КЎЗЛАРИНГДА ҲАЙРАТ ЯШАР, БОЛАЖОН!

Тонгги байрам навоси бу субҳнинг ўзгачалигидан шодумонлангандай жўшқин-жўшқин янграйди. Ёзнинг илк куни ўзининг илиқ шаббодаси ила юзларимизни силайди. Шаҳар кўчаларини тўлдириб келаётган одамлар оқими хушкайфиятда сўлим “Ёшлар хиёбони” томон одимлайди. Кичкинтой ширинтойларнинг қалбларида нур порлайди. Кўзларида ҳайрат, юзларида бахт балққан болажонлар дам оҳудек сакрасалар, дам рақс тушадилар, дам қулочларини кенг ёйиб югурадилар…

1-Июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган тадбирни шаҳар ҳокими бош мутахассиси Дилшод Абдувоҳидов очиб, болажонларни байрам билан қутлади. Байрам дастури шаҳримиздаги мусиқа ва санъат мактаблари ўғил-қизларининг шўх тароналари-ю, спорт мактаблари ўқувчиларининг
дастурий чиқишлари ҳамда Маданият уйи хонандаларининг дилбар қўшиқлари билан барчани ўзига мафтун айлади.

— Болалардаги бахтиёрлик бизнинг ҳам қалбимизга кўчгандек. Ахир дунё болалар билан гўзал ва серфайз, ҳаётимиз ҳам улар билан тугал ва мазмундор. Уларнинг чеҳрасидаги шодлик кунларимизнинг осуда ва фаровонлигидан далолатдир, — дейди шаҳар Кенгаши депутати Маҳаммаджон Мирзаев. Бугун ҳомий ташкилотлар ёрдамида болажонларга ширинлик ва музқаймоқлар улашилди. Озгина эътиборимиздан уларнинг бир қувончига ўн қувонч қўшилди, назаримда. Ҳа, кичкинтойларнинг ҳар куни байрам бўлаверсин…

— Бугун мен байрамда иштирок этаётганимдан жуда мамнунман. Энг муҳими ота-онамиз бағрида, давлатимиз ғамхўрлигида бахтли болалик гаштини суриб улғайяпмиз, — дейди Маҳбубахон Исақова. — Биз ҳам келажакда она Ватан олдидаги фарзандлик бурчимизни оқлаб, шу муқаддас юрт равнақи йўлида толмай меҳнат қиладиган фидойи инсонлар бўлиб етишамиз, албатта.

Сўлим боғ худуди мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб ва коллежлардан келган ўқувчи ва ўқитувчи-мураббийларнинг ижодий ишлари, ўз қўллари билан ясаган буюмлари, турфа гуллари ва ноёб қушлари билан тўлган. Гуллар билан бурканган йўлкалар четидан жой олган китоблар кўргазмалари ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди.

— Биз 60 дан зиёд болалар адабиёти кўргазмаси билан иштирок этаяпмиз. Китоблар ўзбек, рус ва инглиз тилларида, — дей- ди Педагогика коллежи АРМ раҳбари Шаҳзодахон Маҳкамова. — Мана қаранг, болажонлар китобни қандай севишади. Улар ки-
тобларни қўлларидан қўйгилари келмаяпти. Шунинг учун китобсеварларни коллежимизга ҳам таклиф этдик.

Тадбирда 11 та лойиҳа йўналиши бўйича танловлар бўлиб ўтди. Болажонлар ўртасида шеърият, гуллар ва қушлар байрами, иншолар, тасвирий санъат каби танловнинг турли йўналишлари бў- йича ғолиблар аниқланиб, шаҳар ҳокимлигининг Фахрий Ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube