МАРҒИЛОН ТЕАТРИ ТАРИХИГА БИР НАЗАР

Театр – ижтимоий-маданий тараққиётнинг мазмунидир.

Ўзбекистоннинг қадимий ва навқирон шаҳри Марғилонда Драма театрининг очилиши, нафақат шу ҳудудда яшовчи аҳолини номоддий-маданий мероси балки, бутун Ўзбекистон мусиқа маданияти ва театр санъати жамиятининг бойлиги сифатида эътироф этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 5 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги “Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” деб номланган маърузасида мусиқа санъати ва маданиятини бир кўриниши бўлган театр санъатининг ўрни хақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Бугунги кунда Марғилон шаҳар Драма театрининг очилиши Президентимиз олиб бораётган маданият ва санъат соҳасидаги ислоҳотларнинг намунаси деб ўйлаймиз. Шуни айтиш жоизки, Марғилон шаҳрида олиб борилаётган бунёдкорлик, қайта қуриш, ободонлаштириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ишлари жадал суръатлар билан давом этмоқда. Марғилон Ўзбекистонни қадимий шаҳарларидан бири. 2000 йилдан зиёд бой тарихга эга бўлган, кўхна Марғилон асрлар силсиласи остида ўз қаддини тиклаган. Улкан тарихий обида ва манбааларни ўзида акс эттирган бу шаҳар бошидан не-не кулфатларни ўтказиб, давр тақозоси билан ёрқин йўлга чиқиб, қаддини кўтармоқда. Марғилон халқи ўзининг меҳнатсеварлиги, ишбилармонлиги, меҳмондўстлиги, ҳунармандчилиги ҳамда санъаткорлар шаҳри бўлганлиги билан ижтимоий-тарихий тараққиётимизнинг ҳар бир даврида чуқур из қолдириб келмоқда.

Аждодларимизнинг бой ва бебаҳо маданий мероси – неча минг йиллик тафаккури, ижод ва заковат махсуллари, бугунги кунда мусиқа санъати маданиятининг барча жанрларида ўз ифодасини топмоқда.

XIX асрнинг охирларида, яъни 1891 йилга келиб Марғилонда мусиқа хаваскорлик жамияти тузилиб, бунга 131 кишидан иборат бўлган моҳир созанда ва ашулачилар, аскиячи, сўз усталари, анъанавий халқ театр саҳна кўринишларини ўзида ифода этган жамоа шаклланган эди.

1890-1917 йилларда Марғилонда анъанавий театр труппаси ташкил этилиб, бу труппага ўзбек анъанавий театрининг йирик намоёндаси, рақс санъати устаси, Ўзбекистон халқ артисти, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов раҳбарлик қилганда Фарғона водийсида ўз ижрочилик санъати билан халқ меҳрига тушган Мадали хофиз Рахматуллаев, Абдужалил ҳожи, Мамажон Махсим Умрзақов, Сулаймон қори Мирзарахимов, Эрка қори Каримов, Уста Олим Комилов, Мухиддин қори Ёқубов, Ахрор қори Хасанов, Болтабой Ражабов, Маматбува Сатторов, Усмон қори Рахимбековлар каби санъаткорлар иштирокида “Келин тушди”, “Мамаюсуф”, “Бола ўқитиш”, “Суръат кўрсатиш”, “Шайтон”, “Ўлик сотди”, “Дор ўйин”, “Муддарис”, “Асалари”, “Етти аҳмоқ”, “Кичкинажон”, “Мироб боши”, “Хитойлик табиб”, “Майда-чуйда махлуқлар”, “Тошполвон хўкиз”, “Охунжон қўрбоши”, “Илмсиз куёвнинг уйланиши”,ўзбек мусиқа драма театри асосчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти Муҳиддин қори Ёқубов раҳбарлигида эса “Бой ила хизматчи”, “Фарғона фожеаси”, “Тухматчилар жазоси” каби асарлар илк бор саҳнага олиб чиқилиб, аҳолини маънавий-маданий тафаккурини ривожлантиришда муҳим ўрин эгаллаган.

1915-1916 йилларда Марғилонда маҳаллий аҳоли ёрдами билан “Дерсен” кинотеатри очилиб, бу кинотеатр қошида бадиий хаваскорлик ва анъанавий театр тўгараги ташкилланган. Тўгаракка моҳир мусиқачи Қурбон Чорбоев раҳбарлик қилган. Бу бадиий хаваскорлик ва анъанавий театр шу даврдан бошлаб, Марғилон шаҳридаги илк маданий шахобча бўлиб, санъатни барча соҳаларида фаолиятларини ривожлантириб, халқнинг ҳурматини қозона бошлашган.

ХХ аср бошларида Охунжон қизиқ Хузуржонов, Тамарахоним, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Нурхон Йўлдошхўжаева, Мукаррама Турғунбоева, Боборахим Мирзаев, Саодат Қобулова, Берта Давидова, Гавхар Рахимова каби санъатимизнинг ёрқин юлдузлари кириб келди. Бу санъат дарғалари ижодий фаолиятига назар ташласак, Юсуф қизиқ Шакаржонов 1888-1892 йиллари “Чодир хаёл” қўғирчоқ театрида, 1904 йилда Тошкентда Муллабой Мансуров циркида, 1926-1928 йиллари ўзбек давлат этнографик ансамблларида, Мухиддин қори Ёқубов 1926 йил Самарқандда давлат сайёр концерт этнографик труппасини ташкил қилган, шу концерт этнографик труппа заминида 1929 йили Тамарахоним билан биргаликда Ўзбек давлат мусиқали драма театрини ташкил қилган ва унга директор, бадиий раҳбар бўлиб, 1933 йилгача ишлаган.

1930 йили Фарғона вилояти “Мусиқали драма ва комедия театри” ташкил топиши муносабати билан Марғилон анъанавий театр труппаси ушбу театрга бирлаштирилди. 1925-1927 йиллари Марғилон шаҳрида “Атлас” ва “Ипак” ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилиб, бу корхоналар таркибидаги шаҳобчалар қошида бадиий хаваскорлик ва анъанавий театр тўгараклари мавжуд бўлган. Бу тўгаракларда Марғилон шаҳрида ўз санъати билан эл ардоғида бўлган Холматжон Қурбонов, Назиржон Камолов, Мамасиддиқ Мадалиев каби устозлар мусиқа раҳбари бўлиб ишлаган. 1956 йилга келиб ишлаб чиқариш корхонасига қарашли бўлган бадиий хаваскорлик жамоаси биноси шаҳар маданият уйига олиб берилиб, бу маданий марказ, ХIХ аср бошларида Марғилон санъаткорлари сафида профессионал театр сохасига кириб келган биринчи ўзбек раққосаси ўн олти ёшида санъат қурбони бўлган Нурхон Йўлдошхўжаева номи билан аталган.

Марғилон театрига шу даврларда бош режиссёр сифатида Аҳмаджон Нишонов раҳбарлик қилди. Театр ўз иш фаолияти давомида профессионал анъанавий театр услубларини ўзида сақлаган ҳолда иш олиб бориб, жамоада Ханифа Шодмонова, Дадахон Хидоятов, Эркин Умаралиев, Хакимжон Қурбонов, Сора Ашурова, Ойша Мирзарахимова, Икромжон Махмудов, Адхамжон Охунов, Хабибулла Олтинов, Каромат Султонова каби хаваскор актёрлар томонидан Яхёхон Маматхоновнинг “Боқи билан Соқи”, Шукур Саъдулланинг “Далада байрам”, “Менинг азиз қишлоғим”, Иброхим Ахмедов ва А.Толиповларнинг “Гумон”, Х.Х.Ниёзийнинг “Захарли хаёт” каби саҳна асарларини намойиш этишган. Қисқа муддат ичида Марғилон театрига 1959 йили 10 октябрда Ўзбекис- тон Республикаси Маданият вазирлиги қарори билан “Халқ хаваскорлик театри” унвони берилди. Театр қошида сахна асарларини бадиий ғоявий мазмунини очиб беришда Мамасиддиқ Мадалиев ва Искандар Қаландаров бошчилигидаги мохир созандалар Ханифа Шодмонова, Ойша Мирзарахимова, Шокиржон Эргашев, Тиллахон Азимов, Зайлобиддин Юсупов, Қаюмжон Эшматов, Назиржон Камолов, Тожимамат Юсупов каби театр чолғу ижрочиларининг меҳнатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Мамасиддиқ Мадалиев ансамблга раҳбарлик қилиш билан бирга, сахна асарларига мусиқалар басталаб, саҳна кўринишига бадиий тус берган.

Марғилон “Халқ хаваскорлик театри”да бош режиссёр Аҳмаджон Нишонов ва режиссёр ёрдамчилари Ҳакимжон Қурбонов, Фозилжон Қўчқоровлар томонидан Ғайратийнинг “Кутилмаган келин”, Ёқуб Қаюмовнинг “Ўғил”, Маъруф Мадисовнинг “Бахт кулиб боққанда”, Уйғуннинг “Шубҳа”, “Қопқон”, Шароф Рашидовнинг “Бўрондан кучли” асарлари саҳналаштирилиб, томошабинларга хавола этилган.

Марғилон “Халқ хавас- корлик театри” мактабини ўтаган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Икромжон Махмудов узоқ йиллар давомида Жиззах вилояти драма театрида бош режиссёр лавозимида фаолият кўрсатди. Ўзбекистон халқ артисти Шокиржон Эргашев Ўзбекистон телерадиокомитети қошидаги Мақом ансамблида фаолият кўрсатиб, ўзбек санъати тарихида ўзларига хос из қолдирганлар.

Ҳозирги кунда Ўзбек театри ўз анъанавий қадриятларини авайлаб сақлаган холда, жахондаги илғор театр масканлари билан ёнма-ён ижод қилиб, янги камолат чўққиларига юз тутаётган бир пайтда, дунё халқларига кўз-кўз қиладиган мукаммал, кўркам театр ва санъат кошоналари қурилаётганлиги ўзбек халқининг ижтимоий-маданий маданияти барқ уриб гуллаётганлигидан далолат беради.

Марғилон шаҳрида ташкил этилган “Драма” театри эса бунга ёрқин мисол бўла олади.

Улуғбек РАҲМОНОВ,

Педагогика коллежи ўқитувчиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube