ХАЙР БОҒЧА, САЛОМ МАКТАБ

Боғчанинг бағри доимо кичкинтой болажонлар билан гавжум, уларнинг беғубор кулгулари билан янада файзли ва жўшқиндир.

Эрта тонгдаёқ шаҳримиздаги 19-болалар мактабгача таълим муассасасида ҳам байрамона руҳ мужассам бўлди. 61 нафар кичкинтой ўғил-қизларини боғча қучоғидан мактаб томон йўллашади бугун улар. Бўйлари ўсиб, бийрон ва билимдон мактаб болаларига айланиш арафасида турган кичкинтойлар билим масканига қадам босаётганларидан беҳад мамнунлар.

Адрас ва атлас кўйлакчалари ўзларига ғоят ярашган жамалаксоч қизалоқлар, белларига чорси боғлаб, бошларига ўзбекона дўппи кийган ўғил болалар жўровозликда “Бу ўлканинг бахти-иқболи биз ўғил-қизлар” қўшиғини мароқ ва шодумонлик билан куйламоқдалар. Қўшиқ жажжи тарбияланувчилар ижросидаги “Гуллар ва қушлар” рақсига уланиб, бахтиёр болажонларнинг хушнуд овозлари атрофни тутди…

-Боғчада иш ҳамиша самарали ва бардавом. Тарбиячилар ўз вазифаларини масъулият билан адо этадилар. Болаларга ҳам меҳрибон ва ширинсўз, — дейди тадбирда иштирок этаётган тажрибали педагог, меҳнат фахрийси Муборакхон Мамажонова. Менинг барча набираларим шу боғчада тарбияланишади. Мен уларнинг таҳсинга лойиқ меҳнатларини доимо қадрлайман.

Муассасамизда Муяссар Тўрабоева, Холида Содиқова, Дилноза Турсунова, Малика Аҳмедова, Мухтора Бадалбоева, Нодира Шарипова, Муаттар Ғофурова ҳамда Одина Исмоилова каби маҳоратли тарбиячиларимизнинг меҳнатларидан ота-оналар доимо мамнун. Му-
раббийлар ҳар бир бола билан индивидиуал иш олиб бориб, уларнинг ақлий ривожланиши учун бор куч, билим ва имко-
ниятларини сарф этмоқдалар, дейди МТМ мудираси Матлуба Якубова. Болаларимиз илк тарбия ва билимни боғча бағрида олади. Шунинг учун ҳам тарбиячиларимиз уларнинг тафаккур ва дунёқарашларини ўстириб бориш учун янги педагогик технологиялардан унумли фойдаланмоқдалар.

— Боғчамизда машғулотлар сифатига катта эътибор қаратаяпмиз. Болажонлар “Бадиий адабиёт”, “Нутқ ўстириш”, “Саводга тайёрлаш” каби машғулотларга катта қизиқиш билан қатнашадилар, — дейди
тажрибали услубчи Муяссар Тўрабоева. Болани қизиқтира олиш эса ҳар бир тарбиячининг маҳоратига, изланиш ва интилишларига боғлиқдир.

Бугун илк қадамларини ташлаётган бу ширинтой-кичкинтойлар эртага улғайиб, комил инсонга айланишларига шак –шубҳа йўқ.

М.ОБИДЖОН қизи.

Д.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube