Фарғонада I халқаро “Кулоллар фестивали” бўлиб ўтди

22-24 июнь кунлари Фарғона вилоятининг қадим ҳунармандлар юрти Риштон туманида вилоят ҳокимлиги, “Ҳунарманд” уюшмаси, Ёшлар иттифоқи, Ошпазлар уюшмаси хамкорлигида мамлакатимизда биринчи бор “Кулоллар фестивали” ташкил этилди.

Халқаро фестивалнинг очилиш маросимида юртимиздан ҳамда ўндан ортиқ мамлакатлардан ташриф буюрган уста ҳунармандлар, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Тадбирдан ҳунармандларнинг ўзаро тажриба алмашишига, уларнинг соҳадаги сўнгги янгиликлардан хабардорлигини ошириш мақсад қилинган.

Тадбирда мамлакатимизда тармоқ ривожи учун яратилаётган шароитлар ва берилаётган имтиёзлар ҳунармандлик билан шуғулланувчилар сафининг ортишига хизмат қилаётгани таъкидланди. Биргина Фарғона вилоятида ўтган йили 724 нафар ҳунарманд рўйхатга олинган бўлса, ушбу кўрсаткич жорий йилнинг шу даврига қадар 3228 нафарни ташкил этди.

— Ҳунармандлик марказлари бўлган ҳудудларимизда бу каби тадбирлар ҳар йили анъана тарзида ташкил этиляпти, — дейди Фарғона вилояти “Хунармандлар” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов. — Марғилон шаҳридаги “Атлас байрами”, Қўқон шаҳрида ўймакор усталар иштирокидаги “Маданга муҳрланган қўшиқ” ва Риштон туманида “Кулоллар фестивали”. Бундай тадбирлар соҳа тараққиётига катта таъсир ўтказиб қолмай, водийга сайёҳлар оқимининг кучайишига ҳам ҳисса қўшмоқда.

Тадбир доирасида ҳунармандлар кўргазмаси, “Ошпазлар танлови”, ёш кулоллар учун маҳорат дарслари ташкил этилди.

Фестиваль иштирокчилари ва хорижий меҳмонлар 23-24 июнь кунлари риштонлик машҳур уста кулоллар Алишер Назиров, академик Шарофиддин Юсупов, Рустам Усмонов ҳамда Равшан Тожиддинов устахоналари фаолияти, шунингдек, “Уста-шогирд” мактаблари билан танишади.

Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube