ЭНАГАНИНГ НОҚОНУНИЙ САФАРИ

Инсон хом сут эмган банда-да, бўлмаса кўра била туриб жиноят ёки ҳуқуқбузарликка қўл урмас эди. Аллақачон 46 ёшни қаршилаган мингбулоқлик Муҳаббат Эргашева (манзили ва исми шарифи ўзгартирилган) Ички ишлар идораларининг хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари томонидан бериладиган “Дуёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун рухсат берувчи” виза стикер рухсатномаларини расмийлаштирмасдан давлат чегарасидан ўтиш жиноят эканлигидан хабардор эди. Бироқ, у бу тартиб менга тааллуқли эмас, ахир Ўзбекистон чегарасидан ўтиб олиб, бир йилга яқин Россияда ишлаб юрган бўлсам, бу ёғини ким билиб ўтирибди деб ҳисоблаганди.

Зеро, у ҳақиқатдан ҳам бир неча йилдан буён Россия Федерациясининг Раменск шаҳридаги ҳонадонлардан бирида энагалик қилиб келарди. Турмуш ўртоғи эса шу хонадоннинг дала-ҳовлисида қоровуллик билан шуғулланарди. Шу боис хонадон эгалари дам олиш учун Миср Араб
Республикасига жўнаётганда, уларнинг уч нафар фарзанди энагаси сифатида бирга боришни таклиф қилишганда у ҳеч иккиланмай рози бўлди.

Бироқ, Муҳаббат Эргашева жорий йил 24 февраль куни Ўзбекистонга учиб келганида эса, шаҳар бедарвоза эмас деган нақлнинг тўғрилигига, қинғирликнинг охир-оқибат войлигига амин бўлди. Зеро, аэропортда унинг паспорти кўрикдан ўтказилаётганда виза стикер рухсатномаси йўқлиги аниқланиб, холислар иштирокида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Оқибатда унга нисбатан Ўзбе-
кистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддаси, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб мазмунан кўриб чиқиш учун судга ҳавола этилди.

Бошқача айтганда собиқ энаганинг ҳам саёхат, ҳам тижорат қабилидаги сафари ана шундай аянчли якун топди. Чунки суд унинг хатти-ҳаракатларида юқоридаги моддада кўзда тутилган жиноят аломатлари мавжуд деб топди ва унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баробари миқдорида – 4 миллион 493 минг 250 сўм жарима жазоси тайинлади. Шунингдек унинг фуқаролик паспорти яшаб турган тумани Ички ишлар бўлимига қонуний ҳал этиш учун юборилди.

Ҳа энаганинг Мисрга саёҳати, Қизил денгиз бўйидаги дам олиши ана шундай қимматга тушди. Тўғри судда М.Эргашева айбига иқрор бўлиб, бундай ҳолат ноқонуний эканлигини билмаслигини, шу боис адашиб хатога йўл қўйганини, қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини изҳор қилди. аммо, ҳар дамгидек, кейинги пушаймон асқотмади, у муносиб қонуний жазо олди. инчинун ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар, тартиб эса ҳаммага баробар.

Ўрни келганда қаҳрамонимиз қилмишидан бироз чекиниб, бундай қонунбузишларга хос умумий фактларга тўхталиб ўтиш жоиз. Чунки, аксарият ҳолларда давлат чегарасидан ўтиш тартибларини бузган ҳамюртларимиз қилмишларига Муҳаббат сингари қонун талабларини билмас-
ликларини рўкач қиладилар. Бироқ, қонун талабларини билмаслик ҳеч кимни жавобгарликдан соқит қилмаслиги ҳаммага аён-ку! Қолаверса, бугун юртимизда одам савдосидек глобал
муаммога қарши аёвсиз кураш туфайли ҳар куни чегара постларини айланиб ўтиш, турли йўллар билан хорижга бориш жиноят ва ҳуқуқбузарлик эканлиги таъкидланмоқда. Шундай экан, бундай баҳоналар ва пушаймонлик асқотмаслиги аён эди. Буни ҳаммамиз, айниқса хорижга турли ноқонуний йўллар билан ишга боришни орзу қилиб юрганлар ёдда тутиши зарур. Акс ҳолда, бу орзулар саробга айланиб, юқоридаги собиқ энаганинг ноқонуний сафари сингари аянчли якун топиши муқаррар.

Тохир ҲАМДАМОВ,

Фарғона транспорт прокуратураси терговчиси.

 

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube