ТАБИАТ БУ – КЕЛГУСИ АВЛОДЛАРДАН ОЛИНГАН ҚАРЗ

Инсоният ҳаёти учун энг мухим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг мусаффолигини таъминлаш бугунги куннинг глобал муаммоларидан биридир. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши инсон, ўсимлик, хайвонот, умуман, жамики тирик мавжудотларга зарарли таъсир кўрсатади.

Шу нуқтаи назардан она табиат билан яхши муносабатда бўлишда ҳар бир ҳаракатимиз, эҳтиёткорликни талаб этади. Файласуф Гро Харлем Брундланд айтганидек: “Табиат – бу аждодларимиздан бизга қолдирилган мерос эмас, балки келгуси авлодларимиздан олинган қарздир”.

Инсон яшайдиган муҳитни ифлос қилмаслик, бундан бир неча асрлар олдин, ҳаттоки 1382 йил Франция қироли Карл VI томонидан қонунлаштирилган ва ҳавога “ёмон ҳидли, кўнгил оздирадиган” тутун чиқарувчилар қаттиқ жазоланган.

Умуман олганда, табиат мутаносиблигининг бузилиши, табиий ресурсларнинг камайиб бориши ва атроф-муҳит ифлосланишининг 90-97 фоизи инсонларнинг хўжасизларча фаолият юритишлари билан боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили атмосферага 100 миллион тоннадан ортиқ углеводород чиқарилар экан. Шунинг 74 фоизи ривожланган давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

Қомусимизнинг 55-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдалниш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, деб кўрсатилганлиги ҳам атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишда алоҳида аҳамиятга эга.

Шу билан бирга мазкур соҳанинг ҳуқуқий асоси сифатида 1993 йил 7 майда қабул қилинган IV бўлим, XV боб, 135-моддадан иборат бўлган “Ҳаво кодекси” ҳамда 1996 йил 27 декабрда қабул қилинган 30-моддани ўзида мужассам этган, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни ҳам катта аҳамиятга эга.

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва унга ташланаётган зарарли моддаларни камайтириш максадида мамлакатимиз ҳамда вилоятимизда бўлгани каби шаҳримизда ҳам хар йили икки босқичдан иборат “Тоза ҳаво” ойлиги тадбири уюшқоқлик билан ўтказиб келинмоқда.

2018 йил 10 апрел кунидан бошлаб Фарғона вилояти ҳокимининг 2018 йил 07 апрел “Тоза ҳаво” ойлиги тадбирини ўтказиш тўғрисидаги фармойиши ва Фарғона вилоят Экология ва атроф – муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 2018 йил 07 апрел кунги буйруғига асосан вилоятда “Тоза ҳаво” ойлиги тадбирининг
1-босқичи бош- ланди, мазкур тадбир 10 майга қадар давом этади.

“Тоза ҳаво” ойлиги тадбирининг I – босқичидан кўзда тутилган мақсад — Экология ва атроф муҳит мусаффолигини янада яхшилаш, она-табиатни асраб авайлашга бўлган эътиборни янада ошириш, автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли моддалар билан атмосфера ҳавосининг ифлосланишини камайтириш, уларнинг зарарлилик даражасини текшириш бўйича давлат назоратини кучайтириш, автомобилларга ёнилғи қуйиш, техник хизмат кўрсатиш шахобчалари, автокорхоналар, автомобил йўлларида Экология ва атроф — муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини назоратдан ўтказиш, шу билан бирга юқоридаги йўналишлар бўйича ишларни янада яхшилашдан иборатдир.

Тадбирнинг I-босқичи давомида 800 дан зиёд автотранспорт воситалари текширувдан ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар 686 та автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли тутун миқдори махсус автотест “0104-газоанализатор” ёрдамида ўлчанди. Ушбу текширилган автотранспорт воситаларидан 19 та автотранспорт воситаларида атмосфера ҳавосига чиқаётган зарарли моддалар миқдори белгиланган меъёрдан ортганлиги аниқланди ва жойида ҳайдовчиларни огоҳлантирган ҳолда созланди. Бундан ташқари, Марғилон шахар ИИБ ЙХХ бўлими ходимлари томонидан 8 нафар автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар тузилди.

Азиз хамшахарлар, “Тоза ҳаво” ойлиги тадбирининг I – босқичида фаол иштирок этиб, уни намунали ўтказилишига ўз хиссамизни қўшайлик.

 Шоир ОХУНОВ,

шаҳар ДСЭНМ мутахассиси.

Нодирбек АБДУРАХМОНОВ,

шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси Давлат катта  инспектори.

Одилжон СОБИРОВ,

шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси давлат инспектори.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube