БИЛИМ СОТИЛМАС, ОЛТИНГА ТОПИЛМАС!

Олий ўқув юртларига кириб таҳсил олиш ёки унинг тест синовларидан ўтиш учун ҳар бир ёш етарли билимга эга бўлишлари зарур. Ахир онгу тафаккурида билимсизлик бўлса, албатта қинғир йўлни излайди-да!

Судланувчи Х.Маматқулов бир гуруҳ шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, сохталаштирувчининг ўзи ёки бошқа шахслар фойдаланиши мумкин бўлган, муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжатларни тайёрлаб, ҳужжатнинг қалбаки эканлигини билатуриб, қасддан жиноят содир этган.

Жумладан у жиноий шериги Т.Алимова билан ўтган йилнинг июль ойида Андижон вилояти, Балиқчи тумани, Арчазор кўчасида яшовчи фуқаро Р.Нурматованинг аниқ фанлардан яхши билимга эга эканлигидан хабар топиб, уни жиноятга жалб этади. Айбланувчи уни давлат тест имтихонларига бошқа бир шахснинг ўрнига киришга кўндириб, Фарғона Политехника Институтининг Машинасозлик факультетига фуқаро Т.Алимованинг номидан сохта ариза ёздиради. Ғараз мақсадларда институтга ўзганинг ҳужжатини топширишга эришган, қалбаки ариза ва тилхатлардан фойдаланган Р.Нурматова 2017 йил 1 август куни Т. Алимованинг ўрнига Давлат тест имтихонларига киришга эришади. Тест давомида унинг номидан жавоблар титул варағини тўлдириб, унинг номидан сохта имзо қўяди. ..

Судланувчи Х.Маматқулов судда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ҳақиқатдан ҳам у таниши Т. Алимованинг ўқишга киришига ёрдам бермоқчи бўлиб, Балиқчи туманидан бўлган Р.Нурматованинг билимидан нопок мақсадларда фойдаланмоқчи бўлганлигини, яъни уни Фарғона Политехника Институтига бир қизнинг ўрнига тест имтихонларига киришга, шу йўл билан ўз билимини ҳам синаб кўришга кўндирганлигини тан олади. Шу куни у Р. Нурматованинг уйига келиб , 1 август куни тест имтихонларига ўзга шахснинг ўрнига кириб чиқишини, унга зиён етмаслигини, ҳамма ишни ўзи ҳал қилишини билдиради. Р.Нурматова унинг таклифига рози бўлади ҳамда 2017 йил 30 июль куни Фарғона Политехника институтига келиб, сох- талаштирилган тест имтихонларига кириш рухсатномаси яъни “ДТМ”ни олади. Масъул мутасаддиларни чалғитишга уринган Р.Нурматова давлат тести ўтказилаётган аудиторияда Таманно Алимованинг номига расмийлаштирилган саволлар китоби ва титул варағини аудитория назоратчисига топшираётганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинади…

Зотан, билим сотилмайди, у йиллар давомида ўқиб, ўрганилади. Унга осонгина эришмоқни истаганлар эса доғда қоладилар.

Нажмиддин ПОЛВОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК Департаментининг шаҳар бўлими инспектори.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube