ЖАСОРАТ  СЎНМАЙДИ

Тожиали Бобоев истиқомат қилган хонадонга кириб борганимда қаҳрамоннинг турмуш ўртоғи 84 ёшли Хосиятхон хола мени хушнуд кайфиятда қарши олди. Салом-аликдан сўнг онахоннинг кўзларида қалқиган соғинч ёшлари беиҳтиёр юрагимга алланечук титроқ солгандек бўлди гўё.

— Қардош Россияни ёв босганда турмуш ўртоғим ҳеч иккиланмай унинг озодлиги учун ҳаёт-мамот жангига отланди –дея фахр билан сўз бошлади Хосиятхон хола. — Россия ерларини фашизм босқинчиларидан озод этишда бемисл қаҳрамонлик кўрсатиб, ўша даврнинг юксак мукофоти Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлиб қайтди. У инсоннинг юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида кўрсатган чексиз жасорати ҳали ҳануз она халқимиз, миллатимиз хотирасидан ўчгани йўқ. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Тожали Бобоевни хотирлаб хонадонимизга ташриф буюрган киши борки, ўзининг илиқ сўзлари, қайноқ меҳри билан кўнглимни тоғдек кўтаради. Қалбимда марҳум турмуш ўртоғимга бўлган хурмат-эътибор, фахр-ифтихор туйғуси яна бир карра жўш уради.

Ҳа, юзу-кўзидан нур ёғилиб турган онахон билан дилдан суҳбатлаш  инсон борки, юрагида чексиз ғурур ва фахр ила ёдга олаётган марҳум умр йўлдоши Тожиали Бобоевни ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўлгингиз келади.

Тожиали Бобоев 1908 йилда Марғилон шаҳрида, косиб оиласида туғилди. Отаси Муллабува Файзиматов косиб-ҳунармандчилик билан шуғулланар эди.

— Мен 1916 йилдан 1926 йилгача ҳар кимларнинг уйларида хизмат қилиб, кун кечирганман, -деб ёзганди Т.Бобоев ўз таржимаи ҳолида. -1926 йилдан Марғилон шаҳридаги артелга аъзо бўлиб кириб, ишладим. 1937 йилдан Бухоро вилояти Ғишдувон шаҳрида тўқимачилик устаси бўлиб ишлай бош- ладим. 1942 йили мени армия сафига юборишди.

Тожиали Бобоев гитлерчиларни Берлингача савалаб борган қаҳрамон жангчилардан бири. У Варшвани озод қилишдаги, қолаверса, Одердан ўтишдаги жасоратлари учун “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирланди. Бешинчи зарбдор армиянинг 1006-полки жангчилари ўртасида ўтдан ҳам, сувдан ҳам қайтмайдиган ажойиб жангчи сифатида танилган Тожиали Бобоев Берлиннинг Силезия вокзалини штурм қилиш ва унга байроқ тикишда ажо-йиб жасорат кўрсатди.

— Биз вокзал биносига етгунимизгача, деб эслаганди Тожиали ака, “ҳар бир муюлиш, ҳар бир уй, ҳар бир хона учун жанг қилдик,. Охири байроқ тикиш учун ҳужумга ташланган гуруҳдан атиги йигирматамиз омон қолдик. Пичоқбозлик бошланди. Хуллас, вокзал биносини ҳимоя қилаётган эс-эсчиларни янчиб ташладик. Йигитларимизнинг асосий қисми ҳам шу олишувда қурбон бўлди. Вокзал пештоқига қирмизи байроқни мен тикдим.

Тожиали Бобоев ана шу жасорати учун Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвонга сазовор бўлган эди. Урушдан ғалаба билан қайтган марғилонлик қаҳрамон 1945 йили ноябр ойидан 1964 йил охиригача Охунбобоев районидаги Киров номли колхозга раислик қилди ва кейин қатор хўжаликларнинг раҳбари бўлди.  1964 йилда соғлиғи туфайли нафақага чиқиб, Марғилон шаҳар кўкаламзорлаштириш идорасига ҳам раҳбарлик қилди.

Ўзбекнинг мард ва қаҳрамон фарзанди Тожиали Бобоевнинг ёрқин ва ибратли ҳаёти эса ҳамиша ёшларимиз учун ҳаёт мактаби бўлиб хизмат қилади.

Ўз мухбиримиз.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube