СУҒУРТАДА АНДЕРРАЙТИНГ – ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТ АСОСИ

Бугун Республикамизда ҳаётнинг барча
жабҳаларида кенг қамровли ислоҳотлар жадал ва шиддатли тарзда амалга оширилмоқда. Ислоҳотларнинг пировард мақсади халқимиз турмуш даражасини юксалтириш, Президентимиз таъбири билан айтганда, унинг “ҳаётдан рози бўлиб яшаши” учун етарли шарт-шароитлар яратишдир.

Иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт бозор муносабатларини янада кенгайтиришни тақозо этади. Маълумки, ҳар қандай ҳаракат, ҳар қандай фаолият иқтисодий манфаатдорлик ва соғлом рақобат асосида ташкил этилса – у муқаррар ривожланиш омилига айланди. Бироқ, шу ўринда масаланинг
бошқа томони – бозор иқтисодиётининг тасодиф ва таваккалчиликларга “бой” эканлигини ҳам унутмаслик даркор.

Албатта, инсоният ўз тараққиёт йўлида ҳар бир муаммо учун тегишли ечим топишга ҳаракат қилган ва бунинг уддасидан чиқиб келган. Хусусан, ривожланган мамлакатларда бозорнинг ҳар қандай кўзда тутилмаган ҳолатлари – иқтисодий зарар кўриш, молиявий инқироз, битимларнинг барбод бўлиши, корхоналарнинг банкротлиги, табиий офатлар ва бошқа хавф-хатарларнинг олдини олиш ёки уларнинг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида суғурта механизми ўйлаб топилган. Унинг пухта ва мукаммал шакллари бозор иқтисодиётининг ривожланган даврида вужуд- га келди ва бугун суғурта фаолияти жаҳоннинг кенг ривожланиб бораётган молиявий хизмат турларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда ҳам суғурта фаолиятига бўлган эътибор кучайиб бормоқда. Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож- лантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ишлаб чиқилган «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат
дастурининг 153-бандида илғор хорижий тажриба асосида тиббий суғурта механизмларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича концепция ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Шу ўринда, ҳозирги шароитда республикамиз суғурта тизимини самарали ташкил этиш ва суғурта хизматларини жадал ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бир жиҳат тўғрисида тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Бу – суғурта андеррайтинг институтини жорий этишдир.

Суғурта андеррайтинги – суғурталаш учун тақдим этилаётган хатар (риск)ларни таҳлил қилиш, у ёки бу хатар (риск)ни суғурталаш тўғрисида қарор қабул қилиш, муайян хатар (риск)лар учун тегишли бўлган баҳо ставкалари ва суғурталаш шарт-шароитларини белгилашни ўз ичига олувчи фаолиятдир.

Суғуртада андеррайтер – бу суғурта компанияси томонидан хатар (риск)ларни таҳлил қилиш, суғурталаш ёки қайта суғурталаш учун қабул қилиш ёки уларни суғурталашдан бош тортиш, шунингдек, танлаб олинган хатар (риск)лар бўйича мақбул даражадаги суғурта мукофотини олиш учун уларни таснифлашга ваколат берилган жисмоний ёки юридик шахс ҳисобланади.

Кўринадики, бозор иқтисодиёти шароитида суғурта компанияларининг ўзи ҳам турли хавф-хатарлардан холи эмас. Яъни, улар ҳаётдаги турли ҳолатларга баҳо бериб, уларни суғурталашда ўта эҳтиёткорлик ва аниқ ҳисоб-китобларга асосланиши лозим. Бу эса суғурталовчидан жуда катта билим, тажриба ва маҳоратни талаб қилади. Айнан шунинг учун, ривож- ланган мамлакатлар таж- рибасида бундай ишлар билан алоҳида ваколатли шахс – андеррайтерлар шуғулланади.

Шуниси эътиборлики, ҳали бизнинг мамлакатимиз суғурта фаолиятида андеррайтинг тушунчасининг ўзи мавжуд эмас. Ҳолбуки, ҳозирда айниқса, мол-мулк суғуртасида андеррайтинг фаолиятига эҳтиёж сезиларли даражада ортиб бормоқда. Чунки, бозор иқтисодиёти – бу мулкий масалалар, манфаатлар ва муносабатларнинг ўзаро таъсири ва тўқнашувидан иборат тизим ҳисобланади. Иқтисодий жиҳатдан юксалган мамлакатда эса бирон-бир мулкий муаммо суғурта жараёнисиз амалга ошмайди. Мулк борасидаги янгилик ва ўзгаришлар эса соат сайин кўпайиб боради. Бу эса суғурта мутахассисидан янгидан-янги билимларни, тажриба ва кўникмаларни талаб қилади. Мазкур жараёнга ихтисослашган юқори малакали мутахассис – андеррайтер ушбу муаммоларга самарали ва моҳирона ечим топувчи шахс ҳисобланади.

Шунга кўра, мамлакатимиз суғурта фаолиятида андеррайтинг институтини жорий қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бунинг учун аввало меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, уларга андеррайтинг бўйича тегишли нормаларни киритиш зарур. Кейинги босқичда эса республикада андеррайтинг фаолияти бўйича алоҳида қонунчилик ҳужжатлари, мол-мулк суғуртасида андеррайтинг фаолиятига оид жараёнларнинг тўлиқ ва мукаммал баён қилиниши эса мамлакатимизда бозор муносабатларининг янада жадаллашуви ҳамда иқтисодий тараққиётнинг юксалишига замин яратади.

 Вохиджон БАННОПОВ,

Банк-молия академияси «Суғурта иши» мутахассислиги тингловчиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube