МУАЗЗАМ  МАЖМУА

Бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигининг ёрқин гувоҳи бўласиз. Аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш, ҳаёт сифатини ошириш, ҳудудий дастурлар ижросини таъминлаш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар фаровонлик ва юрт тараққиётига муносиб хизмат қилмоқда.

Хусусан икки минг йиллик тарихга эга қўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳримизда ҳам ўтган бир йил давомида Президентимиз топшириғи асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса куни кеча нишонланган мусулмонларнинг қутлуғ айёми – муборак Ийд рамазон ҳайити байрами куни тантанали садолар остида очилган Ижодкорлар боғи шаҳримиз кўркига янада кўрк қўшмоқда. Мазкур
мажмуа том маънода санъат ва маънавият ошёни, истеъдодли ёшлар камол топувчи зиё маскани сифатида бунёд этилган.

Сўлим ва мафтункор истироҳат боғининг олтинсимон пештоқли, маҳобатли, гулдор ва нақшинкор дарвозасидан кириб боришингиз билан қўлидаги китобу қалами ила хаёлот уммонига шўнғиган, сўз бўстони ичра кезиб, шеъриятнинг дурдона сатрларини битаётгандек ўйга чўмган шоир Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовга юксак эҳтиром сифатида ўрнатилган мангуликка даҳлдор ҳайкалга кўзингиз тушади. Бир зум шеърият даҳоси пойида таъзимла бош эгиб, гўзал гулшан сари аста қадам ташлайсиз.

Навбатдаги манзил шоир номи билан аталувчи маҳобатли мемориал музей. Бу ерга ташриф буюрган киши борки, бетакрор гўзаллик касб этган бинонинг бағрига сингиб кетгудек бўлади, гўё. Музейда адиб ва унинг замондошларига мансуб 800 дан ортиқ китоб ва 400 дан ортиқ экспонатлар мавжуд. Мажмуа ёнига Э.Воҳидовнинг шахсий “Газ — 24” русумли автомобили ҳам қўйилган. Экспонатларнинг аксарияти шоирнинг оила аъзолари томонидан туҳфа этилган.

Шунингдек Ижодкорлар боғида миллий ва замонавий услубда кўркам қиёфа касб этган Нуронийлар маскани, тадбирлар ўтказишга мўлжалланган 1600 ўринли амфитеатр ва миллий айвон, ош маркази, мусиқали фаввора, замонавий аттракционлар ҳам аҳоли хизматида.

Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси вилоят бўлими биноси ва унинг қошидаги ташкил этилган Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихти-
сослаштирилган мактаб-интернати эса мус- тақил мамлакатимизда ёшларга берилаётган кўп- лаб имкониятларнинг яна бир ёрқин ифодасидир. 2018-2019 ўқув йилида мактаб-интернатнинг 5-8 синфларига, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб эса 5-синфига 30 нафардан ўқувчи қабул қилинади. Мазкур мактаб-интернат Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекисон Қаҳрамони Эркин Воҳидов номини абадийлаштириш, унинг издошларини кашф этиш ва истеъдодини кенг намоён қилиш учун зарур шароит яратиш мақсадида ташкил этилган.

— Президентимизнинг ижодкорлар боғига қилган ташрифлари жуда қувончли, унутилмас воқеа бўлди, — дейди Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова. – Мамлакатимизда ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг янада самарали ижод қилиши учун барча шароитларни яратиш борасидаги ишлар бизни беҳад мамнун этмоқда. Айтинг, мана бундай гўзал маскан яна қайси юртда бор? Давлатимиз раҳбари барча шаҳар ва туманларда Воҳидовхонлик кунларини ташкил этиш, бу ерга истеъдодли ёшларни жалб қилиш ҳамда мактаб-интернатда таълим олган ёшларга олий ўқув юртига кириш учун имтиёзлар бериш лозимлигини таъкидладилар. Бундай эзгу ва ҳайрли ишлар мева бериб, кулгусида бу ерда таҳсил олган ёшлар орасидан Эркин Воҳидовлар етишиб чиқса не ажаб?

Дарҳақиқат, атоқли адиб Эркин Воҳидовнинг ибратли ҳаёти, бетакрор ижоди миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожи, халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Юртимизда инсон қалбининг нозик туйғуларини, халқимизга хос орият ва ғурурни, озодлик ва истиқлолни юксак маҳорат билан куйлаган улкан шоир китоблари кириб бормаган хонадон бўлмаса керак. Зеро, у ўзликни англашга, миллий ғурур туйғуларини юксак пардаларда тараннум этишга, ҳар биримизни бахт ва шодлик, тинчлик-хотиржамликни қадрлашга, чин инсоний фазилатлар соҳиби бўлишга ундайди.

Президентимиз ташаббуси билан Эркин Воҳидов номини абадийлаштириш мақсадида шаҳримизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари ҳам халқимизнинг ардоқли шоирига бўлган юксак эҳтироми ифодаси бўлди.

— Шаҳримизда янгитдан қад ростлаган бу муаззам мажмуа истеъдодли ёшлар учун ўзига хос ноёб туҳфа бўлди, — дейди ёш истеъдодли ижодкор М.Собирова. – Албатта, энди биз ҳам янада кўп китоб мутолаа қилишимиз, буюк алломаларимизнинг бой ижодий меросини ўрганишимиз керак. Юртбошимизнинг иқтидорли ёшларга алоҳида эътибор қаратиш ҳақида топшириқ бергани бизни беҳад қувонтирди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириқ ва кўрсатмалари асосида бунёд этилган мазкур мажмуа ишонамизки, халқимиз учун бебаҳо хазина бўлиб хизмат қилади. Келгусида эса бу чаман боғ водийдаги энг гавжум ва севимли масканга айланажак.

Абдубанноб МАНСУРОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube