ПРЕЗИДЕНТ СОВҒАЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихида энг қирғинбарот, энг даҳшатли уруш сифатида тарих саҳифаларига кирган. Ана шу қонли жанггоҳларда юртимизнинг миллионлаб баҳодир фарзандлари босқинчи ва маълун кучларга қарши курашда букилмас ирода ва жасорат намуналарини кўрсатдилар. Қаҳрамон ўғлонлар олис юртларда ҳам юртимиз келажаги, тинчлик ва осойишталиги учун кураш олиб бордилар, халқимизнинг азалий қадриятлари, ор-номуси, урф-одатларимизни ҳимоя қилишда чинакам жасорат кўрсатдилар.

Маълумки Президентимизнинг “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига Қарорда кўзда тутилган мукофотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан тантанали равишда топширилиши алоҳида таъкидланган эди.

Президентимиз томонидан уруш иштирокчиларига совға тариқасида тайёрланган қимматбаҳо соатлар шаҳримизда истиқомат қилаётган уруш қатнашчиларига ҳокимлик ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар иштирокида тантанали равишда топширилди.

Шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев Марғилонда умргузаронлик қилаётган ҳар бир Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг хонадонида бўлиб, Президентимиз совғаларини тантанали равишда топширди ҳамда улар билан дилдан суҳбатлашди.

— Куни кеча Президентимизнинг қадрли совғалари – 5 000 000 сўм пулни тантанали равишда топширишган эди, — дейди Галатой маҳалласида истиқомат қилаётган, асрни тенгдоши Зокир ота Ғофуров. – Мана бугун шаҳримиз ҳокими қўлидан Юртбошимизнинг ноёб совғалари – қимматбаҳо соатни қабул қилиб олдим. Бу соат менинг бундан кейинги бахтли кунларимда энг яхши ҳамроҳим бўлади. Мазкур совға биз фахрийларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг намунаси деб биламан. Президентимизнинг умри узоқ бўлсин.

Шунингдек, шаҳар ҳокими М.Убайдуллаев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги муносабати билан йўллаган табрикномаси ҳам тантанали равишда топширилди.

Шаҳримизда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, уй-жойларини таъмирлаш, ҳовли ва кўчаларни ободонлаштириш тадбирлари давом этаяпти.

Ўз мухбиримиз.

А.РАҲМОНОВ олган суратлар.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube