ҚИЗИҚАРЛИ, МАНФААТЛИ ТАДБИР

Фарғонани жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликдан ҳоли ҳудудга айлантирамиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил 15 ноябрь куни бўлиб ўтган видео селектор йиғилишида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги вазифалар ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини ҳар томонлама кучайтириш, бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этишга ижобий тажрибалар, хайрли ташаббус-
ларни жорий этиш давлат ва жамият олдида турган муҳим ва устувор вазифа эканлигини таъкид-
лаб ўтган эди. Давлатимиз раҳбари бунда ҳар бир фуқаро онгида “Менинг кўчам, маҳаллам, шаҳрим ва вилоятимда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган туйғуни шакллантириш лозимлигига алоҳида аҳамият қаратган эдилар.

Шуни алоҳида қайд этиш зарурки жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашнинг муҳим шарти – ҳудудларни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш – бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш борасида шаҳримиз ва вилоятимизда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, барча аҳоли истиқомат жойларида жамоатчилик назорат масканлари ташкил этилди. “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” шиори остида қатор маънавий-маданий, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказиш анъанага айланди. Бу борадаги илғор тажрибадан самарали фойдаланиш натижасида жиноятчиликдан ҳоли ҳудудлар сафи тобора кенгайиб боришга эришилаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Ўтган ҳафтада шаҳримизда бу борада яна бир қизиқарли тадбирларга старт берилди. “Чилонзор” МФЙдаги сунъий ўйингоҳда вилоят ҳокимлиги жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ташаббуси билан “Биз ёшлар Фарғонани жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлардан ҳоли ҳудудга айлантирамиз” шиори остида бош- ланган вояга етмаганлар ва уюшмаган ёшлар ўртасида спортнинг 15 дан зиёд энг оммавий турлари бўйича мусобақаларнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали маросимни шаҳар ҳокимлиги бош мутаҳассиси Дилшоджон Абдувоҳидов қисқача кириш сўзи билан очиб, ўтказилаётган тадбир мақсади-моҳиятига тўхталди. Тадбир иштирокчиларини шаҳар ҳокимининг ўринбосари Илҳомжон Тошпўлатов, шаҳар прокурори ёрдамчиси Азизбек Холматов, шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари Ёдгор Мад- раҳимов ва жамоатчилик вакиллари қизғин қутлаб, бўлажак баҳсларда омад ва зафарлар тилашди.

Шундан сўнг мини футбол бўйича ўтказилаётган мусобақа бош ҳаками Раҳматжон Абдураҳмонов мусобақа иштирокчиларини яшил майдонга таклиф этди. Мини футбол баҳсларида “Чилонзор”, “Янги обод”, “Наврўз”, “Янги боғ”, Навоий номли МФЙлари, 2-Тиббиёт коллежи, “Фаровон” футбол клуби жамоаларининг болалар ва ўсмирлар гуруҳлари ғолиблик учун ўзаро баҳслашдилар.

Олимпия тартибида ўтказилган баҳслар ниҳоятда кескин спорт кураши остида ўтди. Унда “Наврўз” МФЙ ёш футболчилари ғолиб чиқишди. Навоий маҳалласи жамоаси иккинчи, чилонзорлик ёш футболчилар эса учинчи совринли ўринларни эгаллашди.

Юқорида қайд этиб ўтганимиздек апрель ойи охирига қадар шаҳримизда яна енгил атлетика, баскетбол, волейбол, қўлтўпи, ёзги биатлон, теннис, стол тенниси ва якка курашнинг барча турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтади. Барча спорт турлари ғолиб ва совриндорлари 30 апрель куни “Биз ёшлар Фарғонани жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлардан ҳоли ҳудудга айлантирамиз” тадбирининг тантанали ёпилиш маросимида тақдирланади.

М.ҲАБИБ.

Д.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube