“ХИЗМАТ”ГА ЯРАША “МУКОФОТ”

Ёмоннинг бир қилиғи ортиқ, дейди машойихлар. Яхши инсон тубан ишлардан ҳазар қилади, эл олдида бошини ҳам қиладиган, жамият маънавий муҳитига зиён етказадиган ишлардан асранади. Эртага қилмишим ошкор бўлиб қолса, маҳалла –кўй олдида ким деган одам бўламан, улар қўлларини бигиз қилиб кўрсатсалар, виждоним қийналмайдими, дея номақбул ишлардан ўзини тияди.

Судланувчи Ж.Имомалиев яшаётган хонадонига Дилором ва Шоҳруҳ кириб келиб, ҳатто ёзишга ҳам истиҳола қиладиган, эшитганда юз қизарадиган, одамийликдан йироқ иллат-ноқонуний қовушиш учун жой сўрайди. Эл орасида бадбин “қўшмачи“ номини олиб улгурган Ж.Имомалиев ҳеч иккиланмасдан уларга бир хона ажратиб, фаҳш ишларига шарт–шароит яратиб беради. Давлат қонунларини менсимай, хонадонини наҳсга ботириш эвазига топган 30 минг сўм пулини чўнтагига солаётганда қонун ҳимоячилари томонидан қўлга олинади.

Суриштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнида “ҳожатбарор” Жаҳонгир Имомалиев айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини, бошқа бундай ишларга асло қўл урмаслигини билдирди. Аммо, суд уни қилмишига яраша “мукофот”лашни лозим топди. Суд ҳукмига кўра у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131 моддаси 2 –қисми билан тўрт юз соат мабурий жамоат ишлари жазосига тортилди.

Шарқ халқларида оила муқаддас саналади. Беҳаёлик ва хиёнат кўчасига кирганлар эса қонун олдида жавоб беришга мажбурдирлар. Худди шунингдек, хонадонидан яширин, ғараз мақсадларда фойдаланмоқчи бўлган Ж. Имомалиев ҳам қинғир ишларидан пушаймон бўлиб, ер чизиб қолди…

Эр киши учун бундан ортиқ шармандалик бўлмаса керак, ахир.

Шоҳруҳ НУРМАТОВ,

Фарғона транспорт прокурори ёрдамчиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube