ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ — ТАРАҚҚИЁТ ГАРОВИ

Ўзбекистон улкан имкониятлар мамлакатидир. Яқин келажакда уни жаҳондаги ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олиши бизнинг якдил, мақсадли ва манфаатли ҳаракатларимизга бевосита боғлиқдир.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни бажариш юзасидан қабул қилинган Фармони ҳамда Фарғона вилоят ҳокимининг 46-сонли қарори ижроларини таъминлаш мақсадида шаҳар ҳокимлигининг махсус қарори қабул қилиниб, ўтган ойлар давомида шаҳар худудида муайян ижобий ишлар амалга оширилди.

Йил бошидаёқ шаҳримизни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури доирасида бешта устувор йўналиши бўйича ривожлантиришга оид мукаммал дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга йўналтирилди. Дастурга асосан жорий йил давомида ижтимоий –иқтисодий соҳани ривожлантириш учун 443.8 млрд. сўм маб-лағ сарфланиши кўзда тутилган бўлиб, шундан 133.4 млрд. сўми лойиҳа ташаббускорларининг ўз маблағлари, 20.8 млрд. сўми давлат бюджети маблағлари, 278.4 млрд. сўми тижорат банклари кредит маблағлари ҳисобидан сарфланиши, шунингдек ишлаб чиқаришни модернизациялаш учун 2.5 млн. АҚШ доллари ҳисобида хорижий инвестиция киритиш режалаштирилган эди.

Дастур ижросини сифатли ва режали бажарилишини таъминлаш мақсадида 47 нафардан иборат ишчи гуруҳи, шунингдек уни таҳлил этиш, мувофиқлаштириб бориш ҳамда натижаларини вилоят комиссиясига тақдим этиб бориш мақсадида мониторинг гуруҳи ҳам ташкил этилди. Шаҳар ҳокимининг мазкур қарори ва дастури шаҳримиздаги барча корхона ва ташкилотлар мутасаддиларига етказилди.

Жорий йилнинг 1-чораги давомида дастурнинг бажарилиши ишчи гуруҳ томонидан таҳлил қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳунармандчиликни янада рағбатлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида шаҳардаги 35 та ҳунармандларга 1190.0 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилиб, 252 та янги иш ўринлари яратишга эришилгани эътироф этилди.

Шунингдек, шаҳримизда кичик бизнес соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида тижорат банклари томонидан 28.8 млрд. сўм миқдорида микрокредитлар йўналтирилди. Аёллар тадбиркорлигини ривож- лантириш мақсадида эса 3.0 млрд. сўмлик маблағ сарфланган бўлса, сервис соҳаси ривожига 5.6 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.

Маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг экспорт салоҳиятини ривож- лантириш ва товарлар сифатини ошириш мақсадида эса шаҳрмиздаги “Нур диёр ёғду” МЧЖ, “Ҳамдамов Тохир Боходирович” ҳамда “Юсупов Бобур Солиевич” каби якка тартибдаги тадбиркорлар ўз маҳсулотлари билан Тожикистон давлатида бўлиб ўтган халқаро ярмарка ва саноат маҳсулотлари кўргазмасида иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 653-қарорига мувофиқ жорий йилнинг 1 чорагида 54 та истиқболли лойиҳалар ишга туширилиб, 354 та иш ўринлари яратилиб, шаҳримиз меҳнаткашларининг моддий фаровонлиги оширилишига катта ҳисса қўшилди. Лойиҳаларнинг 26 таси саноат йўналишида, 28 таси эса хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида бўлиб, яна 111 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлдилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 декабрдаги 978-сонли қарорига мувофиқ эса 4 та истиқболли лойиҳа ишга туширилиб, уларга 5.3 млрд. сўм маблағ сарфланди. Шундан 2.6 млрд. сўми банк кредитлари ҳисобидан амалга оширилди. Лойиҳаларни ишга тушириш натижасида 39 та янги иш ўрнилари яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан 359 нафар эҳтиёжманд фуқаролар жамоат ишларига жалб этилиб, кафолатли маош билан таъминланди.

Шаҳримизни ҳар томонлама ривожланган, иқтисодий бақувват шаҳарга айлантириш учун тадбиркорликни, айниқса ёшлар тадбиркорлигини янада ривожлантириш, истиқболли лойиҳалар кўламини кенгайтириш, жамият ривожига ғов бўлувчи тўсиқларни ўз ўрнида тезкор бартараф этиш, шаҳар фаоллари ва фуқаролари олдида турган долзарб вазифалардир. Бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан фаровонроқ ва бадавлат ҳаёт кечириш ўз қўлимизда. Фаровонлик калити эса меҳнат ва тадбиркорликдадир.

Иқболжон ҒОФУРОВ

шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube