ИЛМ, ҲИКМАТ ИЗЛАБ ДУНЁ КЕЗАЁТГАН ЙИГИТ

Онасининг ортидан чопқиллаб юрган болакай сўкичак устига ташланган тут баргини “курт-курт” чайнаётган ипак қуртларига қизиқсиниб тикилди. Во ажабо, деган эди у ўшанда болаларча соддадиллик билан, булар баргни худди нондек ейишар экан-а?!

Орадан йиллар ўтди . Бугун Абдураҳмон улғайиб, табиий толалар соҳасининг ёш ва иқтидорли менеджерига айланди. Ипакчиликка жуда ёшлигидан тушган меҳри ҳам йил ўтган сайин улуғлашди. У бугун хорижлик ҳамкасабалари билан ипакчилик саноати сифатини тубдан яхшилаш, унинг харид қийматини ошириш устида илмий изланиш олиб бормоқда.

-Мен ўзбек ипакчилик саноатининг истиқболига ишонаман. Иш фаолиятимни бошлаганимга эндигина уч йил бўлди. Агар нокамтарликка йўймасангиз шу ўтган қисқа давр ичида Туркия, Ҳиндистон, Польша ва Кореа давлатларида бўлиб, нуфузли халқаро илмий анжуманларда ўз маърузаларим билан қатнашдим, -дейди изланувчан ёш олим А.Охунбобоев. Жорий йилнинг 13 март- 4 апрель кунлари эса Хитой давалатининг Шанхай ва Ханжой шаҳарларида бўлиб, “Тўқимачилик корхоналарини бошқариш стратегиялари” ҳамда “Тўқимачилик саноати корхоналарида ишлаб чиқаришни ташкил этишда илм-фан интеграциялашувининг ўрни ва долзарб муаммолар ечими” мавзуларидаги тақдимотим билан иштирок этдим. Куни кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидапн ташкил этилган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” кўрик танловида менинг номзодим Ўзбекистон табиий толалар илмий тадқиқот инстиути жамоаси ўртасида фахрли биринчи ўринга муносиб кўрилди.

Дунёнинг турли давлатларида ўтказилган илмий анжуманларда инглиз ва корейс тилларида илмий маъруза ўқиётган ўзбек йигитини анжуманда иштирок этаётган олимлар олқишлаб, унинг порлоқ келажагига юксак ишонч билдирдиганликлари суратларда муҳрланган лаҳзаларда ўз аксини топган.

Қисқагина суҳбатимиз давомида мен Абдурахмондаги чуқур билим, ўзига ишонч ва қатъиятни кўриб, қўҳна Марғилонимизда ипакчилик саноатининг бўлажак йирик олими камолга етаётганини ва унинг келажакда соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўша олишини юрак-юрагимдан ҳис қилдим. Парвозингиз бундан ҳам сарбаланд бўлсин, илмпарвар йигит, дея тилак билдирдим.

 

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Д.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube