни маънавий етук ва жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар, ўрин олаётган айрим камчиликлар ва уларни бартараф этиш буйича ўз фикрларини билдирди ҳамда ёшлар сиёсати соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш ва янги юксак сифат босқичига кўтариш мақсадида “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонни қабул қилди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил топган кун – 30 июнь санаси мамлакатимизда “Ёшлар куни” сифатида нишонланиши, юртимиз ёшларининг ота-она, устозлари, маҳалладошлари ва Ватан олдидаги фарзандлик бурчларини адо қилиш йўлидаги орзу-ниятларига қанот бағишлайди.

Юртимиз тараққиётининг 2017-2021 йиллардаги аниқ устувор йўналиш- ларини белгилаб берган Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ислоҳотларда ҳам айнан ёшлар фаоллигини ошириш бўйича янги тузилма олдига бир қатор янги ва муҳим вазифалар қўйилмоқда.

Ушбу муҳим ҳужжатда таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи республикамизда ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилишида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорликни таъминловчи, “Ёшлар–келажак бунёдкори” шиори остида профессионал фаолиятни амалга оширувчи тузилмага айланмоқда.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига берилаётган ҳуқуқий ва амалий ваколатлар, имконият ва имтиёзлар мамлакатимиз келажагини белгилашда ҳал қилувчи куч ҳисобланган баркамол авлодни улуғ мақсадлар сари, янги марраларга руҳлантирадиган тузилманинг обрў-нуфузининг ошишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Фармонда алоҳида таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида Ёшлар сиёсати масалалари хизмати ташкил этилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси раҳбарлик қилиши белгиланди.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўз лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган Ўзбекис- тон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси ҳисобланиши тўғрисидаги қатор ваколатлар, юртимизда яшовчи ҳар бир фуқаронинг, мамлакатимизда ёшларнинг нуфузини кўтаришга нечоғли эътибор қаратилаётлигининг ёрқин намунасидир.

Фармонга мувофиқ, буюк давлат арбоби Соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олиб, республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига “Темурбеклар мактаби” номи берилаётгани, ушбу мактабларда ватанпарвар, маънавиятли, боболар йўлига муносиб издош, энг асосийси, ўз ватанини жондан азиз деб биладиган авлодларнинг камол топишига хизмат қилиши аниқ.

Фармонга кўра, ёшларда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган “Мен севиб ўқиган китоб” ва “Энг яхши китобхон” рес-
публика танловлари, “Китоб байрами” ва “Болалар китоблари” анъанавий республика фестиваллари, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик ҳиссини қарор топтиришга қаратилган акциялар, ёзувчилар, шоирлар, санъаткорлар, адабиётшунос олимлар билан ижодий учрашувлар ва мастер-
класслар тизимли ташкил этилиши белгиланди.

2017-2018 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида “катта етакчи” ва “тўгарак раҳбари” штат бирликларини тугатиш ҳисобига лавозим маоши юқори синф ўқитувчисига тенглаштирилган “ёшлар етакчиси” штат бирлиги жорий этилгани, шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида “ёшлар етакчиси” вазифаси юклатилган ходимга ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий маълумотли ўқитувчи базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама белгилангани, ёшлар тарбияси билан шуғулланадиган етакчи, педагог тарбиячилар меҳнатини муносиб баҳолаб бориш назарда тутилаётганлигидан далолат.

Шулар қатори фармон билан турли соҳа ва тармоқларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган йигитларни тақдирлаш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти, шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ўқиш, меҳнат ва жамоат ишларида ҳар томонлама фаол иштирок этаётган ёшларни тақдирлаш мақсадида “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилгани, чин маънадаги истеъдод эгаларига давлат томонидан юксак даражада эътибор қаратилаётганидан ёрқин далолатдир.

Фармонда шунингдек Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг молиявий базасини мустаҳкамлаш масаласи ҳам ўз аксини топиб, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб кичик бизнес корхоналари томонидан тўланадиган ягона солиқ тўлови учун ҳисобланган сумманинг 8 фоизи Ўзбекистон Ёшлар иттифоқини ривожлантириш жамғармасига ўтказилиши белгиланганлиги ва таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғини биринчи йил учун 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йиллар учун эса 25 фоизга камайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи қошида турли фанлар, жумладан, чет тилларни ўргатиш, компьютер дастурларини тузиш ва тадбиркорлик асосларини ўқитиш мақсадида ташкил этиладиган шўъба корхоналарини 2027 йил 1 августга қадар барча солиқлардан озод этиш, бунда корхона ихтиёрида қоладиган сумманинг 20 фоизини Ўзбекистон Ёшлар иттифоқини ривожлантириш жамғармасига ўтказиш амалиёти жорий этилаётганлиги қувонарли ҳол.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тизимида 3 йил ва ундан кўп муддат давомида фаол ишлаб келаётган ходимларга уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитининг бошланғич тўлови, шунингдек, ташкилотнинг фаол аъзоси бўлган олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичлари талабаларига ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган тақдирда таълим бўйича тўлов контракти миқдорининг 35 фоизи Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланишининг ушбу фармон билан белгиланганлиги, ҳақиқий маънодаги ғамхўрлик, рағбат ва имкониятдир.

Алоҳида таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш мақсадида 2018-2021 йилларга мўлжалланган Ёшлар уйларини барпо этиш дастури ишлаб чиқилиши, мазкур дастурда барча йирик шаҳарларда – кўп қаватли, қишлоқ туманларида – 1-2 қаватли намунавий лойиҳалар асосида арзон уйлар ёшларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб қурилиши назарда тутилаётганлиги мамлакатимизда ёш оилалар ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган эзгу ишларнинг давомидир.

Фармонда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раисларини рағбатлантириш мақсадида уларга “Матиз” ва “Дамас” автомашиналарини харид қилиш учун 10 йил муддатгача мўлжалланган, бошланғич тўлови 15 фоизлик имтиёзли кредитлар ажратилиши белгилангани, ташаббускор ва талабчан, эзгу мақсадлар йўлида тиним билмай ишлайдиган ёшларимизнинг узоғини яқин қилишга, марказдан олис жойларда истиқомат қиладиган ёшлар билан ҳам мулоқотлар ўрнатишига кенг имконият яратади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва оталарча юксак эътибори туфайли мамлакатимиз ёшлари ўзлари учун кўрсатилаётган чин маънодаги ҳақиқий, ҳуқуқий томондан мустаҳкамланган имконият ва имтиёзлардан ҳар томонлама манфаатдор ва миннатдор. Зеро, Ўзбекистон келажаги ёшлар қўлида!

 

Абдубанноб МАНСУРОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube