ҚИЛМИШ-ҚИДИРМИШ

Башариятнинг бугунию эртасига, инсон наслига жиддий тахдиди сабабли гиёҳвандлик аср вабоси номини олган. Дарҳақиқат, гиёҳвандлик жамият учун ўта зарарли иллат, жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик манбаи. Қолаверса, тузалмас дард- хасталикдир. Шу боис бутун дунёда жирканч бу иллатга, у билан боғлиқ жиноятчиликка қарши жиддий курашилмоқда. Жумладан, бизнинг мамлакатимизда ҳам бу мудҳиш иллатнинг пайини қирқиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши кураш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Бироқ, минг афсуски, айрим кимсалар иродасизлиги оқибатида бу иллат домига тушиб ғайриқонуний қилмишларини оқлашга уриняптилар. Аксарият ҳолларда бунинг учун турли баҳоналарни рўкач қилмоқдалар. Оқибатда гиёҳвандлик воситаларини фақат ўзлари учун сақлаш жиноят эмас, деб хомхаёлликка бормоқдалар. Турли-туман режалар тузиб, ҳеч қандай жазо олмайман чучварани хом санашяпти. Ваҳоланки, гиёҳвандлик воситасини фақат ўзи учун сақлаш, истеъмол қилиш ҳеч кимни жавобгарликдан соқит қилмайди.

Бунга прокуратурамиз назорат ости ҳудудида ўтказилаётган қатор профилактик тадбирларда қўлга тушган бир қатор шахслар яна бир бор амин бўлишди. Масалан, андижонлик Шерзод Машраповнинг (манзил ва исми шарифлар ўзгартирилган) бу борадаги хомхаёллиги, яъни режаси ҳар қандай инсонда унга нисбатан нафрат, ғазаб уйғотиши шубҳасиз. У аввал айнан гиёҳвандлик жинояти бўйича судланиб жазо ўтаётганига қарамай яна шу мудҳиш одатини тарк этмади. Турли жойлардан ёввойи ҳолда ўсиб ётган наша баргларини териб, уларга ишлов бериб, 6.1 грамм гашиш тайёрлади. Бу гиёҳвандлик воситасини сотаётиб, қўлга тушганида эса, яна бир разилликка қўл урди. Анчадан буён синфдоши Х.Зокировдан олган 500 доллар қарзидан ҳам халос бўлиш мақсадида, гиёҳвандлик воситасини синфдошимдан олган эдим деб унга туҳмат ҳам қилди. Бироқ, олий ҳакам вақт ҳамма нарсани ўрнига қўйди. Туҳмат, ёлғон гувоҳлик фош бўлди. Суд унга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг тегишли моддалари билан айбли деб топди ва унга нисбатан 3 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинлади.

Фарғоналик Фазлиддин Акрамов профилактик тадбирлардан бирида шахсини аниқлаш мақсадида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида унинг ёнидан 1,56 грамм гиёҳвандлик воситаси топилди. Оқибатда у дастлабки тергов-суриштириш жараёни ва судда ҳам гиёҳвандлик воситасини фақат ўзи чекиши учун сақлаганини, сотиш ёки бошқа бировга ўтказишни асло кўзламаганини, қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини изҳор қилмасин, бу изҳор ва кечиккан пушаймонлик асқотмади. Суд уни Жиноят Кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва унга ҳам ҳақли 3 йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинлади.

Минг афсуски, назорат ости ҳудудларидан бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Гарчи, қўлга олиниб, суд ҳукмига ҳавола этилган бу “қахрамонлар”нинг барчаси айбларига иқрор бўлиб, пушаймонлик билдирсаларда жазодан қочиб қутила олмадилар. Ҳа, қонун ҳаммага баробар, ҳар қандай жиноятга эса жазо муқаррар. Хомхаёллик билан қонунни четлаб ўтаман деганлар янглишади. Бунга юқоридаги хомхаёлларнинг қилмиш ва қидирмиши яққол мисол, амалий сабоқ бўлиши мумкин.

Илҳомжон АКБАРОВ,

Фарғона транспорт прокурори.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube