ДАСТУР — ЭЪТИБОР ВА НАЗОРАТДА

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва ҳамкор идоралар томонидан ишлаб чиқилган “Фарғона вилоятида вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда амалга ошириладиган комплекс чора-тадбирлар” дастури шаҳримизда ҳам изчил амалга оширилмоқда.

Хусусан, шаҳардаги 54 та маҳаллада маҳалла раислари, профилактика инспекторлари, ўқитувчи-педагоглар, намунавий оила вакиллари, меҳнат фахрийлари ва нуронийлар, ҳуқуқ-тартибот органларидан нафақага чиққан фаоллардан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳлари томонидан вояга етмаганлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Жумладан, ишчи гуруҳи аъзолари шаҳар ИИБ ҳисобида турган 21 нафар вояга етмаган ўсмирларнинг хонадонига бориб, уларнинг турмуш шароитларини, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганишди. Мазкур оилаларга ижтимоий-ҳуқуқий ва маънавий кўмак бериш мақсадида “Нуроний” жамғармаси фаолларидан масъуллар бириктирилди.

Шунингдек, шаҳарда вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида белгиланган режа асосида “Тиғ” махсус тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Хусусан, Политехника касб-ҳунар коллежида “Тиғ” ва давомат тадбири ўтказилиб, ўқувчиларга вояга етмаганлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар ҳамда жиноят учун жазо муқаррарлиги таъминланаётгани ҳусусида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда шаҳардаги барча маҳаллалар кесимида вояга етмаганлар ва ёшлар тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилган.

Бундан ташқари шаҳардаги бозорлар ва уларнинг атрофида назоратсиз юрган вояга етмаганлар аниқланиб, ота-оналари тегишли тартибда огоҳлантириб, профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда. Дастурда белгиланган тартибда вояга етмаган ёшларни уч тоифага яъни жиноят содир этган, ҳуқуқ-бузарлик содир этишга мойил бўлган ва намунали тарбияга эга бўлган тоифаларга ажратиш ва ҳар бир тоифа билан аниқ тадбирларни амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, вояга етмаган ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш комплекс чора-тадбирлари дастури доимий эътибор ва қатъий назоратда. Зеро, бу умумий иш муваффақиятга хизмат қилиши шубҳасиз.

Азизжон ХОЛМАТОВ,

шаҳар прокурори ёрдамчиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube