Рамазон: эзгу тилаклар, хайрли ниятлар ойи

Азалдан дини-эътиқоди, илми-амали, покдомон ниятида собитқадам бўлган халқимиз интиқиб, орзиқиб кутган моҳи Рамазон бошланди. Мусулмончилик аҳкомларига, диний ақидаларга қатъий риоя қилган ҳолда асрлардан-асрларга, даврлардан-даврларга ўтиб келаётган хайрли анъанага биноан бу муборак ойни нафақат мусулмончиликнинг бешта суннатларидан бири сифатидагина эмас балки байрамлар, тантаналар ойи, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, етим-есирлар, қариялар, ногиронлар, бева-бечоралар холидан хабар оладиган, кўмак берадиган эзгу тилаклар, хайрли ниятлар ойи сифатида ҳам кенг нишонланади.

Бу қоидалар Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 11 май куни қабул қилган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳам чуқур ўз ифодасини топган. Қарор “Халқимиз учун эзгулик, саховат, меҳр-шавқат рамзи ҳисобланган муборак Рамазон ойининг ижтимоий ҳаётимизда ўзаро аҳиллик ва ҳамжихатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш борасидаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда ҳамда муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, унинг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғояларини кенг тарғиб этиш, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида” қабул қилинганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Мустақиллик нафақат эркинлигимизни, озодлигимизни қатъий мустаҳкамлабгина қолмай, балки динимизнинг муқаддас арконларини эъзозлаш, хусусан Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган эзгу ғояларни ҳаётимизга, эътиқодимизга қайтариб берди.

Узоққа бормайлик яқин ўтмишимизда ҳам рўза тутган, Рамазон намозини ўқиган мўмин мусулмонлар таъқиб қилинди, партиядан чиқарилиб, ишдан олинди. Эътиқодида собит оталаримиз, боболаримиз эса тароби намозларини яширинча қабристонларда, ташландиқ тегирмонларда, овлоқ жойларда ўқишга мажбур бўлишди. Бугунчи бундай ўтмишлар қоронғи кечмиш бўлиб қолди. Юракларга ширин туйғу бағишловчи биргина мисол: Мамлакатимиз бўйлаб 2055 та масжидда тароби намозлари ўқишга чорлаб озон айтилмоқда. 8.5 мингдан зиёд буюк алломалар, азиз-авлиёларнинг зиёратгоҳлари, қабристонлар, дам олиш масканлари, хиёбонлар моҳи Рамазон туфайли ободонлаштирилди.

Вилоятимиз, шаҳримизда ҳам бу саодатли кунларга алоҳида тайёргарлик кўрилди. Бундан атига чорак аср муқаддам вилоят бўйича тўртта расмий масжидда хайит ва тароби намозлари ўқишга рухсат берилган бўлса, бугунги кунда вилоятимизда 197 та масжидда тароби ва хатми қуръон намозлари ўқилмоқда. Намозларни диний қоидалар арконларига қатъий риоя қилган ҳолда ўқилишини таъминлаш учун диний идоралар томонидан 381 та қорилар қайта тайёрланди. Шаҳримизда ҳам бу муқаддас ойга ҳартомонлама, пухта ҳозирлик кўрилди. Эътиқодли мўмин мусулмонларни рамазон амалларини бекаму-кўст бажаришларини таъминлаш мақсадида барча шарт-шароитлар ҳозирланди. Тароби намозларини адо этиш учун 20 та масжид эшиклари очиб қўйилди.

Ота-боболаримиз бу муқаддас ойни сабр бардошни синайдиган, нафсни жиловлайдиган ой сифатида ҳам эъзозлашган. Улуғларимизнинг нақл қилишларича сабр жаннатга йўл очиб беради. Энг муҳими Рамазон диний қадриятларимизга эҳтиром туйғусини шакллантирувчи муҳим омил ҳам ҳисобланади.

Барчангизга моҳи Рамазон муборак бўлсин!

Набижон СОБИРОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube