ЭЗГУ ИШЛАРИ АБАДИЙ ҚОЛАДИ

Маълумки, ҳар қандай давр, ҳар қайси замонда одамга ўзи ҳақида ўзи ёки яқинлари нима дейишига, нима ўйлашига қараб эмас балки қилган ишига қараб баҳо берилган. Шу жиҳатдан олганда ҳар бир даврнинг ўзига хос ҳаракатлантирувчи кучи, тиниб-тинчимас фидойилари-қалбида шижоати жўш урган – барҳаёт сиймолари бўлади. Умри давомида баракали ҳаёт мактабини ўтаган, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожи, меҳнат жамоаси, одамлар фаолиятини ташкил этиш, саховат, инсоний фазилатларни қарор топтиришда фаол иштирок этган, бу борада баъзан дакки эшитиб, баъзан қоқилиб бўлсада, эл ардоғига мушарраф бўлган марҳум Темурхон Мухторов шаҳримизнинг ана шундай барҳаёт сиймоларидан бири эди. Зеро, бежиз шаҳар аҳли ҳамиша унинг номи билан фахрланиб келмаган.

Темурхон бошқарув тизимида узоқ йиллар ишлаган Мухторхон ака ва уй бекаси Соттихон Исомиддиноваларнинг катта — 8 фарзандли оиласининг тўртинчиси эди. У жуда ёшлигидаёқ алоҳида шижоати билан ажралиб турар, илмга чанқоқлиги, ғайрати ва укалари ҳатто ака-опаларини ўз ортидан эргаштира олиш қобилияти билан ҳаммани лол қолдирар эди.

Унинг етакчилик салоҳияти Фарғона кооператив техникуми, Тошкент халқ хўжалиги институтида таҳсил олган йилларида, бутун меҳнат фаолиятида ҳам доимо ажралиб турди. Шу боис, мутахассис сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган Фарғона туман қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш идорасида тез фурсатда раҳбарлик лавозимига тайинланди. Кейинчалик шаҳар кооператив савдо идораси, Фарғона улгуржи савдо базаси жамоаларини бошқарди. Т.Мухторов қаерда ким бўлиб ишламасин ўша ерни обод, сўлим гўшага айлантиришга, мунтазам равнақ топишига, энг муҳими жамоа аъзоларининг меҳнат, маданий-маиший шароитларини яхшилашга, уларнинг турмуш муаммоларини ҳал этиш, қийинчиликларини бартараф қилишда амалий ёрдам беришга муваффақ бўлар эди. Шу боис ҳамиша ўзи бошчилик қилган жамоа аъзоларининг ҳурмат ва эътирофига сазовор бўлди. Жамиятда оддий ишчиларининг фаолиятини ошириш, ҳукуматимиз томонидан тақдим этилаётган турли имтиёзларни уларга етказиш, муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ва ҳатто улар фарзандларининг таълим тарбиясига ғамхўрлик қилиш унинг мақсади, кундалик юмушларидан бирига айланди.

Зеро, Темурхон Мухторов чинакам шижоат ва соғлом фикр соҳиби эди. Маълумки, шижоат соҳиблари ҳамиша ғайратли бўлади. Чинакам ғайрат соҳиби эса йўлга чиқиши биланоқ рўпарасида дарҳол шу қадар кўп ишларни кўрадики, охир-оқибат у бошқаларни ишламаётганидан ҳам шикоят қилмайди, нимадир бир иш топиб, нимадир қилишга ҳамиша улгуради. Темурхоннинг бу хислати истиқлолимизнинг илк йилларида айниқса ёрқин намоён бўлди.

Хусусан, собиқ иттифоқ парчаланиб, иқтисодий алоқалар издан чиққан, халқ учун ҳар қандай истеъмол товарлари танқислиги бениҳоя кучайган ўша даврда катта савдо базаси раҳбари сифатида бошқа айрим савдогарлар сингари фақат маҳсулот олди-сотдиси ҳақида қайғурмади. Давр талабини ҳис қилиб, истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи кичик корхоналар барпо этиш, янги иш ўринлари яратишга эътибор қаратди. Натижада у раҳбарлик қилаётган улгуржи савдо базаси муассислигида ўнга яқин кичик корхоналар фаолият кўрсата бошлади. Энг муҳими бу саъйҳаракатлар ҳисобига вилоятимиз қишлоқ аҳлининг 700 нафардан зиёд аҳолиси доимий ишга эга бўлди. Шаҳарда эса ўнлаб озиқ-овқат савдо дўконлари, умумий овқатланиш шаҳобчалари ташкил этди. Бу билан яна юзлаб хотин-қизлар, ёшларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилди. База ҳисобидан трактор, юк машинаси ва автобуслар сотиб олиб, савдо трамоқлари ва аҳолига янги транспорт хизмати турини жорий этди. Автобусларнинг муборак жума кунлари шаҳар аҳлига бепул хизмат кўрсатиши эса кўпчиликни қувонтирган яна бир ижобий янгилик бўлди.

У ўзи раҳбарлик қилаётган жамоа аъзоларининг турмуш фаровонлиги, ижтимоий ҳимоясини доимо ёдда тутди. Шу сабабдан ишчи хизматчиларнинг иш ҳақи мунтазам ортиб борди. Савдо ташкилоти тарихида илк бор ўн учинчи ойлик, чорак ва йиллик мукофотлаш тизими йўлга қўйилди. База қошида даволаш-ташхис маркази ташкил этилиб, ишчи хизматчиларни бепул дори-дармонлар билан таъминлаш, тиббий муолажа хизмати кўрсатиш бошланди.

Темурхон Мухторов янги ташкил этилган кичик корхоналар, махсус дўконлар фойдасидан вилоят ва шаҳар аҳлига мунтазам моддий ёрдам кўрсатишнинг бутун бир тизимини яратди. Ана шу  мақсад йўлида Иккинчи жаҳон ва Афғон уруши қатнашчилари, кексалар ва ёлғиз оналар, ногиронлар ва мухтож оилаларга мунтазам хайрия ёрдами тарқатиш йўлга қўйилди. Мухтож оилаларнинг ўн нафар фарзанди олий ўқув юртларига шартнома асосида ўқишга йўналтирилди. Юзлаб болалар спорт ва касб тўгаракларига жалб этилди. Фавқулотда ходисалар туфайли азият чекканлар оиласига Темурхон Мухторовнинг биринчилардан бўлиб етиб бориши кўпчиликни хайратга соларди. Кейинчалик маълум бўлишича ёнғин, тез-тиббий ёрдам хизматларидан у биринчи бўлиб маълумот олар ва ёрдамга шошилар экан. Бир сўз билан айтганда, унинг олдига бирор ҳожат билан келган кимса ноумид қайтмас эди. Ёрдамга, яхши сўзга мухтож инсон, у ким бўлмасин назаридан четда қолмас эди.

Таъкидлаш жоизки, унинг барча инсоний фазилатлари, саховатию – она юрти, одамларга меҳрининг сарвари соғлом фикрлашида эди. Зеро, хайрли ишнинг ўзи ҳар доим ҳам кифоя қилмайди. Бу эзгу ишни вақтида ва мавриди билан бажаришнинг аҳамияти бениҳоя катта. Истеъдод эгаси эса нима қилиш эарурлигини билади, ички меъёр қачон ва қандай иш қилиш лозимлигини унга ҳамиша таъкидлаб туради. Темурхон Мухторов ана шундай соғлом фикр, эзгуликка йўғрилган ички меъёр соҳиби инсонлардан бири эди. Шу боис юксак ташкилотчи, ўз иши ва вазифасига масъулиятли раҳбар, саховатли, меҳрибон инсон сифатида яқинларининг, ҳамкасб ва замондошларининг фахрига айланди. Унинг ибратли ишлари фарзандлари, шогирдлари, ёру-дўстларига катта ибрат мактаби бўлиб хизмат қилаётгани ҳам ана шу ҳислатлари, бутун ҳаётида қалбида жўш урган шижоати меваси бўлса ажаб эмас. Зеро шоир таъкидлаганидек: умр ўтар, вақт ўтар, аммо эзгу ишлар абадий яшар…

М.ҲАБИБ,

ўз мухбиримиз.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube