Подшо Искандар ва Марғилон

Асрлар садоси

Подшо Искандар ва Марғилон

Марғилон Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарлардан бири. Марғилонга қачон ва ким томонидан асос солинганлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. X асрларда Марғилон водийнинг йирик шаҳарларидан бири эканлиги шаҳар ҳақидаги дастлабки ёзма манбаларда таъкидланади. З.М.Бобур (1483-1530)нинг “Бобурнома” асарида ҳам Марғилоннинг ширин-шакар меваларга бой эканлиги, айниқса унинг “Дони калон” анорлари, “Субхоний” ўрикларига ҳам алоҳида таъбир берилган. Марғилон ипак газламаларининг таърифи қадим замонлардан етти иқлимга маълум ва машҳурдир. Марғилон ипак матоларини савдогарлар “Буюк ипак йўли” орқали Бағдод, Қашғар, Хуросон, Миср ва Европагача олиб борганлар.

Шу боис X асрда яшаган тарихчилардан бири “Марғилонда тўқилган бир кийим ипак мато учун Бухоронинг ҳамма ерларини тортиқ қилсанг арзийди” деб, ёзган эди. Марғилон-қадим шаҳарлардан бири эканлигини ёзувчи Ибрат ҳам ўзининг машҳур “Фарғона тарихи” китобида Искандар замонлари билан боғлиқ бўлган тарихий ривоят ва ҳикоятларни келтириб ўтади.

Маълумки, Марғилон тарихини ўрганишимизда ва унинг ёшини белгилашда подшо Искандар билан боғлиқ бўлган тарихий ривоятларни илмий томондан тадқиқот қилмоқ ғоят муҳим аҳамиятга эгадир. Тарихдан бизга маълумки, Александр Македонский Ўрта Осиёга (эр.ав. 329-326 йилларда) бостириб келгач, маҳаллий халқлар сарт, сак ва массагет қабилалари Искандар қўшинига қарши халқ қахрамони Спитамен бошчилигида қаттиқ кураш олиб борадилар. Юнонлар катта талофат кўриши туфайли Искандарнинг режаси бузилиб кетади. Натижада подшо Искандар қўшинлари ҳозирги Хўжанд шаҳри яқинида катта қароргоҳ қуриб узоқ вақт шу ерда тўхтаб қолишга мажбур бўлади (тарихчи Ариран Жаҳонгир томонидан қурилган “Искандария эсхата” қалъаси Сирдарё бўйида эр.авв. 329 йилда қурилганлиги ҳақида маълумот берган).

Искандар ўз режаси бўйича Ўрта Осиёни ишғол қилиб довон орқали Ҳиндистонга бостириб кирмоқчи бўлган. Шу боисдан ҳам у тараддуд кўриб туриш учун катта бир отряддан иборат аскарларни тоғ этаклари орқали Ҳиндистонга ўтиш қулай бўлган ерга юборади. Ана шу махсус отряд водийнинг энг шарқий чегараси бўлмиш ҳозирги Ўзган шаҳри жойлашган ҳудудга етиб келиб, у ерда аскарлар учун лагерь барпо қилиб,Чин томон юришга тайёргарлик кўра бошлайди.

Орадан бир оз вақт ўтиб Искандар Ўзгандан қайтаётиб яна Марғилонга тўхтаганлиги ҳақида ривоятлар бор. Марғилонликлар уни яна Мурғу нон (товуқ ва нон) билан кутиб олибдилар. Буни кўрган подшо Искандар “бу ер Мурғу нон”га бой экан дебди. Шундан буён бу шаҳарнинг номи “Мурғинон” бўлиб кетган экан.

Ушбу фикрларни ёзувчи Ибрат ўз китобида келтирган ривоят ҳам тасдиқлайди. Эмишки “Хазрати Искандар замонларида ақсокий шарққа (бизнинг фикримизча, Сирдарёнинг шарқига А.А.)” борганларида Фарғона ери-
дан бир-икки форсистондан мухожир бўлиб келиб ўтирган бечора, деҳқони бодиянишилар бор экан. Подшоҳга арзи аҳвол қилмоқ бўлиб, пешкаш учун нону туз ўрниға бисотларидаги товуқларини пишируб, хазрати Искандарга тутган эканлар. Анда хазрати Искандар савол қилубдурларки, бу нимадандур, деб. Анда арз қилғувчилар форсий лафзда жавоб берибдурларки, мурғу нон, яъни товуқ бирлан нон деганларида, подшох Искандар, арзларинг нимадур, деганларида: “Арзимиз, бул тургон жойимизни шаҳар қилиб берсангиз!” деганларида, умаролари ичида бир бофаросат соҳиби ақл кишини таъйин қилиб, шаҳар қилмоқға амр қилган эканлар. Ул кишини неча йиллар ҳаракат қилиб ҳар шаҳардан ва ҳар хонадан одам олиб, ўтқазуб, оти “Ҳархона” деб қуюб, “Хархона”ни “Фарғона” ўқуб, пархона,парғона деб ўқуб ва ҳам улуассис кишини исми хавийроҳ бўлиб, Фарғона шуҳрат топган.

Аммоки аҳволда Марғинон дерлар, ўшал товуқ ила нон тутган ердур, Марғинон шаҳри исми бўлиб, Фарғона умумий иқлимга исмдур.

Чунончи, мунга далил “Марғинонда подшоҳ Искандар деган ийдгоҳ мозор бордур, ул киши тушган ерлардур” (Искандарни тўхтаб ўтган жойлар назарда тутилган).

Ҳақиқатдан ҳам Марғилондаги қадимий масжидлардан бирининг номи асрлар оша “Пошшо Искандар” номи билан аталиб келинмоқда.

Искандарнинг Марғилонда бўлганлиги ҳақида яна бир манбаа бор. Бу 1896 йили Германия- нинг Мюнхен шаҳрида чоп этилган “Энциклопедик луғат”дир. Бу луғатда Александр Македонскийнинг жасади Фарғона водийсининг Марғилон шаҳрига дафн этилган деган жумла бор. Ҳудди шу маълумот Прагада сайёҳатчилар учун тайёрланган “Проспект”да ҳам қайд этилган. Аниқ иш юритишлари ва ҳақиқатпарастликлари билан бутун дунёга танилган немис миллати “Энциклопедик луғат”га бу маьлумотни киритишдан олдин қандайдир реал ва муҳим манбага таянган бўлишлари керак.

Фаррух МАДРАҲИМОВ,

шаҳар Давлат Архиви директори.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube