МИССИОНЕРЛИКНИНГ ЖАМИЯТГА ТАҲДИДИ

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» номли тарихий асарининг учинчи бобида ҳозирги давр глобаллашув жараёнлари таъсирида тобора кенгайиб, янги-янги йўналишларда намоён бўлаётган маънавий таҳдидлар масаласи чуқур илмий-амалий таҳлил қилиб берилган. «Айни пайтда, — деб таъкидлайди И.Каримов, — ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, ҳар қандай тараққиёт маҳсулидан икки хил мақсадда – эзгулик ва ёвузлик йўлида фойдаланиш мумкин. Агарки башарият тарихини, унинг тафаккур ривожини тадрижий равишда кўздан кечирадиган бўлсак, ҳаётда инсонни камолотга, юксак марраларга чорлайдиган эзгу ғоя ва таълимотлар билан ёвуз ва зарарли ғоялар ўртасида азалдан кураш мавжуд бўлиб келганлигини ва бу кураш бугун ҳам давом этаётганини кўрамиз».

Миссионерликнинг маънавиятимизга таҳдиди шуниси билан ҳам хавфли ва хатарлики, унинг асосида дунё халқлари орасида катта таъсирга эга бўлган Католик черковининг тадрижий равишда олиб бораётган диний раҳнамолиги ва кўмаги ётибди.

Миссионерлик ҳаракатининг кенг ёйилишига имкон берувчи асосий омиллар сифатида: айрим давлатлар томонидан турли шаклда кўмак берилиши, илмий тадқиқот марказлари ҳамда замонавий тарғибот воситаларига эгалиги, сиёсий ўйинларда фаол иштирок этишларини кўрсатиш мумкин. Масалан, уларнинг ҳаракатига қайси давлатларда қаршилик кўрсатилса, дарҳол инсон ҳуқуқлари бузилмоқда, деб, даъво қилиниши оддий бир ҳолдир.

Ўзбекистонда мустақилликка эришилгандан сўнг халқимизнинг маънавий маданиятини тиклаш сари дадил қадамлар қўйила бошланди. Албатта, бунда маънавиятимизнинг узвий таркибий қисми ҳисобланган диний эътиқоднинг эркинлигини таъминланишига алоҳида эътибор қаратилди. Фуқароларнинг диний ҳуқуқлари қонун билан кафолатланди. Афсуски, эътиқод эркинлигига берилган ҳуқуқдан фойдаланиб, моҳиятига кўра эзгулик ғояларига йўғрилган динларни сохталаштиришга уринувчи турли йўналишдаги зарарли оқимлар билан бир қаторда миссионерлик ҳаракатлари ҳам пайдо бўлди.

Миссионерлик ҳаракатлари пайдо бўлишининг бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган икки сабабини алоҳида кўрсатиш зарур. Биринчиси, дунёдаги асосий динлардан бири бўлган «ислом омили»нинг еркуррасидаги таъсир доирасининг ортишидан ҳадиксираш, иккинчиси эса сохта демократия шиорларини кўтариш билан фуқаролик жамиятини қуриш йўлини танлаган янги мустақил давлатларни ўз таъсир доирасига олишга интилиш истагидир.

Миссионерлик ҳаракатларининг маънавиятимизга таҳдидини яхши англаш ва тасаввур қилиш унга қарши кураш йўлларини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Миссионерлик ҳаракати, аввало, аниқ бир шахсга, яъни иймон-эътиқоди мустаҳкам шаклланмаган, ўз ҳаётини тўғри йўлга қўя олмаган, шахсий муаммолар гирдобида қолиб тушкунлик кайфиятига тушиб қолган кишиларга ёки ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёшларни ўз домига илинтиришга қаратилмоқда. Одатда бундай кишиларни муқим иш жойига эга эмаслиги ва ёшларнинг қизиқувчанлиги уларга жуда қўл келади. Шахсий манфаатларни кўзлаб иш бошловчи миссионерлар учун уларни ўз ортидан эргаштириш унчалик қийинчилик туғдирмайди. Диний рангли китоб совға қилиш ёки маиший харажатлар учун «беминнат» ёрдам қўлини чўзиш орқали улар ўз мақсадларига осонликча эришмоқдалар. Бу ҳаракатлар аслида узоқни кўзлаб ташланган сиртмоқ эканини дастлаб улар дарҳол сеза олмайдилар. Аммо бу қармоқ ўткир заҳарланган бўлиб, охир оқибатда катта ҳаётий фожиаларга олиб келиши аниқ. Бошқача айтганда, бу сиртмоқ уларни «янги дин»ни қабул қилишга, яъни прозелитизм ҳодисасининг юз беришига асос бўлади.

Прозелитизм таъсирининг иккинчи қадами кишини оила аъзолари ва яқин қариндошларига катта муаммолар туғдира бошлайди. Оила муносабатларида муросасиз кураш ва ички таҳдидлар пайдо бўлади. Янги динни қабул қилган шахс ўзи яккаланиб қолишидан қўрқиб, яқинларини ўзига қўшилишга турли усуллар билан даъват қила бошлайди. Оқибатда, оила ва қон-қариндошлик, дўст-биродарлик алоқалари узила бош- лайдики, бу ҳолат оила ҳамда жамият учун жиддий маънавий таҳдидлар туғдиради.

Прозелитизм ботқоғига ботган иймонсиз кимсаларнинг учинчи қадами яшаш тарзининг тубдан ўзгариши билан характерланади. Улар ўз-ўзидан оила ва маҳалла муҳитидан ажралганлиги боис жамият учун хатарли ва манфур кимсага айланадилар. Шахсий ҳаётида ҳеч бир нарсанинг қадр-қиммати қолмай яккаланиб қолган иймонсиз одам учун миллат ва она-Ватанга ҳам хиёнат қилиш оддий бир савдога айланади. Афсуски, бундай кимсалар иймон ва эътиқодни сотиш ва сотиб олиш мумкин эмаслигини унутиб қўядилар. Миссионерлар ўз ҳаракатларида алдов ва мажбурлаш каби методлардан кенг фойдаланилмоқда. Бундай ҳолат уларга қарши курашда қонун кучидан самарали фойдаланишни тақозо этади.

Бунинг учун юқоридаги фикрларга таянган ҳолда миссионерлик ва прозелитизмга қарши кураш олиб боришда қуйидаги вазифаларга алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқ бўлади:

— ҳар бир фуқарода диний эътиқод, виждон эркинлиги ҳуқуқига тўғри муносабатни тарбиялаш;

— ҳар бир инсонда диний бағрикенгликни шакллантириш;

— ҳар бир динга худди ўзининг динига бўлгани каби ҳурматда бўлиш;

— ўз динини бошқа динлардан устун қўймаслик;

— ўз иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш;

— оилада диний маданиятни тўғри шакллантириш;

— маҳаллада диний маърифатни тўғри ва самарали йўлга қўйиш;

— аҳоли орасида миссионерлик ва прозелитизмнинг фожиали оқибатлари тўғрисида суҳбатлар ташкил қилиш;

— диний ва этник гуруҳлар ўртасида миссионерлик ва прозелитизмга қарши муросасиз кураш олиб бориш бўйича соғлом муҳит яратиш.

Фақат шу каби маърифий йўллар билан миссионерлик ва прозелитизм маънавий таҳдидининг олдини олиш, ундан кўзланаётган турли ёвуз сиёсий ўйинларнинг пайини қирқиш, миллатлар ва элатларнинг бир маконда ўз эътиқодига кўра эркин яшашларини таъминлаш мумкин бўлади.

 

Шуҳратжон МАДРАҲИМОВ,

Ўзбекистон МТДП шаҳар Кенгаши раиси, Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube