НАФС БАНДАЛАРИ

Азалдан асл ўзбек оилаларида комил фарзанд тарбияси оила фаровонлигида муҳим аҳамият касб этиб келган. Жигарбандларини ҳалол луқма билан озиқлантириб, оқ ювиб, оқ тараб элга нафи тегадиган инсон этиб тарбиялаш ота-оналар учун жуда катта шараф ҳисобланган. Ҳатто ён қўшнининг деворидан ҳовлиси томонга осилиб турган шоҳдан тўкилган меваларни териб ейишга ҳам ботинолмаган, фарзандларини ҳам ана шу инсоний ақидаларга қатъий амал қилишга ундаган.

Бироқ орамизда шундай нафс бандалари борки, ер билан бир бўлиб ётган девор-дармиён қўшнининг меваларини териб ейиш тугул ҳатто оқ ювиб оқ тараган ота-онаси, яқинларининг чўнтагига ҳам кўл солишдан ҳеч тап тортмайди. “Тузини еб тузлиғига тупурган” бундай разил кимсалар ўз ғаразли мақсадлари йўлида ҳатто
виждон, иймон деган тушунчаларни ҳам аллақачон ҳазм қилиб юборган.

Судланувчи Р.Турабоев 2017 йил 25 апрел куни онаси Турабоева Одина Эралиевнанинг Фарғона шаҳар, Ойбек кўчаси 16 Б-уй 69-хонадонига ўгай отаси Ф.Хусановнинг калитидан ўзига сездирмасдан нусҳа олиб, ушбу калит орқали ғайриқонуний равишда уйга кириб, шкаф ичидаги жомадондан 4.900.000 сўм пул маблағларини яширин равишда ўғирлаб, ўз шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Осон йўл билан даромад топиш “мазаси” иштаҳасини карнай қилиб юборган Р.Турабоев ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттирган ҳолда энди бобоси Э.Қурбонбоевнинг Фарғона шаҳар А.Муҳаммадиева кўчаси 38 А-уйидаги ётоқхонасига ғайриқонуний равишда кириб, костюми чўнтагидан 200.000 сўм пулларни яширин равишда талон-тарож қилиб, ўзининг жиноий ҳаракатларига шубҳа уйғотмаслик учун ушбу пуллар ўрнига олдиндан тайёрланган икки томонига 1000 сўмлик банкнотлар ва орасига оддий қоғозларни жойлаб икки боғлам “соҳта пуллар”ни қўйиб воқеа жойидан ғойиб бўлади.

Тушаётган кунлик “даромад”га ҳам бора-бора қаноат қилмай қўйган Р. Турабоев ёнига ўзига ўхшаган “шоввозлар” В. Қурвонбоев ва Х. Юнусоваларни йиғиб, улар билан тил бириктириб Фарғона шаҳар Қиргули мавзеси 32-уй 32-хонадондаги мулкларни яширин равишда қўлга киритишни олдиндан режалаштиришди.

Режага кўра жиноий гуруҳ аъзоларига Х.Юнусова ушбу хонадон ҳақида керакли маълумотларни тўплаб бергач, Р.Турабоев ва В.Қурвонбоевлар 2017 йил август ойи бошида Фарғона шаҳар Қиргули кўчасида жойлашган 32-кўп қаватли уйнинг деразасидан кириб, фуқаро М.Юнусовага тегишли бўлган умумий қиймати 1.920.000 сўмлик 32 дюмли бир дона “LG” русумли телевизор, бир дона 200.000 сўмлик DVD қурилмаси, бир дона 640.000 сўмлик чангютгич, 1.000.000 сўмлик идишлар тўплами, бир дона 200.000 сўмлик дазмол, бир дона 800.000 сўмлик мини кондиционер, бир дона 300.000 сўмлик электро-насос, бир дона 30.000 сўмлик соатни яширин равишда талон-тарож қилиб, кейинчалик ушбу нарса-буюмларни Қиргули мавзесида жойлашган “Пеликан” бозорида номаълум шахсларга жиноий йўл билан сотиб юбориб, “тушум”ни ўзаро тенг тақсимлаб олишган.

Бундан ташқари гуруҳ аъзолари ўзларининг дастлабки жиноий ҳаракатлари муваффақиятли амалга ошгандан сўнг нафслари янада ҳакалак отиб шиноий шериклари Юнусова Хилолахон Қодировнанинг ҳозирда бирга яшамайдиган турмуш ўртоғи Д.Юнусовнинг хонадонини ўмаришни режалаштиришади.

2017 йил 29 август куни Х.Юнусова, Р.Турабоев ва В.Қурвонбоев билан шаҳар марказида учрашиб, улар билан бирга йўловчи автомашинада Қўштепа тумани Янгиариқ МФЙ, Янгибўстон кўчасида жойлашган 50-хонадон олдига келиб, автомашинадан тушиб қолишгач, Х.Юнусова шерикларига хонадон ва ундаги бойликлар тўғрисида йўл-йўриқлар беради. Ўзи эса уларни ташқарида кутиб туришини айтади. Жиноий гуруҳ аъзолари юзларига ниқоб тақиб, хонадон эгалари Ғиёсиддин Юнусов ва унинг турмуш ўртоғи Санобархон Юнусовалар ётган хонага бостириб кириб, ўзлари билан олиб кирган пичоқдан фойдаланиб, уларга ҳужум қилишади. Талончилар уй эгаларини ўлдириш билан қўрқитиб, зўрлик ишлатиб, уриб-дўппослаётган пайт-да шовқин овозини эшитиб чиққан С.Юнусованинг қизи М.Юнусовага ҳам ташланиб, унга ҳам тан жароҳати етказишади. Хонадондаги темир сейфда бўлган жами 18 млн.сўм пул ва умумий қиймати 1,5 млн сўмлик тилла буюмларини талон-тарож қилиб, воқеа жойидан яширинишади. Шундан сўнг шерикларини кутиб турган М.Юнусова билан Янги- бўстон кўчасидан оқиб ўтган канал ёнида учрашиб, жиноят содир этишда фойдаланган 2 дона пичоқ, бир дона ниқоб ва бир дона сумкани каналга ташлаб воқеа жойидан яширинишади.

Суд ҳукмига кўра Х.Юнусова Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 28,164-моддасининг 3-қисми “в” банди, 169-моддасининг 2-қисми “в,г” бандлари билан айбдор деб топилиб, иш ҳақининг 20 (йигирма) фоиз миқдори давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда 2 (икки) йил 6 (олти) ой аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси билан сийланди. Шунингдек Жиноят Кодексининг 50-моддаси 6-қисми, 59,61-моддаларига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиб, ўташ учун узил-кесил 10 (ўн) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судланувчи В.Қурвонбоев Ўзбекистон Респуб- ликаси Жиноят Кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди, 169-моддасининг 2-қисми “в,г” бандлари билан айбдор деб топилиб, ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиб, ўташ учун узил-кесил 13 (ўн уч) йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Р.Турабоев эса Ўзбе- кистон Республикаси ЖКнинг 64-моддаси 3-қисми “в” банди, 169-моддасининг 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, ЖКнинг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддасига асосан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг ҳукми билан тайинланган аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси қисман қўшиш орқали узил-кесил 14 (ўн тўрт) йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

М.МАНСУР.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube