ПОЙИНГИЗДА БАҲОРИЙ БЎСТОН…

Эркин ВОҲИДОВ ҳайкали олдидаги ўйлар

Мафтункор ва бетакрор ижодкорлар боғига қадам ранжида қилган ҳар бир киши дастлабки одимларидаёқ элнинг севимли шоири Э. Воҳидовнинг маҳобатли ҳайкали олдида таъзимла бош эгиб, унинг пойига гулчамбарлар қўйишга ошиқади.

Эркин Вохидов! Бу ном ўзбек китобхонларига яхши таниш ва қадрдон. Унинг кўнгилларнинг туб-тубига сингиб кетгувчи шеърлари катта-ю-кичик тилида такрор ва такрор бўлса, қўшиққа айланган ашъорлари аллақачонлар халқ қалбидан жой олган. У 20 асрнинг 60 йилларида ўзбек адабиётига ўз овози, ўз услуби билан кириб келди ва шеърият осмонида бамисоли чанқоқ юлдуздек чақнади. Бугун ўзбек адабиётини, ўзбек шеъриятини забардаст шоирнинг асарларисиз тасаввур қилиш қийин. Унинг ҳар бир шеърида жўшқинлик ва чуқур фалсафий мушоқада ўзининг теран ифодасини топган. Гоҳ тоғ шалоласидек ўйноқи, гоҳ най ноласидек хазин ва гоҳо бўрондек шиддатли оҳанглар уйғунлашуви сизни шеъриятнинг сирли, сеҳрли ва жозибадор оламига етаклайди.Бугун ҳассос шоирнинг “Ўзбегим”қасидасини билмайдиган одам топилмайди бутун Ўзбекистонда. У кексалару болалар,оталару оналар тилларида ҳамиша мағрур жаранглайди ва ўзлигимизни англатиб туради, авлодларни ватанпарварликка чорлайди:

Тарихингдир минг асрлар

Ичра пинҳон, ўзбегим.

Сенга тенгдош Помир-у

Оқсоч Тиёншон , ўзбегим…

Унинг ҳар сатридан шоирнинг ўз халқига бўлган бағоят улкан меҳру муҳаббати ва ифтихорланиш туйғулари уфуриб туради.

Ўзбегим деб кенг жаҳонга,

Не учун мадҳ этмайин!

Ўзлигим билмоққа даврим

Берди,имкон ўзбегим…

Шоир мустақиллик, халқ ҳурлиги ва она Ватан озодлигини жўшиб куйлайди. Жумладан унинг “Ўзбе-
кистон боғларига қайтиб келди булбуллар”ғазалида шундай сатрлар бор:

Мана, бу кун боғларимга қайтиб келди булбуллар,

Ҳур Ватанга ҳур қўшиқлар айтиб келди булбуллар…

Зотан, булбул обод ва гўзал мас- канда сайрайди. У ҳеч ҳачон тутқунликда сайрамайди. Шоир қалби ҳам ҳамиша эркинликдан мунаввар ва сайроқдир.

Шоирнинг илинжи сўз, юпанчи сўз, ҳикмати сўз, қудрати сўз! Шоир шеъриятидаги сўз меҳри, сўз сеҳри ,сўз мўъжизаси баҳор шалоласидек қалбингизга оқиб киради, заргардек зийнатлайди,бетакрор, сирли назмий оламга етаклайди,кишига завқли, шавқли, лаҳзаларни тортиқ этади.

Элнинг суюкли шоирига айланган Э. Воҳидов ижодида муҳаббат “фасли ” ҳам алоҳида ўрин тутади. У мангу муҳаббатни ёниқ дил ва куйдиргувчи ҳарорат билан куйлайди, сўзлар оташидан жисму жонингизга олов туташади. Дурсўзлар уммонидан моҳирона фойдаланиб, гузал ўхшатишлар орқали ул санамга ошуфта ғариб ошиқ “ҳолини”баён айлайди:

Менда бор ишқ ичра ғам,

Ҳажр дард ул ойда йўқ.

Дардни дард билмас кишига,

Сўзламоқдан фойда йўқ…

Ошиқ шоир яна бир “Барча шодлик сенга бўлсин” сарлавҳали байтида

Сенга бўлсин барча ҳусну, менга бўлсин барча ишқ..

дея севимли ёрига тавалло этади ва бори дилдорлик ва дилозорликни маҳбубасига, ситам ва зорликни ўзига раво кўради. Мазкур байтида у хушторлик,беморлик, пойдорлик ва бедорлик каби оддий қофиядош сўзлардан гўзал ташбеҳларга йўғрилган камалакдек рангдор назм гулини яратади. Унинг одамийлик, инсон зотига эҳтиром мотивларини илгари сурувчи “Инсон” қасидаси ҳам кишиларни фикр ва мушоҳадага чорлайди, уларнинг дунёқарашида бунёдкорлик ва яратувчанлик туйғуларини кучайтиришга, юксак маънавият ва эзгулик сифатларини оттиришга уринади.

Келдинг оламга, демак, етмас уни сўрмак, емак,

Ерни этмоғинг керак, бўстон ўзинг, ризвон ўзинг…

Шоирнинг ижодий камолот чўққисида яратилган “Бир ниҳол”шеъри инсон умрининг мазмунидан, зийнатидан сўйлар. У бу оламда завқли ва ибратли, ақлан ва маънан бадавлат яшашнинг олтин қоидасига ўхшайди. Зеро, инсон бу дунёи дунда ўзидан яхши ном қолдириш, гўзал боғ яратиш иштиёқида яшар. Эркин Воҳидов ўзидан мангу сўлмас, ифорлари асрларни тутгувчи бир шеърият бўс- тони яратдики, у замонлар оша кишилар қалбига эзгулик элчиси, меҳр ва муҳаббат куйчиси бўлиб кириб бораверади. Зеро, ўлмас шеърият ўз даҳосини мангуликка муҳрлайди.

Ватандош боғингга бир ниҳол қада,

Бу ниҳол номини яхшилик ата…

… Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст,

Боғинг Ватан дея ном олсин, эй дўст.

Одамларни, ҳаётни беҳад севгувчи шоирнинг муаззам ҳайкали по- йига гул қўяётган ҳар бир инсоннинг дилига назмий наво югуриб, тилида унинг шеърлари боқий жаранглайверади. Зотан, у ўзи иқрор бўлиб ҳайқирганидек:

Одамлар, сиз менинг ҳаётим,

Ҳар бирингиз умрим парчаси…

Азалий ҳаёт ҳақиқати шундан иборатки, шоирнинг умрини унинг шеърлари давом эттиражак. Халқ мулкига айланган ёниқ шеъриятнинг умри халқ каби ҳамиша барҳаёт ва бардавомдир.

Боғимиздаги сарбаланд, муаззам ва улуғвор ҳайкал шоир ва шеъриятнинг абадиятидан сўйлар…

Мастурахон САИДМУРОДОВА,

журналист.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube