ТАБАССУМИНГ БАҲОРДЕК ГЎЗАЛ…

Болалар! Улар тонг-дек беғубор, жон қадар меҳрга ташна, бинафшадек масъум, эрксевардирлар. Болалар эзгулик элчиси, дунёни уруш, қирғин, разолат, ёвузлик каби иллатлардан устун тутгувчи, кулгулари ила нуру
зиёга буркагувчи ширинтойлардир. 

Шаҳримиздаги 1-сонли Меҳрибонлик уйида “Биз озод юртнинг бахтиёр фарзандларимиз” шиори остида ўтказилган байрам хайрия тадбири чинакамига болажонларга шодлик ва қувонч улашди. Уларнинг бахтдан порлаётган юзларига боқар эканман, орзуларингиз боқий бўлсин, болакайлар деган тилак ўтди юрагимдан.

Тадбирни вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Сайёра Алимова очиб, болажонларни 1-июнь —  Халқаро болаларни  ҳимоя қилиш куни билан қизғин қутлади. Бугун бу ерда халқимизнинг бўлажак Ибн Синолари, Берунийлари, Навоийлари, Эркин Воҳидовлари  улғаймоқда, деди у ўз сўзида. У болажонларни фанлардан аъло баҳоларга ўқишга, меҳнатсевар ва интилувчан бўлишга чорлади:

— Азиз болажонлар, сизлар ҳамиша давлат ҳимояси, ғамхўрлиги ва эътиборидасизлар. Сизларга Ўзбекистон онадек меҳрибон. Сизлар она юрт болаларисизлар, миллат эртаси сизларнинг камолингиз билан ўлчанур. Ҳеч бир бола ҳеч қачон меҳр ва эътибордан четда қолмайди. Байрам шодлигингиз, беғубор кулгуларингиз бардавом бўлсин.

Байрам совғаларини вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Маъруфжон Турдиматов, вилоят Касаба уюшмалари бирлашмаси кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев, вилоят Қизил ярим ой жамияти раиси Юлдузхон Раҳимова, вилоят “Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш” маркази директори Зиёдахон Тешабоева ҳамда шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Эргашева улашиб, болажонларнинг қувончларига қувонч қўшдилар.

— Мен бугунги байрамимизда Ватан ҳақида қўшиқ куйладим. Ватанга бўлган фарзандлик меҳримни қўшиғим орқали армуғон этдим. Зотан, бизнинг онамиз ҳам, отамиз ҳам Ватан!,-дейди болалар уйи тарбияланувчиси Муниса  Дадахонова. Мен келгусида истеъдодли қўшиқчи бўлиб, Ватаннинг бетимсол жамолини жўшиб куйламоқчиман. Менга бир олам қувонч ила байрам совғаларини инъом этган хомийлардан бир умр миннатдорман.

— Болалар уйимизда бундай хайрли тадбирлар жуда кўп бўлади. Бир неча ҳафтадирки, “Қувноқ стартлар”, “Соғломжон-Полвонжон”, волейбол, шахмат-шашка каби спорт ўйинлари бўлиб ўтаяпти. Мусобақаларда ғолиб чиққан Икром Мелибоев, Муҳаммадқодир Тўраев, Снежана Жўраева, Диана Ражпольская, ҳамда Илҳом Мелибоев, Фаррух Тушин, Абдухалил Абдураҳимов каби фаол ўқувчиларимиз ҳам бугун байрам совғаларини олганликларидан мамнун эканликларини айтиб, миннатдорчилик билдирмоқдалар, — деди Меҳрибонлик уйининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Лочинбек Мадолимов.

Хайрия тадбирини шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси, шаҳар ҳокими ўринбосари Дилноза Эргашева якунлаб, шаҳримизга болажонларни йўқлаб келган мутасаддиларга ташаккур изҳор этди.

Ана болажонларнинг баҳордек гўзал табассумидан олам кулиб, нурдек парча меҳр қалбларимизга инаяпти…

Уларга муҳаббат билан боқинг, дунёни камалак рангида кўрасиз. Уларнинг жажжи қўлчаларидан тутинг, саодат манзиллари сари одимлайсиз!

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube