ЯНГИ МАРРАЛАРГА ДАЪВАТ

Турғунбой ҳожи НИШОНОВ,

«Нуроний» жамғармаси шаҳар бўлими раҳбари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида вилоятимиз, хусусан шаҳримизга ташрифини барча юртдошларимиз қатори ҳамшаҳар нуронийларимиз ҳам ўта ҳаяжон ва катта қизиқиш билан кузатиб боришди. Президентимизнинг вилоятимизда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш орқали одамларни рози қилиш кўзда тутилгани ҳақидаги фикрлари барчамизни тўлқинлантириб юборди. Фахрийларимизни энтанги кунга ишончини, юртимиздаги янгиланиш ва ўзгаришларга бевосита даҳлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлади.

Давлатимиз раҳбарининг иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, қўшимча манбалар топиш, Марғилон сингари аҳоли ўта зич жойлашган ҳудудларда “Ҳар бир оила – тадбиркор” концепциясини тўла тадбиқ этиш орқали одамларни фаол тадбиркорлик, ҳунармандчиликка жалб қилиш борасида билдирган таклифлари ҳаммамизни рухлантириб юборди. Сўзсиз давлатимиз раҳбарининг шаҳримиздаги янгидан барпо этилган Ижодкорлар боғи, бу ердаги маънавий-маданий иншоотлар, хусусан Нуронийлар учун барпо этилган мажмуага ташриф буюриб, шаҳримизни чинакам маънавият ўчоғига айлантиришдаги “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада кенгайтириш борасида билдирган тавсиялари зиммамизга катта масъулият юклайди.

Юртимиз, хусусан шаҳримиз истиқболи билан боғлиқ белгиланган янги режалар эса бизни барча ўзгаришларга даҳлдорлик туйғумизни кучайтириб, янги марраларга сафарбар қилади.

Наргиза Аминова,

“Наримтекс”МЧЖ директории

Юртимизда тадбиркорликка айниқса, аёллар тадбиркорлигига кенг ўрин берилганлиги биз каби ишбилармон аёлларни йирик ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиб, бор имконият ва истеъдодимизни намоён этишимизга кенг йўл очиб берди. Ҳозирда бизнинг корхонамиз нафақат вилоятимизда, ҳатто Республикамизда ҳам ягона сифатли ва ҳаммабоп, миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган аёллар кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган пешқадам ва иқтисодий бақувват корхонадир.

Муҳтарам Юртбошимизнинг куни кеча бизнинг корхонамизга ҳам ташриф буюрганликлари чинакам маънода тарихий, тантанали, унутилмас кунга айланди. Жамоамиз билан учрашувда Юртбошимиз таъкидлаганларидек, ҳақиқатдан ҳам биз аёллар ўзимизга ярашган ва қулай либосларда янада фаол ва янада жонкуяр бўлиб фаолият кўрсатамиз.

Муҳтарам Президентимиз ташрифлари давомида, моҳир чеварларимиз томонидан тикилаётган тайёр маҳсулотларимизни кўздан кечирдилар. Бежирим ўрамларда ички ва ташқи бозорлар сотувига тайёрлаб қўйилган маҳсулотларимиз сифати, фасони ва дизайни Юртбошимизга ёққанидан барчамиз беҳад мамнун бўлдик.

Биз камтарона меҳнатимизга юқори баҳо берган муҳтарам Юртбошимиздан беҳад миннатдормиз. Эндиликда эса ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини янада ошириб, корхонамизнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириб, Президентимиз ишончларини оқлаб, бор кучимизни самарали ва зафарли меҳнатга сарфлайверамиз.

Нигора МАННОПОВА,

Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган истеъдодли ёшлар мактаб-интернати директори

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Марғилон шаҳрида ижодкорлар боғини ташкил этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берган эди. Шу асосда қисқа давр мобайнида бу ерда катта ҳажмда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Айниқса, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси вилоят бўлими қошида Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган истеъдодли ёшлар мактаб-интернати қуриб битказилгани вилоятимиздаги барча ёш ижодкорлар учун жуда катта совға бўлди, десак сира муболаға бўлмайди. Мазкур ўқув масканига ўрта умумтаълим мактаби ўқувчиларининг 5-синфдан юқори бўлган 100 нафар энг муносиблари танлов асосида қабул қилинади. Яна бир қувонарли жиҳати шундаки, бу ерда узоқ-яқиндан келиб таҳсил оладиган ўқувчилар учун замонавий талабларга жавоб бера оладиган барча шарт-шароитларга эга 80 ўринли ётоқхона ҳам мавжуд.

Куни кеча ташриф чоғида Президентимизнинг – Ушбу боғ ёшлар маънавиятини юксалтирадиган масканга айланиши керак. Бу ерга келувчилар Эркин Воҳидов шеърларидан баҳраманд бўлиб, маънавий оламини янада бойитсин, -деган сўзлари биз ижодкорларни бирдек чексиз руҳлантирди. Дарҳақиқат, бўлажак ўқувчи ёшларимиз ушбу таълим даргоҳида ўзбек элининг танти фарзанди, Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ҳаёт ва ижод йўллари билан янада яқиндан танишиб, атоқли шоирнинг юксак маънавият ва бадият нурларидан сув ичган қайноқ тафтли шеърларидан илҳом олиб ижод қиладилар. Ҳар йили икки бора ўтказилиши кўзда тутилаётган «Воҳидовхонлик» кунларида фаол иштирок этадилар. Эртага уларнинг сафидан эл суйган чинакам халқ шоирлари етишиб чиқишига катта умид билан қараймиз.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube