ТИНЧЛИК — ҲАЁТ ҚЎШИҒИ

(Эссе)

Тинчлик! Сен борсан-ки, уйқумизда ҳаловат, кунларимизда роҳат, чеҳраларимизда малоҳат, ошу нонимизда мазза-ю фароғат бор. Бешикда болаларимиз бахтиёр,олтин остонамиз бегард, оналар кўнгли тоғ, кичкинтойлар дили чоғ. Зарга топилмас, бозорда сотилмас бебаҳо хазина,бетакрор неъмат тинчлик осмонимизни нурга чулғаб, заминимизни гулга буркамоқда. Эй, тинчликни боласидек суядиган,онасидек ардоқлайдиган,уни боқий, абадул-абад қадрлайдиган онажон халқим!

Тириклигимиз моҳияти Ватанни кўз қорачиғидек асраб, ундаги энг буюк неъмат тинчликни нондек эъзозлаб кўзларига суртаётган, жаҳон абгор оммасига тинчлик тилаётган, қалби эзгуликка лиммо-лим ватандошларим. Шу осуда Ватан бизники, унинг оппоқ, ферузаранг осмони бизники, боссак оёқларимизни сийпалайдиган тилло тупроқли замин бизники. Шу юрт равнақи учун туғилдик, токи ҳар нафасимизни унга бахшида этамиз, унинг ҳар онини зафарларга буркаймиз, илло шу юрт осойишталиги учун масъулмиз, унинг самосини оппоқ кабутарлар маконига айлантирамиз. Кўнглида ғараз ғовлаган, тинчликка раҳна солмоққа уринаётганларни асло омонда қўймаймиз. Жондан кечсак кечамиз, аммо сендан кечмаймиз, тинчлик. Сени асраймиз кўз гавҳаридек..

Субҳи содиқ кўзин очмай, тонг оппоқ рўмолин бошига ташламай, озорланган юрагига малҳам истаб, хориждаги хунрезликлардан қалби ларзага келиб, иймонсизларга иймон, шафқатсизларга шафқат, дунё болалари-ю оналарига омонлик тилаб дуога қўл очаётган донишманд отахону онахонлар. Ишонинг бир кун дуойингиз, илтижоларингиз ижобат бўлгай, имонсизлар инсофга келгай, қахрлилар муҳаббатга тўлгай. Ўша улуғ кунда кўҳна дунё ходисотлари ичинда ёмонлик, ёвузлик, разолат, ваҳшийлик каби сўзлар йўқолгай абад. Буюк Шарқдан кўтарилган ҳаёт қуёши бани одамзод юрагига нур бўлиб инур, қуёшни севмаслар қолмас у маҳал. Одамизот эзгулик остида бирлашиб, қўлин-қўлига бериб, тинчлик қўшиғин куйлар баралла. Дунё осмонида бир қўшик- тинчликнинг гулгун қўшиғи янграр, дунё тилида. Қўлларига шарчалар, гулдасталар ушлаб олган оқ, қора танли болажонларнинг қувноқ овози оламни бахтиёрликка чулғар. Қирғинбарот урушлар эртакларда қолиб ўтмишнинг қора тарихига айланур. Кулфат ва зулмат чекиниб, бахт ва иқбол қучгай одамларни. Толе кулиб боққай абадий.

Маслакдош, қалби сахий юртдошларим, мовий самоси сокин, сеҳрли юртимизни, унинг тинчлигини меҳригиёдек тилимиз остида сақлайлик. Ҳар сония дилдан кечадиган “Тинчлик учун, уни асраш учун мен қандай ҳисса қўшяпман?” деган саволга жавобимиз бисёр бўлсин. Бахтиёр кунларнинг қадрига етаётган азиз ватандошим, сиз тинчликни асраш учун бугун нима қилдингиз, эртага-чи?

Тинчлик ҳукмрон экан, сочларига оқ толалар оралаган онаизорингизнинг, кемшик тишларини кўрсатиб кулаётган болажонингизнинг табассуми бардавом ва барҳаётдир. Яшашдан асл мурод-муддаоингиз ҳам шу эмасми, бу силсилали очунда! Онажонингиз ва болажонингизнинг қувончдан порлаётган юзларига боқмоқ улуғ бахт, буюк шараф. Бу бахт, бу шараф мангу йўлдошингиз бўлсин! Тинчлик-эл шодлиги, тинчлик-ширин дийдор, тинчлик-фаровон ҳаёт, тинчлик-омонлик, тинчлик-осуда остонамиз, тинчлик-фарзандлар камоли, тинчлик-қудрат,
тинчлик-ҳикмат, тинчлик-тириклик қўшиғи,
тинчлик-ҳаёт қуёши, тинчлик-орзулар рўёби…

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube