АЁЛ “ҚОРА КУРСИ”ДА ЎТИРМАСИН

Судланувчи М.Джамолова ўтган йилнинг август ойида таркибида психотроп моддаси бўлган “Фенозепап” ва “Фенобарбитал” дори воситаларини нотаниш аёлдан сотиб олиб, уни келгусида бошқа шахсларга сотиш мақсадида ўз хонадонида сақлаб келган. Бир-икки кун ўтгач эса 10 дона”Фенозепан” дори воситасини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳодимлари томонидан жалб қилинган “махсус харидор”га 30.000 сўм эвазига сотиб, қонун- бузарликка йўл қўйган.

Бундан ташқари, у сентябрь ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда шаҳримиздаги “Ханда” тўйхонаси олдида “махсус харидор”га 4 дона “Фенобарбитал” ва 5 дона “Фенозепам” дори воситасини қонунга хилоф равишда сотаётганда жиноят устида қўлга олган эди.

Судга оид кимёвий экспертизанинг хулосасида М.Джамоловадан олинган “Фенобарбитал” ҳамда “Феназепам” дорилари таркибида психотроп модда воситаси мавжудлиги кўрсатиб ўтилган.        М.Джамолова ўзининг юқоридаги қилмиши билан, яъни таркибида психотроп моддаси бўлган дориларни сотиб, Ўзбекис- тон Республикаси Жиноят кодекси 273-моддасининг 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганганликда айбдор деб топилди.

Судланувчи томонидан содир этилган жиноят ўзининг суддаги, айбига иқрорлиги билан тўлиқ тасдиғини топди. Айбдор ўз сўзида психотроп дори воситаларини нотаниш аёлдан 5.000 сўмга сотиб олганини, бунинг асосий сабаби қизининг баъзида рухияти бузилиб, касал бўлиб қолиши, шунинг учун қизига бериш мақсадида ўз уйида сақлаб келганлигини, бироқ бир нотаниш аёл ундан ушбу турдаги дорини топиб беришини сўраганини, шундан сўнг унга 30.000 сўм эвазига 10 дона “Фенозепан 1 мг” дорисини сотганлигини, бундан ташқари, шаҳар “Ханда” тўйхонаси олдидаги дори бозорида яна ўша аёлга 4 дона “Фенобарбитал 100 мг” ва 5 дона “Фенозепам 1 мг” дори воситаларини 30.000 сўмга сотиб уйга қайтаётганда ИИБ ходимлари тўхтатишганини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, судда енгиллик беришни сўраб кўрсатма берди.

Айбдорнинг ҳаракатлари дастлабки тергов органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 273-моддасининг 2-қисми билан қонуний квалификация қилинган.

Суд жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишнинг сабабини, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини, айбдорнинг шахсини ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олди.

Суд ҳайъати айбланувчи М.Джамалованинг аёллиги, нафақадорлиги, қилмишидан надомат чекаётганлиги, у қонунга хилоф равишда муомалага киритган психотроп дори моддалари Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тақиқланган эмаслиги, балки чекланган моддалар турига кириши, ўзи яшаб турган маҳалла фуқаролар йиғини томонидан уни шахси ижобий тавсифланганини инобатга олди.

Қайд этилган асосларга кўра, суд М.Джамоловага жазо тайинлашда “Жиноят кодекси”нинг Махсус қисми моддаси санкциясида мазкур жиноят учун белгиланган озодликдан маҳрум қилиш жазосидан енгилроқ бўлган жазо тайинлашни лозим топади.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 454-457, 460, 463, 465-468 ва 471-473 – моддаларига асосланиб, суд ҳайъати одил ҳукм чиқарди. Д.Джамолова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 273-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, унга нисбатан кундуз соат 16.00 дан эрта соат 10.00 гача яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат уч йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятини давом эттиришига йўл қўймаслик ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахсларнинг келгусида жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. Зотан, ҳар бир жиноятчи қилмишига яраша жазога тортилади. Ундан сабоқ чиқариш ва тузалиш йўлига кириш эса ҳар бир маҳкумнинг виждонига ҳавола… Ахир кўр ҳам ҳассасини фақат бир марта йўқотади…

 Мансуржон ИБРАГИМОВ,

шаҳар Жиноят ишлари бўйича судининг раиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube