“ТИРИЛГАН” ЎЛИК ЖОНЛАР

“ТИРИЛГАН” ЎЛИК ЖОНЛАР

ёхуд узоқ йиллар давомида бюджетдан ташқари шаҳар пенсия таъминотини зулукдай сўриб ётган жиноий гуруҳнинг қилмишларига сўнгги нуқта қўйилганлиги ҳақида…

Газетамизнинг 2017 йил 10 ва 17 ноябрь сонларида “Давринг келди, сур бегим” сарлавҳаси остида шаҳар пенсия таъминотида ин қурган бир гуруҳ жиноятчиларнинг жиноий қилмишлари қаламга олиниб, давлатга ноқонуний йўллар билан етказилган 4 млрд. 202 млн. 817 минг сўм маблағ ҳақида таҳлилий, танқидий мақола эълон қилинган эди. Суриштирув ва тергов ишлари давом эттирилиб, яна 700.152.775 сўм миқдоридаги моддий зарар аниқланди.

Табиатда энг олғир, тўймас, сурбет саналмиш каламушнинг ҳаракатларини ҳеч кузатганмисиз? Бу жонзотлар қоронғу уясидан бошини чиқариб, атрофга аланг-жаланг боқиб, ўзгаларга тегишли нарсани ўз уясига олиб қочмоқ илинжида яшайди. Очкўзлигидан на “омбори”, на қорни тўйганини билади. Ташмалайверади, ташмалайверади… Минг афсуски, ҳаётда ҳам каламушсифат ҳаёт кечирувчи, қалбига ҳалоллик деган тушунчалар мутлақо ёт бўлган кимсаларнинг ҳам учраб туриши инсон деган мукаррам номга доғдир.

Фириб, фирибгарлик, бойликка ўчлик, давлат ва халқ мулкини талон-тарож қилишдан тап тортмаслик, тубсиз ўпқонга айланиб кетган чўнтакларига очкўзларча ўзгаларга тегишли бўлган пулни тиқавериш шаҳар пенсия таъминотида уя қуриб олган, занжирдек бир-бирига боғланган Адҳам Раҳмонов бошлиқ жиноятчиларнинг кунлик одатий “касб”ларига айланиб кетган эди. Улар ноодатий ва ноқонуний топаётган бойликларининг умри қисқа бўлишини юрак-юрагидан англаб етмас, фирибнинг янги-янги турларини “доноларча” кашф этишарди. Чунончи улар дастлаб кўплаб ўлган одамларни “тирилтиришиб” уларга сохта ҳужжатлар орқали пенсия тайинлашди-ю, ўлик жонларнинг “ҳақларини” ўмаришни бошлашди. Ҳая, ойлар ўтган сари уларнинг пичоғи мой устида сирғалиб, икки қаватли ҳашаматли уйлару, қимматбаҳо машиналарни миниб гердайиб юрадиган бўлишди. Донишмандлар бежиз “Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр” демайдилар. Осонгина давлат ва халқ мулкини ўмариш эвазига бойиб бораётган ғаламислар муқаддам вафот этганларнинг нафақасини еб ётиб ҳам тинчишмади, улар фирибнинг яна бир тури яъни оддий қоғозларга сохта ёзувлар киритиш орқали ҳаётда умуман мавжуд бўлмаган фуқаролар рўйхатини ясашди… йўқдан бор қилишди. Ие, наҳотки ўзимиз нон тузини ичиб вояга етган давлатимиз, бизни ишониб давлатнинг нуфузли идорасига қўйган халқимизни алдаб, давлат хазинасига кўз олайтираверсак, уят эмасми, деган фикр товламачилик ёғдай ёқаётган нокасларнинг хаёлига ҳам келмади… Бошлиқ ўз атрофига худди ўзи сингари ҳаром луқма деса нафақат томдан, балки тоғдан ҳам ташлайверадиган нафси ўпқон 24 нафар “уддабуронларни” бирлаштирган эди… Оқибатда давлатнинг беш миллиард пули талончиларнинг китникидай каттакон жиғилдонларида ҳазм бўлиб кетди-я!!

…Ё алҳазар!

Судланувчи Адҳамжон Рахманов 1992 йилнинг январь ойидан 2015 йилнинг февраль ойига қадар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси шаҳар бўлими бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб, уюшган гуруҳ раҳбари сифатида, ўз манфаатларини кўзлаб, 2010 йил февраль ойидан 2016 йил сентябрь ойига қадар ҳамтовоқлари Н.Мирзаев, О.Абдурахмонов, М.Каримов, М.Юсуфходжаев, Х.Абдуллаев, Ф.Мадалиев, Н.Ахмаджонов, Б.Суяров, У.Қодиров, Х.Шокиров, М.Олимов, А.Раҳмонов, Ю.Ваҳобовлар билан жиноий тил бириктириб, вафот этган пенсионерларнинг номига ТИФ “Миллийбанк”, АТБ “Қишлоққурилишбанк”, АТБ “Агробанк” АТ “Халқбанк”и шаҳар филиалларида банк пластик карточкалари очиб, почта алоқа тармоқлари орқали пенсия ва нафақалар тўлаш учун пенсия ҳисоблаш компьютер дастуридаги тўлов ҳужжатларини сохталаштириб, Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли Қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 171-бандидаги “Тайинланган пенсияларни тўлаш” 1-хатбошсида кўрсатилган “пенсионер вафот этганда тўхтатилади” деб кўрсатилган ТАЛАБГА ЗИД РАВИШДА, “Пенсия ПК” дастурига муқаддам вафот этган фуқаролар номига сохта маълумотлар киритишиб, компьютер дастури орқали жуда кўп миқдордаги жаъми 700.152.775 сўм бюджет маблағини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилишган.

Судланувчи А.Раҳмонов уюшган гуруҳ иштирокчилари ўртасида вазифаларни тақсимлаб, “ПК” дас- турида пенсия ва нафақа пуллари тўхтаб қолган, вафот этган фуқароларни фаол(актив) қилиб ёхуд фуқароларнинг фамилияси, исми ва туғилган йилларини ўзгартириб, пенсия олувчилар қаторига қўшиб, номларига пластик карталарни очиб, компьтердан фойдаланиб расмий ҳужжатларга ёлғон маълумотлар киритиб, давлатнинг катта миқдордаги маблағини совуриб юборган. Эътиборингизга ҳукмдан бир банднигина ҳавола этаман: “Жиноий гуруҳ аъзолари жиноий тил бириктириб, тўлов қайдномаларини қалбакилаштириб, 2001 йил 19 сентябрда вафот этган фуқаро В.Терпановга 2014 йил, октябр ойидан 2016 йилнинг сентябр ойига қадар, 7.263.400 сўм миқдорида ноқонуний пенсия тайинлаб, банк пластик карталарига тушириб, шундан 1.796.686 сўм миқдоридаги бюджет маблағини ўзалаштириш йўли билан талон- тарож қилишган”. Афсуски, ҳукмда бундай “эпизод”лар истаганча топилади, ачинарлиси жиноятлар турли кўриниш ва шаклларда қайта-қайта такрорланаверган.

Жиноят содир этаётган айбдор бир оёғи чоҳда турганини, яна бир-икки қадам ташласа, жарга қулашини билмайди. Узоқ йиллар давомида давлат мулкини еб юрган ғаламисларнинг бугун жиғилдони ёрилиб, нафс занжирбанд қилиб ташлаган виждонлари уйғониб қолди. Емоқ қанчалар осон бўлса, қусмоқ шу қадар оғир… Ахир ноҳалол емоқнинг қусмоғи, ҳар қандай жиноятнинг эса жазоси бор-да!

Жиноятчиларнинг бир катта китоб ҳажмидаги 76 вараққа жо бўлган қилмишлари билан танишиб, қалбимни бир надомат эгаллади. Эссизгина, умр китобларига қора сиёҳ тўкиб юборишибди-я!, деган ўй ўтди хаёлимдан.

Зотан, кимдир дунёнинг улкан иморатига бир дона ғишт қўйиб, уни бутунлаб кетади., кимдир эса шу ғиштдан бир донасини кўчириб олиб, унинг мустаҳкамлигига путур етказади. Алқисса, дунё иморатига ғишт қўйинг, яхшилар!

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube