Рингда профессионаллар

Ўзбекистон ҳаваскор боксчилари жаҳонда нималарга қодир эканликларини аллақачон исботлаб қўйишди. Қувонарлиси, улар ортидан мамлакатимиз профессионал боксчилари ҳам жаҳон спорт ареналарини забт этмоқдалар.
Хусусан, сўнгги икки йилда бир қатор профессионал чарм қўлқоп усталаримиз бокс мухлисларини ҳайратига ва олқишига сазовор бўлган чиройли ғалабаларга эришгани бунинг ёрқин исботи бўлди. Бунда мамлакатимизда профессионал бокс бўйича ўтказилаётган кўплаб ҳалқаро ва ички турнирлар, мунтазам чемпионат баҳслари муҳим омил бўлмоқда.
Ўтган хафтада шаҳримизда ҳам Республика Миллий Олимпия қўмитаси таснифи остида профессионал боксчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг чорак финал зонал босқичи баҳслари бўлиб ўтди. Унда Андижон, Фарғона, Наманган ва Сирдарё вилоятининг энг иқтидорли ҳамда умидли боксчилари ўзаро куч синашдилар. Рингга Шерзод Хусанов, Ойбек Султонов сингари таниқли боксчиларнинг чиқиши шаҳримиз спорт мухлисларида катта қизиқиш уйғотди. Қолаверса, бу профессионал жангларда ҳамшаҳарларимиз Исломбек Турсунбоев, Яхёхон Саидхонов, Акмалжон Саидовлар ҳам иштирок этишди.
Рейтинг жанглари мақомида бўлиб ўтган барча 9 та учрашув 4 раундли тизимда ўтказилди. Ҳар бир жанг ниҳоятда кескин, кутилмаган зарбаларга бой тарзда ўтди. Баҳслар ниҳоясига кўра 9 нафар ғолиб боксчилар мамлакат чемпионатининг ярим финал баҳсларига йўлланмаларни қўлга киритишди. Улар орасида юқоридаги республикамиз бокс мухлисларига яхши таниш спортчилар қаторида ҳамшаҳримиз ёш умидли боксчи Исломбек Турсунбоевнинг ҳам борлиги айниқса қувонарли бўлди.
Профессионал бокс жанглари ҳакамлар ҳайати ва иштирокчилари чемпионат баҳсларини юқори савияда ташкил этгани учун миллий олимпия қўмитаси вилоят вакиллиги, 2-БЎСМ маъмурияти ҳамда боксчиларни қизғин қўллаб-қувватлаб турган ишқибозларга алоҳида миннатдорчилик изҳор қилишди.
М.ҲАБИБ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube