МУРУВВАТДАН КЎНГИЛЛАР ШОД

Меҳр–шафқат, мурувват инсон зийнатидир. Халқимиз орасида минг йиллар давомида сайқалланган, асрлар силсиласидан бешикаст ўтиб келаётган бир қадим ва қадрли қадриятимиз бор. У инсонларни хайрихоҳлик ва оқибатга чорловчи буюк одамийлик туйғуси билан суғорилган саховатпешаликдир.

Йил бошидан буён бир неча марта мурувватга муҳтож, кам таъминланган оилалар қалбига қувонч улашаётган бу хайрия тадбирлари муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ила Республика касаба уюшмалари федерацияси кенгашлари томонидан ташкил этилмоқда.

Шаҳримиздаги муҳташам 9-Болалар санъат ва мусиқа мактабининг залида ташкилланган хайрия тадбирини шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Эргашева кириш сўзи билан очиб, муборак рўзаи рамазон кунларида инсонларнинг бир-бирларига меҳр-оқибат кўрсатиши юксак инсоний фазилат эканлигини таъкидлади. Сўнг йиғилганлар шу мусиқа мактабининг устози хушовоз хонанда Аъзамжон Аҳмадалиев ижросида соҳир қўшиқ тингладилар. Байрам дастури мусиқа мактаби ўқувчиларининг хоразмча рақси-ю, шўх тароналарига уланди.

Барча МФЙлар рўйхати бўйича шакллантирилган моддий ёрдамга муҳтож оилаларнинг вакилларига тўрт комфорали газ плитаси навбатма-навбат тарқатилди.

— Мен Усмонова Шарофат Янги Марғилон шаҳарчасида яшайман. 3 нафар фарзандим бор. Бугун жуда қулай ва сифатли газ плитасига эга бўлганимдан беҳад шодман. Авволо бизларнинг ғамхўримиз бўлган Президентимиз омон бўлсинлар, дея кўзларига ёш олади… Мен бу давлатимиз томонидан берилган қимматбаҳо совғани қабул қилар эканман, юртбошимизга чексиз миннатдорчилик билдираман.

Жорий йил давомида моддий ва маънавий кўмакка муҳтож 181 нафардан зиёд оилаларни музлатгич, кир ювиш машинаси, пилесос каби уй-рўзғор учун зарур маиший техника буюмлари билан таъминладик. Келгусида ҳам муҳтожларнинг яшаш шароитларини ўрганиб, хонадонларини таъмирлаб бериш каби эзгу ишларимизни давом эттиришга ҳаракат қилаяпмиз.

Шу куни шаҳримизда истиқомат қилувчи 50 нафар фуқаро замонавий ва рўзғор учун ҳар томонлама қулай газ плитасига эга бўлиб, яхши ва фаровон яшашлари учун яна бир имкониятга эга бўлдилар. Улар газ плитасини олиб, хушкайфияту шодонликда хонадонларига йўл олдилар. Бугун шаҳримиздаги эллик нафар кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларда чинакамига мурувват байрами сурури ҳукм сурмоқда.

 

Зулфизар ЮСУПОВА,

Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касабауюшмаси шаҳар Кенгаши раиси.

Маҳфуза МАДЪЯРОВА,

Таълим, фан, маданият ходимлари касаба уюшмаси шаҳар Кенгаши раиси.

Д.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube