АҲОЛИ БИЛАН АМАЛИЙ МУЛОҚОТЛАР

жойлардаги муаммоларни бартараф этишга хизмат қилмоқда

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида шаҳримиз ҳудуди 4 та секторга бўлиниб, қарор ижроси борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда сектор штаблари аъзолари томонидан ҳудуддаги ҳар бир хонадонда бўлиб, фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказаётгани амалий ишлар самарадорлигини янада оширмоқда. Зеро, бу механизм шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини жадал, сифатли ҳаётга тадбиқ этиш билан бирга, қатор кундалик муаммолар ечимини топиш, маҳалла фуқароларини қийнаб келаётган камчиликларни ўз ўрнида бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Масалан, бизнинг секторимизда йилнинг ўтган 4 ойида 10852 та хонадон мукаммал ўрганилди. Сектор штаби аъзолари уйма-уй юриб ҳар бир хонадондаги муаммоларни ўрганиб чиқишди. Ўрганиш- лар жараёнида 1214 муаммо аниқланиб, уларнинг 852 таси мутахассисларни жалб этган ҳолда жойида ҳал этилди. 362 та муаммо ечимини топиш бўйича тегишли ташкилотларга йўналтирилиб, назоратга олинди ёки шаҳар “Йўл ҳаритаси”га киритилди.

Ҳудуддаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 216 та оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Энг муҳими ижтимоий соҳадаги индивидуал муаммоларни ўз ўрнида, жадал ва ижобий ҳал этилишидан аҳоли беҳад миннатдор бўлмоқда. Фуқароларнинг эртанги кунга, ҳокимиятга ва давлатимиз сиёсатига ишончининг юксалишига хизмат қилмоқда. Сектор ҳудудида истиқомат қилаётган фуқаролардан бизга ва юқори бошқарув ташкилотларига келиб тушаётган миннатдорчилик номалари бунинг энг ёрқин далилидир. Жумладан, сўнгги ойнинг ўзида биргина шаҳар Ички ишлар бўлими ва сектор штабига 20 нафар фуқаро томонидан сектор штаби аъзоларининг бевосита аралашуви натижасида муаммолари ҳал этилганини билдириб, миннатдорлик изхор қилинган. Улардан икки нафари ишга жойлашгани, 3 нафари нафақа тайинлангани, 4 нафари имтиёзли кредит олгани, қолганлари фарзандларини мактабгача таълим муассасаси, шифохоналарга имтиёзли жойлаштирилгани, ногиронлик аравачаси билан таъминлангани, моддий ёрдам нафақаси белгилангани учун сектор штаби аъзоларига ўз миннатдорчилигини изҳор қилишган.

Шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида қатор лойиҳалар амалга оширилиб, ўнлаб янги иш ўринлари яратилаётганини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Хусусан, йилнинг биринчи чорагида ўз маблағлари ҳисобидан 243 миллион сарфланиб, 1 та полиэтилен труба ишлаб чиқариш корхонасини, 50 миллион сўм маблағ сарфланиб замонавий озиқ-овқат савдо дўконини кенгайтириш лойиҳалари амалга оширилди. Бунинг ҳисобига 7 та янги ишчи ўринлари яратилди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида аввал хусусийлаштирилган, ҳозирда бўш турган бино ва иншоотларни қайта фойдаланишга топшириш лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, мазкур йўналишда 2 нафар мулкдорнинг объектларига соғломлаштириш дастури бўйича янгидан қувват бағишланди. Алоҳида дастур аосида “Ариқ бўйи” МФЙ ҳудудидаги “Сармазор мебел” МЧЖга тегишли бўш турган объект 60 миллион сўм сарфланиб қайтадан фойдаланишга топширилди.

Бу борада “Фарғонасут” АЖ бўйича белгиланган лойиҳа ўз вақтида бажарилмагани ёки иш ташкил этилмагани учун шаҳар Давлат солиқ инспекциясига оширилган солиқ тизимини қўллаш юзасидан хулоса берилди. Шунингдек, электр, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, аҳолига кўмир етказиб бериш, озиқ-овқат маҳсулотлари заҳирасини яратиш, сектор ҳудудидаги 6 та саноат, 1 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси экспорт салоҳияти ва имкониятларини кенгайтириш юзасидан аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилди.

Бир сўз билан айтганда, шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мавжуд дастур ва меъёрий ҳужжатлар асосида бизнинг 3-секторда муайян, айни вақтда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, айрим ҳолларда камчиликларга йўл қўйилаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Шу боис мавжуд камчиликларга барҳам бериш, Юртбошимизнинг юқоридаги қарори ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида биз йилнинг иккинчи чораги учун “Йўл харитаси” ишлаб чиқдик. Мазкур “Йўл харитаси” асосида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича қатъий иш режими белгиланди ва ҳозирда секторда бу борада тизимли ишларни амалга оширишга киришилди. Аниқланган барча муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар ижроси қатъий назоратга олинди.

Энг муҳими олдимизда юксак масъулиятли вазифалар турганини ва уларни муваффақиятли уддалаш ўзимизга, сектор ҳудудидаги мавжуд 14 та МФЙлари фуқаролари билан изчил ҳамкорлигимизга боғлиқлигини яхши биламиз. Шундай экан, аҳолини рози қилишга, оғирини енгил қилиб, турмуш даражасини яхшилашга қаратилган хайрли ишларни изчил давом эттирамиз. Бунинг учун мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилаётган фуқаролар билан амалий, очиқ мулоқотларни янада кучайтиришга астойдил ҳаракат қиламиз. Зеро, бизнинг муаммоларимизни ҳеч ким ҳал қилиб бермайди. Фақат ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва ўзаро ҳурмат туфайлигина уларни тўлиқ бартараф эта оламиз.

Шавкатжон ДАДАХОНОВ,

шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube