КЎНГИЛЛИ КИТОБСЕВАРЛАР

Китоб! Зотан у дунёдаги энг бебеҳо неъмат, буюк мўъжиза. У билан ошно тутинган қалб ҳамиша эзгуликка хизмат қилади, жамиятга зиё нурини таратиб яшайди.

Шаҳримиздаги 10-Болалар санъат ва мусиқа мактабида вилоят Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкилланган “Кўнгилли китобсеварлар” кўрик танлови ҳам вилоят адабиёт майдонида ўз сўзи ва ўз овозига эга Тошлоқ ва ёзёвонлик бир гуруҳ китобсевар ёшларнинг ўз иқтидор ва маҳоратларини намойиш этишлари учун яна бир имкон яратди. Танлов давомида улар ўз ижодларидан намуналар ўқиб бердилар ва билимларини синовдан ўтказдилар.

Танловда Тошлоқ туманининг “Парвоз” ҳамда Ёзёвон туманининг “Онажоним, шеърият” адабий тўгараги аъзолари танлов низомида кўрсатиб ўтилган шартлар бўйича ўзаро беллашдилар. Бадият байрамига айланган адабиёт мусобақасида “Жамоа номи ва таркибини таништириш”, ўзбек ва мумтоз адабиёт бўйича викторина саволларига тезкор жавоб бериш, китобхонлик бўйича билимлар синови, баҳру байт айтишуви, китобнинг сеҳрли кучи мавзусидаги видеоролик, ҳамда иштирокчи ижодкорларнинг ижодий салоҳияти синовдан ўтказилди.

— Китоб ўқиётган ёшларни кўрсам ўз-ўзидан севиниб кетаман. Чунки китоб тафаккур ёғдуси. У берилиб китоб мутолла қилаяптими, демак унинг юксак маънавиятга йўғрилган келажаги, ўз оиласи-ю, жамиятда мустаҳкам ўрни бор, — деди вилоят Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, вилоят Маънавият газетаси мухбири, танлов ҳайъати раиси Ойдиной Темирова. Ёшларнинг чинакам адабиёт байрамига айланиб кетган мазкур танловда йигит-қизларимизнинг китобхонлик даражаси ўсиб бораётганлигининг гувоҳи бўлдим. Назаримда ёшларимизнинг китобга бўлган қизиқишлари анчайин ошгандек. Ахир инсонни маънан юксалтирадиган энг буюк неъмат-бу китоб мутолааси-ку!

Ҳамма шартларни мукаммал ва аъло даражада бажарган ҳамда йиғилганлар эътирофига сазовор бўлган таниқли шоира Ўктамхон Солиева бошчилик қилаётган “Онажоним, шеърият ”жамоаси танловнинг кейинги босқичларида навбатдаги жамоалар билан баҳслашиш шарафини қўлга киритди.

Танловда фаол иштирок этган ёшлар вилоят Ёзувчилар уюшмасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ўз мухбиримиз.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube